Қарз шартномаси ва унинг тўғри расмийлаштирилишининг бугунги кундаги аҳамияти
2025-04-17 18:50:00 / Янгиликлар

Қарз муносабатларининг бугунги кундаги аҳамияти шундаки, бугунги бозор муносабатлари, хусусий мулкдорларнинг ривожланишига кенг имконият яратилаётган, тадбиркорлик, кичик бизнес ва ишбилармонликка кенг имкониятлар берилаётган бир шароитида, фуқароларимиз ўртасида қарз муносабатлари кенг тарқалмоқда.
Бирор бир тадбиркорлик ғоясини, иннавацион ғояни, бизнес дастурини бир сўз билан айтганда фойда олишни мақсад қилган фуқаро ўз маблағи етарли бўлмаганида фуқаролардан ёки юридик шахслардан қарз олиб қарз муносабатига киришишига тўғри келади.
Фуқароларимиз бугунги кунда судларга қилаётган аксарият мурожаатларида қарз муносабатлари натижасида бузилган мулкий ҳуқуқларини тиклашни сўрашмоқда.
Бу ўз ўзидан бу тоифа низолари йилдан йилга ошиб бораётганлиги ва бу ўринда қарз муносабатларида низоларни олдини олиш бўйича профилактик чораларга алоҳида эътибор қаратишни тақозо қилмоқда.
Қадимдан буён шариат ва аҳоли орасидаги кенг тарқалган ишбилармонлик одатларига кўра, бировнинг омонатини қайтармаслик гуноҳ саналиб келган.
Суд амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, фуқароларимиз ўртасида қарз муносабатларининг тўғри расмийлаштирилмаслиги, қонун талабларига риоя қилмаслик кейинчалик, фуқароларимизнинг ўз қўллари билан берган маблағларини судма-суд, идорама-идора сарсон-саргардон бўлиб қайтаришларига, айрим ҳолларда берган маблағларини қайтара олмаётганликларига олиб келмоқда. Бу ўринда халқимизда азалдан шаклланиб келган таниш-билишчилик, маҳаллачилик, андишалик, қариндошчилик, ўзаро ишонч каби хислатлар айрим ноинсоф қарздорларнинг қарзларини ўз вақтида қайтармасдан низоли ҳолатларни келтириб чиқаришларига имкон яратмоқда.
Мисол учун даъвогар Валижон Тўхтаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2024 йил 19 апрелда ўзига таниш бўлган жавобгар Бахтиёр Арслоновга (исм-шарифлар ўзгартирилган) 27.000.000 сўм пулларни 2024 йил 27 декабрга қадар қарз эвазига қайтариб бериш шарти билан оғзаки келишувга асосан берган. Аксинча В.Арслонов оғзаки келишув асосида олган пулларини қайтармасдан ундан олмаганлиги ҳақидаги важларини келтирган. Бунинг натижасида В.Тўхтаев судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда В.Арслоновдан ўзига тегишли бўлган 27.000.000 сўм пулларни қайтаришни сўра судга мурожаат қилган, бироқ оғзаки келишувда қарзни 2024 йил 27 декабрь ойига қадар қайтариш белгиланган бўлсада судда В.Тўхтаевнинг келтирган важларида бирор бир далил билан ўз исботини топмаган. Бироқ, унинг судга бирор бир далилни келтира олмаган. Чунки фуқаролик кодексининг 109-моддасида битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди, бироқ низо чиққан тақдирда тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиши белгиланган. Ушбу кодекснинг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади. Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
Шу сабабли суднинг ҳал қилув қарори билан В.Тўхтаев қарз ундириш ҳақидаги даъво талабини муҳокама қилиб, тарафлар ўртасида қарз шартномаси расмийлаштирилмаганлигини, даъвогар келтирлган важларида ва жавобгар судда берган тушунтиришларида тарафлар ўртасида қарз олди бердиси бўйича асосли далиллар тақдим этилмаганлиги сабабли рад этилган.
Бугунги кунда фуқаролар ўртасида шу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида қарз муносабатлари ва унинг қонунчилигимизда расмийлаштириш тартиби ва ҳуқуқий томонларини ёритишда халқимизнинг бу борадаги ҳуқуқий маданиятини оширишимиз келажакда келиб чиқиши мумкин бўлган айрим ҳуқуқий низоларни олдини олсак ўз мақсадимизга эришган бўламиз.
