Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ
2025-02-22 08:20:00 / Янгиликлар

21 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Ялпи мажлиснинг иккинчи иш куни сенаторлар томонидан дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқишдан бошланди.
Мамлакатимизда чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари сифатини яхшилашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бироқ бугунги кунда ушбу соҳада кўрсатилган хизматлар учун тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилмаслиги натижасида дебитор қарздорлик кескин ошиб бормоқда. Маълумотларга кўра тизимда 600 миллиард сўмлик дебитор қарздорлик тўпланиб қолган.
Натижада бундай ҳолат тармоққа тегишли ташкилотларнинг асосий фондларини янгилаш ва хизматлар сифатини оширишга инвестиция киритишга, соҳага тадбиркорлик субъектлари ва хусусий сектор вакилларини кенг жалб қилишга тўсиқ бўлмоқда.
Шу вақтга қадар ўз вақтида тўлов қилмаган абонентга нисбатан таъсир чоралари фақатгина суд тартибида амалга оширилар ва у узоқ давом этадиган жараён ҳисобланар эди.
Ушбу қонун билан Фуқаролик ва Уй-жой кодекслари, “Рақобат тўғрисида”ги ва “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Унга кўра эндиликда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчиларга қисқа хабар (sms) юборилади. Шундан сўнг, мазкур қарздорлик бартараф этилгунига қадар истеъмолчидан электр энергияси учун тўловларни қабул қилиш вақтинчалик чекланади. Бунда хизмат кўрсатувчи тузилмалар тўловларни ҳисоб-китоб қилишнинг ишончли ҳамда тўғрилигини таъминлашга масъул бўлиши белгиланмоқда.
Қонунга кўра қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчилар уни бартараф этса, электр энергияси учун тўловлардаги вақтинчалик чеклашлар автоматик равишда бекор қилинади.
Қонуннинг қабул қилиниши чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш, хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг асосий фондларини янгилаш ва хизматлар сифатини яхшилаш, ушбу соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра “Донорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Шунинг баробарида республика аҳолиси орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур қонун билан бир қатор янгиликлар жорий этилмоқда. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган шахс учун бир йўла бериладиган пул мукофоти базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 15 баравари этиб мустаҳкамланмоқда (муқаддам БҲМнинг 5 баравари миқдорида бўлган).
Ушбу кўкрак нишони билан тақдирланган донорларга ўзлари учун қулай бўлган вақтда ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш, шаҳар йўловчилар транспортидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш, санаторий-курортларда даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш ҳуқуқиберилиши белгилаб қўйилмоқда.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўз ваколатлари доирасида аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини шакллантириш, уни кенг жамоатчилик иштирокида ривожлантириш, донорларга сифатли хизматлар кўрсатиш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чораларини кўришкаби вазифалар юклатилмоқда.
Ушбу қонун донорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришнинг қўшимча ҳуқуқий асосларини яратиш орқали аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шу билан бирга, ялпи мажлисда “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонундаги нормалар оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қайта шу каби тазйиққа учраш ҳолатларининг олдини олиш, турар жойга мажбурий тарзда киритиш билан боғлиқ масалаларни тартибга солади.
Амалдаги қонунчиликка кўра оиладаги тазйиқ ва зўравонлик сабаб судга ариза билан мурожаат қилинганда суд эр-хотинни яраштириш учун муайян муҳлат беради.
Афсуски, ушбу берилган муҳлат ичида оилавий низо ва жанжаллар қайта содир этилиши аёлларнинг ўз жонига қасд қилишига, етказилган тан-жароҳатлари эса уларнинг бевақт ўлимига сабаб бўлмоқда.
Қонун билан амалиётга жорий этилиши кутилаётган нормаларга асосан суд ишни кўришни кейинга қолдирмай ўз вақтида қарор қабул қилади, бу низоли оилаларда мунтазам зўравонлик ҳолатлари ва оғир жиноятлар содир этилишининг олдини олади.
Хусусан, оилавий зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра суд томонидан ярашиш учун муҳлат тайинламаслик назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, мазкур қонунга кўра, турар жойдан фойдаланиш ҳақидаги низолар кўриб чиқилаётганда суд тарафларнинг келишувига асосан мулкдорнинг ташаббуси билан турар жойга мажбурий тартибда киритилаётган тарафни мулкдорга тегишли мутаносиб шароитларга эга бўлган бошқа турар жойга киритиш ёки ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини мулкдорнинг зиммасига юклатиши мумкин.
Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши оилавий (маиший) зўравонлик жиноятидан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кучайтиришга, шунингдек, хотин-қизларнинг фаоллигини оширишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, сенаторлар томонидан “Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати биланЎзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда судлов фаолиятини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан судларга мурожаат қилиш жараёнларини либераллаштирмоқда.
Шунингдек, бу соҳадаги ислоҳотлар одил судловга эришиш даражасини ошириш билан бирга судлар фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш имконини бермоқда.
Мажлисда сенаторлар томонидан бугунги кунда видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш орқали процессуал қонунчиликни такомиллаштириш зарурияти мавжудлиги қайд этилди.
Муҳокама қилинган қонунда Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига аҳолининг суд муҳокамаларида масофадан иштирок этишининг ҳуқуқий асосларини яратувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Хусусан, Фуқаролик процессуал кодексида видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида масофадан иштирок этаётган гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги, шунингдек, гувоҳнинг қасамёди аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилиши, бу ҳақида суд мажлиси баённомасида кўрсатилиши кераклиги белгиланмоқда.
