Меҳнатга ҳақ тўлаш масалалари ва ушбу низоларни олдини олиш йўллари
2025-04-17 18:30:00 / Янгиликлар

Маълумки, ходим ва иш берувчи ўртасидаги тарафларнинг ўзаро ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишув бўлмиш меҳнат шартномасида унга мувофиқ ходим иш берувчининг манфаатини кўзлаб, ушбу келишувда белгиланган меҳнат вазифасини унинг раҳбарлиги ва назорати остида шахсан бажариш, ички меҳнат қоидаларига риоя этиш мажбуриятини, иш берувчи эса ходимга шартлашилган меҳнат вазифаси бўйича иш бериш, ходимга иш ҳақини ўз вақтида ҳамда тўлиқ миқдорда тўлаш, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ва ушбу келишувда назарда тутилган меҳнат шароитларини таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади, яъни меҳнатга ҳақ тўлаш меҳнат муносабатларининг энг асосий шарти ҳисобланиди.
Бироқ айрим ҳолларда иш берувчилар томонидан ходимларга улар томонидан бажарилган меҳнати учун Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси талабларига мувофиқ белгиланган кафолатлар асосида ва ўз вақтида ҳақ тўлмамаслик ҳолатлари кузатилмоқда ва бунинг натижасида судларда меҳнат низолари билан боғлиқ ишлар ортиб бормоқда.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 253-моддасига кўра, ходимларга иш ҳақи тўлаш муддатлари жамоа шартномасида ёки ички ҳужжатда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган муддатларда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Ходимларга ойлик иш ҳақи, қоида тариқасида, ўн олти кундан кўп бўлмаган танаффус билан икки қисмга бўлинган ҳолда (бўнакда ва қолган қисми миқдорида) тўланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан иш ҳақи ойига бир марта тўланадиган ходимларнинг айрим тоифалари белгиланиши мумкин. Иш ҳақи тўланадиган кун дам олиш кунига ёки ишланмайдиган байрам кунига тўғри келиб қолганда иш ҳақи ушбу кунлар арафасида тўланади. Ходимга тегишли бўлган иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши ва миқдори бошқа тўловларни амалга оширишга ҳамда уларнинг навбатига боғлиқ қилиб қўйилмаслиги керак. Иш берувчи ходимнинг сўровига кўра уни иш берувчи томонидан ходимнинг иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиш чоғида амалга оширилган ҳисоблашлар ва ушлаб қолишлар тўғрисида хабардор қилиши шарт. Иш берувчи иш ҳақини тўлаш кечиктирилганлиги учун ходим олдида ушбу Кодекснинг 333-моддасида белгиланган миқдорда моддий жавобгар бўлиши белгиланган.
Шунингдек, ушбу Кодекснинг 254-моддасига асосан, меҳнат шартномаси бекор қилинганда иш берувчидан ходимга берилиши керак бўлган барча суммаларни тўлаш ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган куни амалга оширилади. Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаган бўлса, тегишли суммалар ушбу ходим томонидан ҳисоб-китоб қилиш тўғрисидаги талаб тақдим этилганидан кейин уч кундан кечиктирмай тўланиши керак. Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга тегишли бўлган суммалар миқдорлари тўғрисида низо чиққан тақдирда, иш берувчи ходимга шак-шубҳасиз тегадиган суммани ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддатда тўлаши шарт. Ички ҳужжатларда назарда тутилган ҳолларда ходим, агар у ҳатто мукофот тўланаётган пайтда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларда бўлмаса ҳам, бир йилдаги иш якунларига кўра мукофот олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Акс ҳолда. иш берувчилар томонидан мазкур талабларнинг бузилиши уларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддасида назарда тутилган мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун уларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш билан боғлиқ оқибатлар келтириб чиқаради.
Бундан кўринадики, ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари, яъни бажарган меҳнатлари учун белгиланган муддатларда ҳақ олишга оид ҳуқуқлари қонун билан кафолатланган бўлиб, иш берувчилар томонидан ўз мажбуриятларини ўз вақтида бажаришлари ушбу тоифадаги низоларнинг олди олинишига омил бўлади.
Зеро, муҳтарам Президентимиз такидлаганидек ”Ҳар бир инсоннинг дарду ташвиши билан яшаш энг асосий вазифамиз бўлмоғи лозим” – деган шиорга амал қилиб, ўз вазифаларимизни виждонан бажариш ва бу билан Янги Ўзбекистонимизнинг равнақига ўз ҳиссамизни қўшиш барчамизнинг энг асосий бурчимиздир.
Ботир Иноятов,
Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг судьяси
