КУЙДИРГИ КАСАЛЛИГИ
2025-03-14 08:05:00 / Янгиликлар

Куйдирги касаллиги–одамлар ва ҳайвонларга мансуб ўта ҳавфли юқумли касалликлар гуруҳига кириб, организмнинг умумий заҳарланиш ҳолати, безгак тутиши ҳамда тери, ўпка ва ичаклар зарарланиши билан таърифланадиган инфекцион касалликдир. Куйдирги касаллиги билан барча турдаги қишлоқ хўжалик, ёввойи ва уй ҳайвонлари ҳамда одамлар касалланади.
Куйдирги қадим замонлардан бери маълум бўлган касалликдир. Адабиётларда маълум бўлишича Абу Али ибн Сино, Гиппократ, Гомер, уни хайвонлардан одамларга юқадиган касаллик деб таърифлашган. 1789 йил рус олими С.Андреевский томонидан кўп тарқалган язвали касалликнинг, инсонлар ва ҳайвонларга юқиши исботланиб, бу касалликни даволаш ва профилактикасини ишлаб чиқиб “Сибирская язва” (сибир яраси) деб аташни тавсия этган.
Касаллик дунёнинг кўп давлатларида қайд этилган, Ўзбекистоннинг турли вилоятларида спорадик шаклда учрайди.
Куйдирги касаллигини қўзғатувчиси “Bacillus antrax” аэроб ҳаракатсиз таёқча ташқи шароитда капсула ва спора ҳосил қилиш хусусиятига эга ва физик ҳамда кимёвий таъсирларга ўта чидамли бўлиб тупроқда бир неча ўн йиллар мобайнида сақланиб қолади.
Куйдирги касаллигининг манбаи асосан касалланган ҳайвонлар ва касаллик ўчоғи ҳисобланади. касалланган ҳайвонлар куйдирги қўзғатувчисини сўлакги, сийдиги ва нажазидан ажралиб тупрок, ем-хашак, яйлов, сув хавзаси ва бошка ерларни ифлослантиради..
Куйдирги касаллигига кўпроқ қорамол, қўй, эчки, от ва туялар мойил, чўчқалар, ёввойи ҳайвонлар ҳам касалланади.
Одамларга касаллик асосан куйдирги касаллиги билан касалланган хайвонни парвариш қилган вақтида, ветеринария хизмати ходимлари куригидан утмаган хайвонларни суйиб, терисини шилганда, гўштини нимталаб, яхши термик ишлов бермасдан истеъмол килганда юқиши мумкин, Куйдирги касаллигидан ўлган ҳайвон териси ва жунидан тайёрланган ҳар хил мўйна буюмлар орқали ҳам касаллик юқиши мумкин. Ҳайвон терисидан тайёрланган пальто, гилам хатто совун суриладиган чўтка орқали ҳам юқади. Куйдирги касаллигидан асосан чўпон, ветеринария ходимлари, қушхона, тери завод ишчилари, эски туски қабул қиладиган пункт ходимларида эхтиёт бўлишлари керак.
Куйдирги касаллиги баҳор, куз фаслларида кўпроқ учрайди бу фаслларда ҳайвонлар кўпроқ яйловда боқилиб, ўт ва тупроқ билан куйдирги микроби организмга тушуши мумкин, бошқа ҳолларда микроб сувдан, нафас йўллари, шилинган тери меда ичак шиллиқ пардалари ва ҳаво йўллари орқали ўтади. Куйдиргига шубҳа қилинган ўлган ҳайвонларни сўйиш, қатъиян ман этилади. Куйдирги касаллигидан ўлган ҳайвонларнинг жасади кўздан кечирилганда белгиларига аҳамият берилади, жасад шишиб кетади, қотмайди, табиий тешиклардан қон ажратмаси чиқиб туради, қон қорамтир бўлиб ивимайди, қон қуйилган бўлади. Куйдирги касаллигидан молхонада ёки яйловда ўлган бўлса, биринчи навбатда ветеринария ходимларига мурожаат этишлари карак, жасадни жойида куйдириб йўқ қилинади жасад жойи дезинфекция қилиниб бетонланади, атрофи панжара билан ўралиб доимий назоратга олинади.
Куйдирги билан касалланган ҳайвонларда тана ҳароратининг кўтарилиши пулъс ва нафас олишнинг тезлашиши, шиллиқ пардаларда яралар, қорин дамлаши, ҳиқилдоқ ҳамда томоқларида шиш пайдо бўлиши отларда санчиқ кузатилади, бўғоз ҳайвонларда бола ташалаши мумкин касаллик 2-3 кун давом этади. Ярим ўткир шаклда клиник белгилари билан намаён бўлади. Сурункали шаклда ҳайвон тез ариқлайди. Томоқ орқаси линфа тугунлари зарарланиши билан намоён бўлади. Касаллик ўткир ва ярим ўткир кечишида тананинг бошқа қисмлари тери ва тери ости клетчаткасида қаттиқ оғриқли шиш пайдо бўлади хамирсимон совуқ оғриқсиз дўнгча кўринишини олади ва шу жойда яра пайдо бўлади. Ошқозон ичак йўл фаолияти бузилади. Ўпка шакли ўткир шишади, ютиш ва нафас олиш қийинлашади ва йўтал пайдо бўлади. Баъзан чўқаларда касаллик белгилари намоён бўлмайди, ҳайвон сўйилгандан кейин аниқлади. Талоқ 3-4 баравар катталашади.
Касалликнинг олдини олиш учун қуйидагиларга амал қилиш шарт:
- чорвачилик фермалари, қушхоналар, жун, тери, гўшт, сутни қайта ишлаш корхоналари иш жараёнида ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилишлари, ҳар йили чорва моллари эмланиши ва ветеринария ходимлари назоратида бўлишлари лозим;
- мол бозоридан сотиб олинадиган қорамоллар ветеринария хизмати ходимлари томонидан назорат ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотномаси бўлиши шарт;
- ветеринария назоратидан ўтмаган гўшт ва сут маҳсулотларини истеъмол қилмаслик шарт;
- касаллик аломатлари пайдо бўлганда ўзбошимчалик билан даволанмасдан зудлик билан шифокорларга мурожаат қилиш шарт.
Хулоса қилиб айтганда, касалликнинг олдини олишда чорва молларини хар йили профилактик эмлаш муҳим аҳамиятга эга чунки касаллик микроблари тупроқда бир неча ўн йиллаб сақланиб қолиши доимо касаллик пайдо бўлиши хавфини туғдиради.
Ш. Орипов,
Туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи
