ДЎСТЛИК ТУМАН ПРОКУРОРИ САМАНДАР РАЗЗОҚОВНИНГ ТУМАН АҲЛИГА МУРОЖААТИ !!!
2025-09-05 12:45:00 / Янгиликлар

Қадрли отахон ва онахонлар !
Азиз ёшлар !
Ҳурматли Дўстлик тумани аҳолиси !
Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович раҳбарлигида “Инсон қадри учун” эзгу ғояси асосида ҳудудларни ижтимоий - иқтисодий ривожлантириш, аҳоли яшаш шароитлари ҳамда маҳаллалар қиёфасини тубдан яхшилаш, аҳолининг муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш, бир сўз билан айтганда, халқни рози қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шуни таъкидлаш жоизки, барча идора ва ташкилотлар ҳамда халқимиз билан биргаликда барча соҳаларда қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Жумладан, амалга оширилган ишлар ва кўрилган чоралар натижасида туманимизда ўтган 8 ой давомида безорилик жиноятлар салмоғи 50 фоиз, фирибгарлик 66,7 фоиз, ўғирлик 85 фоиз, енгил тан жароҳати етказиш 100 фоиз, ўртача оғир тан жароҳати етказиш 100 фоиз, оғир тан жароҳати етказиш 100 фоиз, ҳақорат қилиш 100 фоиз, талончилик
100 фоизга камайишига эришилди.
Бироқ, яратиб берилган имкониятларга қарамасдан айрим шахслар ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш, фуқароларни алдаш ва бошқа воситалар орқали уларнинг мол - мулкини эгаллашга уринишмоқда.
Айниқса, интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда фуқароларга ҳар хир турдаги таъсир ўтказиш орқали ҳисоб рақамларидаги
пул маблағларини эгаллаш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.
Ўтган даврда, туманимизда сўнгги вақтларда авж олаётган кибержиноятлар саломиғи ҳамда ундан жабрланганлар сони ортиб бормоқда.
Бундан ташқари, айрим фуқароларимизнинг бепарволиги оқибатида ўзларига тегишли мол – мулклар, техника воситалари, чорва моллари ёки уй атрофларини қаровсиз қолдиргани оқибатида ўғрилик жиноятлари содир этилишига имконият яратиб бераётгани ҳам айни ҳақиқат.
Муҳтарам Юртбошимиз томонидан оилавий қадриятларни яхшилаш, қўни-қўшни, аҳоли ўртасида ўзаро иноқликни кучайтириш борасида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Ушбу ишларнинг самараси ўлароқ ўтган даврда туманимизда оғир, ўртача оғир ва енгил тан жароҳати етказиш жиноятлари қайд этилмади.
Шунингдек, йўлларда автомашиналар сони кундан - кунга ортиб, ҳайдовчиларнинг масъулиятини оширмоқда.
Бироқ, айрим ҳайдовчилар йўл белгилари, йўл қоидаларига риоя этмасдан ўзбошимчалик билан тезликни оширгани ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ фуқароларга автомашинани бошқаришга ноқонуний рухсат бергани натижасида, жами 8, шу жумладан ўлим билан боғлиқ 4 та йўл - транспорт ҳодисаси содир этилганлиги аянчли, албатта !
Ҳурматли юртдошлар !
Туманимизда масъул идоралар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда қуйидаги янги тадбирларни амалга ошириш йўлга қўйилганини маълум қилмоқчиман.
Жумладан, жиноятларнинг олдини олиш, туманда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича кучайтирилган иш тартиби жорий этилди.
Шу мақсадда, жорий йилнинг 8 ойи давомида маҳаллалардаги аҳоли гавжум жойлар ва кўчаларга юзни ва авторақамни таниб олувчи ҳамда видеокузатув камералари, ўрнатилиб, ушбу ишлар ҳозирда давом эттирилмоқда.
Ярим йилликда маҳаллалардаги кўп қаватли ва якка тартибдаги хонадонлар техник қўриқловига олиниб, кўп қаватли уйларнинг
кириш йўлаклари олдига ташвиш тугмалари ўрнатилди.
Доимий равишда муқаддам судланган, маъмурий назоратда турган ва ажрим ёқасидаги шахсларнинг муаммолари ўрганилиши ҳамда уларнинг
ижтимоий-маиший муаммолари ижобий ҳал этилмоқда.
Натижада, мазкур тадбирлар кирминоген вазиятни
назорат қилиш, содир этилган жиноятлар бўйича шахсларни тезкорлик билан излаб топиш ҳамда жиноятга жазо муқаррарлиги таъминлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Бундан ташқари, содир этилган жиноятларни ҳар куни тезкор таҳлил қилиб, манзилли тадбирларни белгилаш, кунлик сўров ва назорат тизими йўлга қўйилди.
Шу билан биргаликда, тергов сифати янада оширилади, бу жараёнларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилишига йўл қўйилмайди.
Қайси идорада бўлмасин, ҳар бир текширув ҳамда тергов иши прокуратуранинг кундалик ва қатъий назоратида бўлади.
Бундан буён коррупцияга қарши курашиш борасида барча давлат
ва нодавлат тузилмалари, ҳокимликлар, кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқамиз, жамиятнинг барча қатламлари салоҳиятини бирлаштириш йўлидан борамиз.
Жамиятда коррупцияга қарши муросасизлик муҳитини шаклланти-ришнинг барча чораларини кўрамиз.
Азиз туманимиз фуқаролари !
Албатта, туманимизда жиноятчилик ва коррурциянинг олдини олишда, умуман барча соҳаларда қонунийликни таъминлашда, энг аввало, маҳалла аҳли, ёшлар ва нуроний ташкилотлар фаолларига, турли меҳнат жамоаларидаги жонкуяр ва ватанпарвар инсонларга, уларнинг амалий ёрдами ва ҳамкорлигига таянамиз.
Агарда ҳар бир фуқаро туманимизни жиноятдан, коррупциядан ҳоли, тинч ва хавфсиз ўлкага айлантиришга ўз ҳиссасини қўшса, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, биргаликда курашсак кўзланган мақсадга албатта эришамиз.
Қадрли туманимиз аҳолиси !
Жиноятчиликнинг олдини олишда ҳар биримиз хушёрликни оширишимиз, фирибгарлик қурбони бўлиб қолмаслик, шубҳали интернет иловаларига кирмаслик, нотаниш шахсларга ҳисоб рақамлар ва тасдиқлаш кодларини бермаслик, мол - мулкларни қаровсиз қолдирмаслик лозимлиги ҳақида яна бир бор огоҳлантириб ўтмоқчиман.
Қонунларга қатъий риоя этиш, ўзгалар ҳуқуқи, шаъни ва қадр қимматини, мол - мулки дахлсизлигини ҳурмат қилиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, жамиятда юриш - туриш қоидаларига риоя қилиш, ҳам қонуний, ҳам инсоний бурчимиз эканини ҳам доимо ёдда тутишимиз зарур.
Азиз юртдошлар, келинг, барчамиз шу йўлда муҳтарам Президентимизга елкадош бўлиб, қонун устувор, адолат ҳукмрон бўлган жамиятни биргаликда барпо этайлик !