Бироқ, фуқароларимиз асосан қарз шартномаси тузганларида ёзма равишда тузмасликлари оқибатида бузилган ҳуқуқларини судда ҳимоя қилишга қийинчиликларга дучор бўлмоқдалар.
Фўқаролик кодексининг 733-моддасига кўра, қарз шартномасининг оддий ёзма шаклини тузишда қуйидагилар талаб қилинади: биринчидан, бу шартнома фуқаролар орасида тузилиб, унинг миқдори энг кам иш ҳақи миқдорини ўн баробаридан
(3.750.000 сўмдан юқори) кўп бўлса; иккинчидан, агарда қарз берувчи юридик шахс бўлса, у ҳолда қарз суммасидан қатъий назар шартнома ёзма тузилади.
Қарз шартномаси тузилганлигининг ёзма далили сифатида қуйидагилар тақдим қилиниши мумкин: қарз олувчининг тилхати; облигациялар; счет-фактуралар, бухгалтерия учун томонлар тузган бошланғич ҳисобга олиш ҳужжатлари, қарз берилганлигини тасдиқловчи, қарздорнинг қарзни қайтариш муддатини чўзиш ҳақидаги ёзма илтимосномаси, телеграмма, телефакслар, барча иш қоғозлари ва битим тузилганлигини ёзма равишда тасдиқловчи барча нарсалар.
Қонун талабига асосан қарз шартномаси ёзма равишда тузилиб нотариал равишда тасдиқланган тақдирда тузилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Қарз шартномасини бу тартибда тузилиши, нотариус томонидан фуқароларнинг муомала лаёқатининг текширилиши, фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш, шартномада имзо юзасидан, пул ва ашёни аслида берилган берилмаганлигини аниқлашда, шартномани тазйиқ ва бошқа мажбурлаш оқибатида тузилганлигини аниқлаш ва исботлаш, шунингдек бошқа мақсадларни яшириш мақсадида тузилгинлигини аниқлашда катта аҳамиятга эга.
Шунингдек, фуқаролар томонидан битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик, яъни қарз шартномаси фақатгина оғзаки равишда тузилса, унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди, аммо низо чиққан тақдирда тарафлар битим тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.
Бундан ташқари, агар қарздор олган қарзини қайтаришдан бўйин товлаб келаётган бўлсаю, аммо тарафлар ўртасида қарз тўғрисида келишув тузилганлигини тасдиқловчи ёзма далил бўлмаса, қарздор қарзини олганлигидан бўйин товлаб келаётган бўлса, албатта қарздорнинг ҳатти-ҳаракатларида жиноят таркиби бор йўки йўқлигини аниқлаш мақсадида ички ишлар органларига мурожаат этишлари мақсадга мувофиқ. Агарда, ўтказилган суриштирув ва тергов ишларида қарздорнинг қарзни олганлиги ўз тасдиғини топган тақдирда ушбу қарзни ундириш мақсадида фуқаролик тартибида судга мурожаат этишлари фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда ортиқча вақт ва маблағҳ сарфлашларини олди олинарди.
Тилхатнинг ҳуқуқий аҳамияти шундаки, қарз ҳақида келишувдан, яъни ёзма нотариал равишда тасдиқланган шартномадан фарқли равишда фарқли равишда, бир томоннингина ҳоҳиш иродасини ифода этади. Тилхат икки томоннинг ҳоҳиш-иродасини рад этмаган ҳолда, кўпчилик ҳолларда ҳуқуқий муносабатларнинг келиб чиқиш асосини аниқлашга имкон бермайди. Масалан, бирор-бир миқдордаги пулни олганлик ҳақидаги тилхат томонлар ўртасидаги мулкий муносабатларда турли хил ҳуқуқий муносабатларни юзага келтириши мумкин. Тилхат ёрдамида олди-сотди шартномасига кўра олдиндан ёки пудрат шартномаси асосида аванс ўтказилганлигини ёки қарз шартномаси асосида қарз суммасини тасдиқлаш мумкин. Шунинг учун тилхатни баҳолашда, биринчи навбатда томонларнинг ҳоҳиш иродаси қандай ҳуқуқий муносабатларга қаратилганлигини аниқлаш зарур. Қарз шартномаси томонлар орасида юзага келган шартнома ҳуқуқий муносабатларни турини аниқ кўрсатиб беради.