Ушбу қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, уларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар учун масофали видео-учрашувлар ўтказиш имкониятини яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Ўтган саккиз йилда озодликдан маҳрум этиш муассасаларида сақланаётган ёки жазо муддатини ўтаб чиққан шахсларга нисбатан муносабат бутунлай ўзгарди. Маҳкумларни сақлаш шароитлари халқаро стандартларга мослаштирилмоқда ва ҳуқуқлари кенгайтирилмоқда.
Айни кунларда мамлакатимиздаги жазони ижро этиш муассасаларида 30 мингдан ортиқ маҳкумлар бор. Амалдаги қонунчиликка кўра ҳар бир маҳкумнинг 3 кишигача бўлган яқинлари, яъни икки нафар катталар ва бир нафар вояга етмаган шахс йилда 6 маротаба маҳкум билан узоқ муддатлик (1 суткадан 3 суткагача) учрашиш ҳуқуқига эга. Эътиборли жиҳати, 2020 йилгача ушбу учрашувлар сони 4 маротаба эди холос.
Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган маҳкумларнинг олдига яқин қариндошлари ҳар доим ҳам келишга имкон топа олмайди. Қолаверса, маҳкумнинг яқинлари йўлнинг ўзига 2-3 суткалаб вақт йўқотади ва бу харажатлар қимматга тушиши айни ҳақиқат. Шуни ҳам қайд этиш жоизки, учрашувларга маҳкумнинг барча яқинларини олиб боришнинг имкони йўқ.
Ўз навбатида, маҳкумларнинг оиласи ва жамиятдан узилиб қолишини олдини олиш, қонунга итоаткор хулқ-атворни шакллантириш мақсадида соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш устида иш олиб борилмоқда.
Жумладан, айнан сенаторлар муҳокама қилган мазкур қонун маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг яқин қариндошлари билан масофадан туриб видео-учрашувлар ўтказиши учун имконият яратади.
Қонун билан Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ихтиёрига кўра, телефон орқали сўзлашув ҳуқуқидан фойдаланиш билан бир қаторда масофали видео-учрашувларини ташкил этишга қаратилган нормалар киритилмоқда.
Жумладан, эндиликда қонун билан масофали видео-учрашувлар қўшимча ҳуқуқ доирасидан асосий ҳуқуқ доирасига ўтказилмоқда. Уларнинг сони жазони ижро этиш муассасаси тартибидан келиб чиқиб, телефон орқали сўзлашувлари сони билан тенглаштирилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши маҳкумлар билан олиб борилаётган тарбиявий ишлар самарадорлигига, жазони ижро этиш тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллашга, давлатимизнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро ҳамжамият олдидаги нуфузининг ошишига ҳамда халқаро рейтинглардаги ўрни янада яхши бўлишига хизмат қилади.
Муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Бундан ташқари, сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Жаҳонда юз бераётган нотинчлик, оммавий тартибсизликлар ва кескинликлар давлатлар тинчлигига путур етказиб, халқларнинг ўзаро дўстлиги ҳамда осойишталигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Айрим жиноий гуруҳлар эса қонунчиликдаги бўшлиқлардан фойдаланган ҳолда оммавий тартибсизликларни молиялаштириш ҳамда уларни ташкил этиш учун махсус тайёрланган шахсларни жалб этиш билан шуғулланиб келмоқда.
Жиноят кодексининг 244-моддасида оммавий тартибсизликлар ташкил қилганлик, уларда фаол қатнашганлик ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Бироқ Кодекс билан оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтганлик, жумладан, қурол-яроғ, портловчи, атрофдагилар учун хавф туғдирадиган бошқа буюмлар билан муомала қилишни ўрганганлик ҳамда оммавий тартибсизликларни ташкил қилиш фаолиятини молиялаштирганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган.
Юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш учун юқорида қайд этилган бўшлиқни тўлдириш ҳамда жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш мақсадида мазкур қонун ишлаб чиқилган.
Жумладан, Жиноят кодекси 244-моддасининг учинчи қисмида оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтганлик ҳамда худди шу модданинг тўртинчи қисмида ушбу ҳаракатларни молиялаштирганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Қонун мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, уюшган жиноятчиликка қарши самарали курашиш ҳамда жиноятларни профилактика қилиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда капитал ва суғурта бозорларини, шунингдек, электрон тижорат соҳасини янада такомиллаштириш, лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш, уларни ўтказишдаги шаффофликни таъминлаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга рақамли технологиялар ва электрон тўловларнинг барча соҳаларга жадал равишда жорий этилиши аҳоли ўртасида таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинларнинг тарқалишига олиб келди.
Бунда Интернет жаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаганлиги, фуқароларнинг ушбу ўйинларга қизиқиши хорижий ва ноқонуний сервислардан фаол фойдаланишга сабаб бўлмоқда.
Шу боис мазкур қонун билан республикамизнинг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, акциядорларнинг дивидендлар тўланишига доир ҳуқуқлари мустаҳкамланиб, акциядорлик жамиятлари ходимларига акцияларни сотиб олиш учун имтиёзли ҳуқуқ берилади.
Акциядорлик жамиятларида веб-сайтлар мавжуд бўлишининг мажбурийлиги тўғрисидаги ва улар томонидан ахборотнинг ошкор этилиши борасида қўйилган талаблар соддалаштирилади.
Шунингдек, лотереялар ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ўтказиш тартиби аниқлаштирилади.
Хусусан, фонд биржаларининг фаолиятини тартибга солиш Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг зиммасига юклатилмоқда. Эндиликда мазкур ташкилот электрон тижорат соҳасида, лотереялар ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш фаолиятини лицензиялаш соҳасида ваколатли орган этиб белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши капитал ва суғурта бозорларини, электрон тижорат соҳаси, лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни тартибга солиш ҳамда мазкур соҳаларда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Муҳокамадан сўнг мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўртинчи ялпи мажлисининг иккинчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати
