Жиззахда ижтимоий ҳимоя соҳаси бўйича медиа-тур ва матбуот анжумани ташкил этилди
2025-03-15 08:50:00 / Янгиликлар
2025-йил 14-март куни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси томонидан маҳаллий, ҳудудий оммавий ахборот воситалари (ОАВ) вакиллари учун медиа-тур ҳамда “Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Жиззах вилояти бошқармасида 2024-йилда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирнинг асосий мақсади – соҳага оид амалга оширилаётган ишлар билан ОАВ вакилларини яқиндан таништириш, тизимдаги янгиликлар ва истиқболли режалар ҳақида батафсил маълумот беришдан иборат бўлди.
Медиа-тур давомида ОАВ вакиллари қуйидаги масканлар фаолияти билан танишдилар:
Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази – бу ерда болаларга ҳуқуқий маслаҳат бериш, психологик қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими билан танишилди.
32-сон махсус интернат мактабида ташкил этилган “Ғамхўрлик гуруҳи” – махсус эҳтиёжга эга болалар билан ишлаш, уларга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ривожланишига кўмаклашиш борасидаги фаолият тақдим этилди.
Шаҳар “Нуронийлар” маскани – бу ерда кексалар учун ташкил этилган соғломлаштириш маркази, маънавий-маърифий машғулотлар ва фаол ҳаёт тарзини қўллаб-қувватлашга қаратилган махсус дарслар ҳақида маълумот берилди.
Дўстлик туманидаги спорт мактаблари – бу ерда ногиронлиги бўлган шахслар (НБШ) учун адаптив спорт турларини ривожлантириш, уларнинг спорт машғулотларида иштирок этиши ва жисмоний ривожланишига қўшилаётган ҳиссага эътибор қаратилди.
Дўстлик тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази – марказ томонидан аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар, ёрдам ва реабилитация жараёнлари билан яқиндан танишилди.
Медиа-тур якунида, Дўстлик тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фаоллар залида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда “Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Жиззах вилояти бошқармасида 2024-йилда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар” мавзуси муҳокама қилинди. Журналист ва блогерлар соҳа бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга мутасадди раҳбарлар томонидан батафсил жавоблар берилди.
Ушбу тадбир Жиззах вилояти ижтимоий ҳимоя тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни ёритиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Келгусида ҳам ижтимоий ҳимоя соҳасида ОАВ вакиллари билан яқин ҳамкорлик давом эттирилиши режалаштирилган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси Ахборот хизмати