Мусол учун Дилфуза Эргашева (исм-шарифлар ўзгартирилган) судга жавобгар Дурдонва Шарипова (исм-шарифлар ўзгартирилган)га нисбатан қарз ундириш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгар савдо дўконини ўзига сотишга келишиб, аванс тариқасида 2000 АҚШ доллари олгани, ўзига тегишли уйни сотишини айтиб, аванс сифатида 3300 АҚШ доллари олгани, лекин савдо дўконини ва уйни расмийлаштирмасдан, жами 5300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини олиб, қайтариб бермасдан келаётганини кўрсатган. жавобгар томонидан ўзига тегишли бўлган мулкларни сотиш эвазига пул олганлиги ҳақида тилхат ёзиб берган бўлса-да бугунги кунга қадар қайтармасдан келаётганлигини маълум қилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 312-моддасига кўра, мажбурият уни бажаришдан олдин тарафларнинг келишувига мувофиқ ёки бажаришнинг имкони йўқлиги оқибатида (ушбу Кодекснинг 349-моддаси) бекор қилинган тақдирда закалат пули қайтариб берилиши керак. Ушбу кодекснинг 349-моддасига кўра, агар тарафлардан биронтаси ҳам жавоб бермайдиган вазият туфайли мажбуриятни бажариш мумкин бўлмай қолса, у бекор бўлади. Башарти, қарздор мажбуриятни кредиторнинг айбли ҳаракатлари туфайли бажариши мумкин бўлмаса, кредитор ўзининг мажбурият бўйича бажарганларини қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли эмас.
Шу сабабли суд ҳал қилув қарорида тарафлар ўртасида келишилган олди-сотди амалга ошмагани, мажбурият уни бажаришдан олдин тарафларнинг келишувига мувофиқ ёки бажаришнинг имкони йўқлиги оқибатида бекор қилинган тақдирда закалат пули қайтариб берилиши кераклигини инобатга олиб дъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришни лозим топган.
Бундан келиб чиқадики, қарз шартномаси ва қарз олувчининг тилхати айнан бир хил тушунчалар эмас. Қарз шартномаси
бу - томонларнинг қарз ҳуқуқий муносабатларнинг келиб чиқишига қаратилган келишуви. Қарз олувчининг тилхати ва бошқа ҳужжатлар унга маълум бир суммани ёки буюмларни берилишини тасдиқлайди ва оғзаки тузилган шартноманинг ёзма далили бўлиб хизмат қилади. Ҳуқуқни қўллаш ва суд амалиёти ҳам тилхатга оғзаки тузилган шартноманинг ёзма далили деб қарайди. Бу ҳужжатларнинг мазмунига ва расмийлаштирилишига, агарда улар судга ҳавола қилинган тақдирда, суд мажлисида алоҳида эътибор билан қаралади. Чунки айнан шулардангина томонлар ўртасида қарз бўйича ҳуқуқий муносабатлар ўрнатилганлиги келиб чиқади.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, қарз олган шахс қарзини бўлиб-бўлиб ёки бир йўла берган тақдирда ҳам қарз берган шахсдан ёки қонун тили билан айтганда кредитордан берган қарзини кўрсатиб ёзма тилхат олиши лозимлини, шу билан бирга фуқаролар томонидан судга қарз ундириш масаласида судларга қарз ундириш ҳақидаги даъво талаблари билан мурожаат қилганда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 72-моддасига кўра, фуқаролик процессида ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаш мажбурияти тарафларда бўлганлиги сабабли судга мурожаат қилишда албатта ишончга сазовор далиллар ва далилларнинг асл нусхаларини (тилхат ёки шартноманинг асл нусхаси) тақдим этган ҳолда мурожаат қилсалар келгусида низо келиб чиқиш ҳолатларининг олди олишга хизмат қилади.
Ойбек Қодиров,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси
