“Илм – энг буюк шараф”: Дўстликда сўнгги қўнғироқ жаранглади
2025-05-24 10:35:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда анъанага айланган, ҳар бир ўқувчи ҳаётида ўчмас таассурот қолдирадиган сўнгги қўнғироқ – бу нафақат таълимнинг якуни, балки янги ҳаёт босқичига қўйилган илк қадамдир. Дўстлик туманидаги барча умумтаълим мактабларида ҳам бу йил “Илм – энг буюк шараф” шиори остида мазкур тадбир кўтаринки руҳда ўтказилди.
Ушбу маънавий-маърифий тантанада битирувчиларнинг қалбида юксак Ватанпарварлик, келажакка ишонч, устозларга бўлган самимий миннатдорлик туйғулари янгради. Мактаб саҳналарида янграган қўшиқлар, битирувчилар ва кичик синф ўқувчилари ўртасидаги самимий тилаклар, устозлар сўзлари ҳар бир иштирокчида фахр ва ҳаяжон уйғотди.
Туман мактабларида ўтказилган тантанали тадбирлар аввалида Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев мамлакатимиз раҳбарининг битирувчиларга йўллаган самимий табригини ўқиб эшиттирди. Табрик вилоят телевидениеси орқали тўғридан-тўғри намойиш этилди. Ушбу табрикда ёшларнинг келажакда Ватанга садоқатли, замонавий билим ва касб эгалари сифатида камол топишлари йўлида билдирилган тилаклар ҳар бир ёш қалбида эзгу орзуларни уйғотди.
Дўстлик тумани ҳокими Шавкат Дарвишев тумандаги 2-умумтаълим мактабида бўлиб, битирувчиларни байрам билан самимий қутлади, уларга келгусидаги ўқиш ва меҳнат фаолиятида улкан зафарлар тилади. У ўқув йили давомида ўзининг фаоллиги, ютуқлари, намунавий хулқи билан алоҳида ажралиб турган битирувчи ёшларни эсдалик совғалари билан тақдирлади.
Таъкидлаш жоизки, 2024-2025 ўқув йилида туманда жами 750 нафар 11-синф битирувчилар тамомламоқда.
Ўтган 2024 йилда мактабни 723 нафар битирувчилардан 395 (55 %) нафар олий таълим муассаларга ўқишга қабул қилинган бўлсада 328 (45 %) нафари расмий ва норасмий бандлиги таъминланган.
Мактаб битирувчиларидан 6 нафари бу йил фанлар бўйича миллий ва халқаро сертификатлардан В2 даражадаги сертификатларни қўлга киритиб, муддатидан олдин талаба бўлишди.
Дўстлик тумани мактабларида "Илм – энг буюк шараф" шиори остида ўтган бу йилги сўнгги қўнғироқ тадбирлари ҳар бир битирувчига Ватан ва ота-она ишончини оқлаш, келажакда юртимиз равнақи учун муносиб фуқаро бўлиш руҳида катта илҳом ва масъулият бахш этди.





