Қутуриш касаллиги
2025-03-14 08:30:00 / Янгиликлар

Қутуриш касаллиги инсонлар ва ҳайвонларга хос, ўткир ўтувчи юқумли касаллик бўлиб, марказий асаб тизимининг зарарланиши, фалажланишлар билан таърифланади. Қутуриш касаллигининг одамлар учун ниҳоятда хавфлилиги, унга қарши даволаш усулларининг йўқлиги бу касалликнинг ижтимоий аҳамиятини белгилайди.
Қутуриш касаллиги қадим замонлардан маълум бўлган. Масалан, Одамларда қутуриш касаллиги итларнинг тишлаши натижасида келиб чиқишини биринчи марта Аристотель аниқлаган, бу касалликни Рим шифокори Корнелий Целъц (эрамизнинг биринчи асрида) сувдан қўрқиш ёки ҳаводан қўрқиш касаллиги номи билан адабиётларда маълумотлар қолдирган. Машҳур француз олими Луи Пастер 19- асрда қутуришга қарши вакцина ишлаб чиқарилиб эмлашни амалда жорий этган.
Бу касаллик дунёнинг кўпгина давлатларида учраб туради, Ўзбекистон ҳудудларида одам ва ҳайвонларнинг касаллик вируси билан зарарланиш манбаи ва ўчоғи асосан тоғлик, тоғ олди ва чўл ҳудудларда жойлашганлигидан табиий манбаи доимо қутириш касаллигини хавфини туғдиради. Бунинг асосий сабаблари қаровсиз (дайди) итлар ва йиртқич ҳайвонлар (бўрилар, тулкилар, чиябўрилар) ҳисобланади. Қутуриш вирусининг табиатдаги барқарорлигини фақатгина ёввойи ҳайвонлар билан чекланмайди. Вируснинг бир ҳайвондан иккинчисига ўтишида ёввойи ҳайвонлардан ташқари кемирувчилар иштирок этади. Ушбу вируснинг табиатда занжир учун зарур бўлган барча тур ёввойи, уй ва қишлоқ хўжалик ҳайвонлари ҳамда кемирувчилар мавжудлигидир. Шунинг учун ҳам қутуриш касаллигига қарши курашиш ўзига хос мураккаб қийинчиликларни туғдиради.
Касалланган ҳайвонлар касаллик манбаи бўлиб вирусни сўлаги орқали ташқи муҳитга чиқаради. Касаллик соғ ҳайвонга (одамларга) асосан касал ҳайвон тишлаши туфайли юқади, бундан ташқари вирус (сўлак) тирналган жойлар, тери, кўз, бурун шиллиқ пардасига тушганда, ит ёки мушуклар ялаганда ёки уларни парвариш қилганда ҳам юқуши мумкин.
Ит тишлаган ҳамма одам ёки ҳайвонлар касалланавермайди, чунки ит қопганда сўлагидаги вирус кийимларда қолиб, қонга ўтмаслиги ёки ит тишлаган жойдан кўп қон оқиб, вирус у билан ювилиб кетиши мумкин. Касал ҳайвон томонидан чуқур тишлаганда шунингдек бош қисмидаги етказилган жароҳатларда ҳавфлилик даражаси жуда юқори бўлади. Шунинг учун хар бир киши қутурган ёки касаллик белгилари пайдо бўлмаган ит ва мушуклардан жабрланганда қисқа муддатда тиббиёт ходимларига хабар қилишлари зарур, етказилган жароҳат ёки шилинган жойни биринчи тиббий ёрдам сифатида (фуқаро) хўжалик совунида, калий перманганат(маргансовка) эритмаси билан яхшилаб қайта қайта ювиш, кейин жарохат ёки шилинган жойни йод ёки спирт билан тозалаш лозим.
Касалликнинг яширин даври 7-10 кундан 3-8 ҳафтагача базан бир йилгача давом этиши мумкин бу одамлар ва ҳайвонлар ёшига, тишлаган жойига, вируснинг вирулентлигига(фаоллигига) боғлиқ бўлади. Касалликнинг қўзғатувчиси тишланган жойда оз муддат сақланиб мослашади ва кейинчалик асаб толалари орқали бош мияга қараб ҳаракат қилади, бош мияга келган вируслар кўпайиб бош мияда чуқур ўзгаришларини келтириб чиқаради, Бош мияда кўпайган вируслар асаб толалари орқали ички аъзолар жумладан сўлак безларига ўтади шу сабабли қутурган ҳайвоннинг сўлагида вирус кўп бўлади, шунингдек юрак мускулларида, ўпкада, шиллиқ пардаларда чуқур ўзгаришлар, қон қуйилишларга олиб келади.
Қутуриш касаллигининг қўзғатувчиси ташқи муҳитда узоқ сақлана олмайди дезинфекцияловчи моддалар таъсирида 5-10 дақиқада, қайнатилганда 2 дақиқа давомида ҳалок бўлади, қуритилганда ва паст ҳароратда узоқ вақт тирик сақланади.
Касалликнинг кечиши тинч, қўзғалиш, фалажланиш белгилари билан ўтади дастлаб итнинг ҳулқи ўзгаради, ташқи таьсуротларга бефарқ бўлиб, ёт жисмлар (тахта, ўт, тош, шиша парчалари)ни, ўзининг тезаги ва сийдигини тишлаши ва ютиши кузатилади, безовталаниб жуда кўп(узоқ) юради, овози бўғилиб сабабсиз ҳуради, 1-2 кун ўтгач безовталик кучаяди ва касалликка хос бўлган белгилар касалланган ҳайвон йўлида тўғри келган одам ва ҳайвонларга ташланади ва ҳатто эгасини ҳам танимайди, сувдан қўрқади, оғзидан кўп миқдорда сўлак оқиши, жағи ва тили осилиб кўзлари қизариб қийшайиши кузатилади, 3-4 кун ўтгач оёғи, жағи, кўзи, тили фалажланади натижада юра олмайди, ва касалланган ҳайвон нобуд бўлади.
Қорамолларда касалликнинг белгилари дастлаб ҳаракатчан бўлиб, арқонни узишга уринади, шохларини атрофдаги нарсаларга уради ва атрофдаги кишиларга ташланади, кўзлари алағзираб кўз шиллиқ пардалари қизаради, оғзидан сўлак оқади, зарарланган териси қичийди, кавш қайтариши сусайиб, улар кучанади лекин тезаги келмайди 3-6 кунда ҳайвон ўлади.
Касалликнинг олдини олиш ва қарши курашишда итларни қутуришга қарши эмлаш жуда муҳим аҳамиятга эга бўлиб ҳар йили режали равишда ветеринария ходимлари томонидан аҳоли итлари профилактик эмланади ва хар бир эмланган ит рўйхатга олиниб эмланганлиги тўғрисида гувоҳномаларига қайд қилинади, итларни рўйхатга олиш гувоҳномаси худудий ветеринария бўлимлари томонидан берилади ва бу гувоҳнома итларнинг эмланганлигини тасдиқловчи хужжат ҳисобланади, одам ва ҳайвонларни тишлаган ҳайвонларни касалликка диагноз қўйиш учун 10 кунлик назоратга олинади, касалланган ҳайвонлар ўлигини куйдириб йўқотилади, қутурган ҳайвонлар сақланган жойларда дезинфекция қилинади ва аҳоли орасида тушинтириш ишлари олиб борилади, дайди ва қаровсиз ҳайвонлар ҳудудий ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимлари томонидан йўқ қилинади.
Қутуриш касаллигининг олдини олишда итлар ва мушуклар эгалари қуйидаги мажбуриятларни бажаришлари лозим бўлади.
-Фуқаролар ҳар йили ўзларига тегишли итларни яшаш жойлари ҳудудидаги ветеринария бўлимига рўйхатдан ўтказиш ва қутуриш касаллигига қарши профилактик эмлаш учун олиб боришлари, агарда итни сотиб олганда ёки яшаш жойига кўчиб келган ҳолларда итни 1 ҳафта муддатда рўйхатдан ўтказилиши шарт.
-Ит ёки мушук одамларни ёки ҳайвонларни тишлаганда, қутуриш касаллигига чалинганлиги ҳақидаги ҳар бир шубҳаланишда уни дарҳол ветеринария ва тиббиёт ходимларига хабар қилишлари, тишлаган итни текшириш ва 10 кун муддатда ажратиб қўйиш учун зарурий чоралар кўришлари. итлар ўлган тақдирда давлат ветеринария бўлимига, яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига хабар бериш ҳамда ўлган итнинг жасадини ташлаб юбормаслик, уни итни рўйхатга олиш гувоҳномасини илова қилган ҳолда туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайавонларни тутиш бўлимларига топшириш шарт.
-Атрофдаги одамларнинг ҳафвсизлигини таъминлайдиган зарур чораларни кўриш, итлар ва мушукларнинг умумфойдаланишдаги жойларни (кириш жойларини, зинапоя, майдончаларини, йўлакларни, болалар майдончаларини, кўкаламзорлаштирилган ва ободонлаштирилган ҳудудларни ва ҳокозаларни) ифлос қилишга йўл қўймаслик шарт.
- Ёввойи ҳайвон, эмланмаган ит ва мушукларни, чорва моллари сақланадиган жойларга киришини олдини олишлари шарт.
-Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли давлат ветеринария бўлимларига итларни қутуришга қарши ўз вақтида вакцинация қилиш учун ит сақлайдиган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни маълум қилишлари, ўлган ва дайди итлар ҳамда мушуклар аниқланганда бу ҳақда шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармаларига, ҳайвонлар қутурганлигига шубҳаланганида эса қисқа муддатларда ҳудудий давлат ветеринария бўлимларига ва соғлиқни сақлаш органларига хабар қилиллари лозим.
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтганимизда ҳар бир фуқаро, ўз ўзини бошқариш органлари, ветеринария ва тиббиёт ходимлари огоҳ бўлишимиз ва ҳамкорликда бу касалликка қарши кураш чораларини олиб боришимиз лозим.
Ш. Орипов,
Туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи
