КАФИЛ БЎЛИШ ОСОН, ЖАВОБГАРЛИКЧИ ?
2025-02-19 18:40:00 / Янгиликлар
Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакат иқтсодиётини янада яхшилаш, аҳоли турмуш тарзини ошириш, камбағалликни қисқартириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳар бир оила тадбиркор дастурлари асосида кам таъминланган оилалар, фуқароларга кредит маблағлари ажратилиб, улардан мақсадли фойдаланиб, яшаш шароитини яхшилаган оилалар сони тобора ортиб бормоқда.
Бундай имкониятдан ғараз мақсадларда фойдаланиб, кредит маблағини бошқа эхтиёжларга ишлатиб юбориб, кредит олишда кафил бўлган бошқаларни ҳам ташвишга қўйаётган фуқаролар ҳам учраб турибди.
Кейинги вақтларда кредит олишда кафил бўлган фуқаролардан кредит олувчи фуқаро кредитни тўлашни ҳеч қачон унга қолдирмаслик, уни ўз вақтида тўлаб бориши каби вадалар бериб, кредит маблағини олганидан сўнг уни тўламаслик, айрим ҳолларда бир давлат ташкилотида ишловчи ходим бир неча банкдан кредит олиб, унга бирга ишловчи ҳамкасбларини кафил бўлишига эришганлиги, натижада кредит тўловларини кафил тўлаб келаётганлиги, базида шу кафиллик натижасида оилалар бузилиш ёқасига келиб қолганлигини ҳам тез-тез эшитиб қоламиз.
Ушбу мақола орқали аслида кафиллик нима, уни жавобгарлик доираси қандай деган саволларга жавоб берамиз.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 259-моддасига кўра, мажбуриятнинг бажарилиши кафиллик ҳамда қонунчилик ёки шартномада назарда тутилган бошқача усуллар билан таъминланиши мумкин.
Мазкур кодекснинг 292-моддасига кўра, кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади. Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кафиллик шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади.
Суд амалиётида кўпинча банк кредитларини олишда кафиллик шартномалари тузиш ва кафиллик мажбуриятини олиш ҳолатлари учрайди.
Одатда кафил маълум бир даромадга эга бўлшан шахс бўлиб, келгусида қарздор банкдан олган кредити ёки бошқа мажбуриятини бажармаганда, кафил у билан бирга тенг равишда жавоб беради.
Энди суд амалиёти бўйича қуйидаги мисолга эътиборингизни қаратмоқчимиз.
Даъвогар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси АТБ “Микрокредитбанк” манфаатида жавобгар Г.О ва Д.Б ларга нисбатан кредит қарзини солидар тартибда ундириш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Даъво талабининг асоси сифатида жавобгар кредит тўловларини ўз вақтида тўлаш мажбуриятини олганлиги, лекин шартномавий мажбуриятини бажармасдан, келишувни жиддий равишда бузиб, кредит ва уни фоизини узоқ вақтдан буён тўламасдан келаётганлигини кўрсатган.
Иш материалларига кўра, АТБ “Микрокредитбанк” Жиззах филиали ва Г.О ўртасида 2023 йил 09 мартда 3225-сонли кредит шартномаси тузилган.
Мазкур шартномага кўра, банк Г.О га 3 йил муддатга 14 фоиз устама тўлаш шарти билан асаларичиликни ривожлантириш учун 35.000.000 сўм миқдорда кредит маблағи ажратилган.
Кредитни таъминоти сифатида банк ва Д.Б ўртасида кафиллик шартномаси тузилган, унга кўра, Д.Б. кредит ва уни фоизлари тўланмаган тақдирда қарздорликни тўлиқ тўлаб бериш кафиллигини олган.
Фуқаролик ишлари бўйича Фориш туман судининг 2024 йил 10 августдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилган.
Унга кўра, АТБ “Микрокредитбанк” фойдасига жавобгар Г.О ва Д.Б дан 27.856.114,56 сўм кредит қарздорлиги, 33.000 сўм почта харажати ҳамда давлат даромадига 1.114.244 сўм давлат божини солидар тартибда ундириш белгиланган.
Демак бу мисолда, кафил бўлган фуқаро агар қарздор ўз мажбуриятини бажармаганда кредитор, яъни банк олдида асосий қарздор билан бирга тенгма-тенг жавобгар бўлишини кўришимиз мумкин.
Суд мажлиси жараёнида кафил бўлган фуқаролар кафилликни таниши илтимос қилганлиги учун бўлганлиги, шартномага имзо қўйиб берганлиги, лекин барча қарздорликни ўзи тўлашини айтганлигини баён қилсалар-да, аслида улар кафиллик шартномаси тузиш орқали барча мажбуриятларни ўз зиммаларига олганлар.
Шу боис, фуқаролар кафил бўлиш олди кафиллик ўзи нима эканлиги, келгусида қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини яхши билиб олишлари зарур.
Энди қонунчилигимизда кафил тўлаб берган пуллар, кўрилган зарар масаласи келгусида нима бўлади деган саволларга ҳам аниқ ҳуқуқий ечимлар кўрсатиб қўйилган.
Масалан, Фуқаролик кодексининг 295-моддасида, мажбуриятни бажарган кафилга кредиторнинг ушбу мажбурият бўйича ҳуқуқлари ҳамда гаровга олувчи сифатида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқлар кафил кредиторнинг талабини қанча ҳажмда қаноатлантирган бўлса, шунча ҳажмда ўтади. Кафил кредиторга тўланган суммага фоизлар тўлашни ва қарздор учун жавобгарлик муносабати билан кўрган бошқа зарарини тўлашни қарздордан талаб қилишга ҳақли.
Мазкур қонун талабига кўра, суд қарори ижросини бажариб берган кафил келгусида қарз олувчига нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, барча тўлаган пуллари, кўрилган зарар ва бошқа тўловларни ундириб олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир фуқаро жамиятда ўзининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши тушуниб етиши, келгусида ҳар қандай шартномага имзо қўйиш, ёзма тилхат ёзиб бериш, бу оддий ҳолат эмаслиги, келгусида маълум бир мажбуриятларини юзага келтириши мумкинлигини онгли равишда ҳис қилишлари лозим бўлади.
Нодиржон Расулов,
Жиззах вилояти суди раисининг ўринбосари, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси
