Ёшлар ва спорт – келажакка йўналтирилган эътибор
2026-06-22 15:30:00 / Янгиликлар

Бугун Дўстлик тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Исмат Қаршибоев туман спорт мактабида бўлиб, велоспорт билан мунтазам шуғулланиб келаётган ёшлар билан самимий учрашув ўтказди.
Учрашув давомида мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замонавий шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни кашф этиш ҳамда уларнинг халқаро майдонларда муносиб иштирок этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Мулоқот чоғида Дўстлик туманида барпо этилган Ёшлар шаҳарчаси ва унинг ҳудудида замонавий спорт мажмуасининг ташкил этилаётгани ҳам ёшларга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси экани таъкидланди. Ушбу иншоотлар келгусида ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши, иқтидорини рўёбга чиқариши ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Учрашув давомида велоспорт билан шуғулланувчи ёшлар ўзларини қизиқтираётган масалалар, мавжуд таклиф ва ташаббусларини билдирдилар. Ёшлар томонидан кўтарилган мурожаатлар атрофлича тингланиб, уларни ҳал этиш ҳамда спорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.
Бундай очиқ мулоқотлар ёшларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг спортга бўлган қизиқишини янада ошириш ҳамда мамлакатимизда соғлом, баркамол ва ватанпарвар авлодни тарбиялаш йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларга хизмат қилмоқда.



