Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштирилди
2026-06-19 17:05:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1151-сонли Қонуни қабул қилинди.
Ҳаммамизга маълумки, аср вабоси бўлган гиёҳвандлик балоси ер юзи бўйлаб тез суръатлар билан кенг миқёсда тарқалиб бормоқда.
Гиёҳвандликнинг жамиятдаги зарарлари тўғрисида дунё оммавий ахборот воситалари орқали кўпдан-кўп маълумотлар берилди, унга бағишлаб кўпгина мамлакатларда, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам қатор халқаро анжуманлар ўтказилди, гиёҳвандликка қарши чора-тадбирлар кўриш мақсадида кўплаб маҳаллий ва халқаро ташкилотлар таъсис этилди. Лекин, афсуски, бу бало ҳануз ўз ишини қилиб келмоқда. Айниқса, синтетик наркотикларнинг пайдо бўлиши ва инсон омилисиз интернет орқали тарқатиш усулларининг кенгайиши бу таҳдидни янада кучайтирмоқда.
Шу сабабли дунёнинг кўплаб давлатлари қаторида Ўзбекистон ҳам наркожиноятчиликка қарши курашиш сиёсатини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Бу балодан авлодларимизни асраш йўлида мамлакатимизда ҳам жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар йили “26 июн куни”ни “Гиёҳвандликка қарши кураш куни” сифатида белгиланганлиги ҳам шу хусусда қилинаётган хайрли ишлардан саналади.
Ушбу иллатга қарши курашиш борасида қилинаётган ислоҳотларнинг давоми ўлароқ, Президентимиз томонидан 2026 йил 11 июн куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1151-сонли Қонунни имзоланиши - гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини англатади.
Ушбу қонун дунё миқёсида синтетик наркотиклар хавфи ортиб бораётгани, уларнинг инсон омилисиз Интернет орқали тарқатилиши ва яширин нарколабораториялар кўпаяётгани сабабли, миллат генофонди ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида қабул қилинди.
Қонун жамиятда гиёҳвандлик ва «аптека наркоманияси»га қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини тубдан кучайтиради.
Қонундаги муҳим янгиликлардан бири Жиноят кодексида “Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар” деб номланган алоҳида бобнинг киритилишидир. Бундай ёндашув гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларнинг ҳар қандай кўринишини жиноий таъқиб қилиш орқали унга қарши курашиш борасида мутлақо янги ва кескин усулда курашилаётганлигини кўрсатади. Эндиликда мазкур қилмишлар фақат жамоат хавфсизлигига қарши жиноят сифатида эмас, балки миллат саломатлиги ва келажак авлод тақдирига қарши таҳдид сифатида баҳоланмоқда.
Мазкур бобга аввалдан мавжуд бўлган 16 та модда билан бир қаторда, аҳоли саломатлигига ўта хавфли бўлган янги жиноят таркиблари ҳам киритилди.
Сўнгги йилларда синтетик наркотиклар билан боғлиқ жиноятлар сони ортиб бораётгани кузатилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунда тарқалаётган кўплаб синтетик наркотиклар айнан яширин нарколабораторияларда тайёрланмоқда.
Шу муносабат билан Жиноят кодекси ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш ва унинг фаолиятини таъминлаш учун жавобгарлик назарда тутилган 276-1-моддаси билан тўлдирилди. Бундай қилмишлар учун 5-йилдан 20-йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Бу норма наркотикларни тарқатувчиларга эмас, балки уларни ишлаб чиқарувчи ва жиноий занжирнинг асосий бўғинини ташкил этувчи шахсларга қарши курашиш имконини беради.
Шу сабабли Жиноят кодекси билан мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш орқали наркотик воситаларнинг ноқонуний муомаласига ҳомийлик қилиш, раҳнамолик қилиш ёки бундай жиноятлар фош бўлишининг олдини олиш мақсадида олдиндан хабар бериш учун ҳам 5-йилдан 20-йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутувчи 276-3-моддаси билан тўлдирилди. Бу давлатнинг наркотик бизнеси билан боғлиқ ҳар қандай коррупсион муносабатларга нисбатан муросасиз сиёсат юритаётганини англатади.
Гиёҳвандликнинг тарқалишида бангихоналар алоҳида ўрин тутади. Бундай жойлар нафақат наркотик воситалар истеъмол қилинадиган муҳит, балки янги истеъмолчилар жалб қилинадиган ва бошқа жиноятлар содир этиладиган хавфли нуқталар ҳисобланади.
Қонун билан гиёҳвандлик воситалари ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилиш ва тарқатиш учун бангихона ташкил қилиш ёки сақлашдан иборат қилмиш ЖКнинг 276-2-моддасида алоҳида жиноят таркиби сифатида берилиб, бундай қилмиш учун 3-йилдан 12-йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилди. Бу орқали наркотиклар тарқалиши учун шароит яратаётган шахсларга қарши таъсирчан ҳуқуқий тўсиқ яратилмоқда.
Гиёҳвандликнинг энг оғир оқибатлари, аввало, ёшлар ҳаётида намоён бўлади. Наркотик моддалар таъсирига тушиб қолган ёш кўпинча таълимдан узоқлашади, меҳнат бозорида рақобатбардошлигини йўқотади ва жиноятчилик муҳитига кириб қолади. Шунинг учун ҳам янги қонунда ёшлар ва вояга етмаганларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Эндиликда вояга етмаган шахсни кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб этганлик учун ЖКнинг 276-10-моддасида тўғридан тўғри жиноий жавобгарлик белгиланди. Бундан ташқари, таълим муассасалари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳлари ёки уларга туташ ҳудудларда наркотик ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб қилиш учун 5-йилдан 10-йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилди.
Шунингдек,Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмидаги гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда «сотиш» тушунчасининг кенгроқ маънодаги «ўтказиш» атамаси билан алмаштирилиши қонунчиликдаги жиддий бўшлиқни тўлдиришга қаратилган бўлиб, у жуда муҳим ҳуқуқий ва амалий аҳамиятга эга.
Зеро, жамият учун гиёҳвандлик моддасининг пул эвазига сотилиши ёки бепул тарқатилиши ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ — ҳар иккала ҳолатда ҳам одамлар заҳарланади. Буни ҳуқуқий жиҳатдан баҳолайдиган бўлсак, ижтимоий хавфнинг тенглигини кўришимиз мумкин, яъни бунгда хавф гиёҳвандлик моддаларини сотишда ёки уни ҳадя қилишда эмас, балки унинг инсонлар қўлига истеъмол учун етказилишида. «Ўтказиш» атамаси эса ушбу хавфни тўлиқ қамраб олади.
Ушбу қонунга қадар амалда бўлган ЖКнинг 273-моддаси 5-қисмида фақат сотиш йўли билан ўтказганлик оғирроқ жазога сазовор бўлар эди. Шунинг учун ҳам бундай ишлар бўйича ашёвий далил тариқасида олинган гиёҳвандлик воситаси хоҳ у 1 грамм бўлсин ёки 50 кг “Героин” бўлсин, агар айбдорнинг ушбу моддани сотиш фактини аниқланмаслиги томонларнинг айбдорни ҳаракатларини ЖКнинг 273-моддасини енгилроқ жазони назарда тутувчи бошқа қисмлари билан квалификация қилиш борасида ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди.
Қолаверса, ушбу ҳолатда қонунни четлаб ўтиш ҳолатлари юзага келаётган эди. Чунки, жиноятчилар гиёҳвандлик воситаларини текинга бериш (ҳадя қилиш), қарз эвазига бериш, бошқа нарсага айирбошлаш ёки яширин усуллар (масалан, Интернет орқали «закладка» — яшириб кетиш) орқали тарқатганда, уларнинг ҳаракатини «сотиш» (пул олмагани ва тижорат қилмагани сабабли) деб квалификация қилишда қийинчиликлар туғилаётган эди.
Ёки замонавий наркотижорат усуллари пайдо бўлишига сабаб бўлаётганди. Чунки, ҳозирги кунда синтетик наркотиклар пул маблағларини электрон ҳамёнлар (криптовалюта) орқали ўтказиб, модданинг ўзини эса инсон омилисиз, яширин жойларга ташлаб кетиш орқали тарқатилмоқда. Бундай ҳолатларда бевосита «олди-сотди» фактини исботлаш тергов органлари учун мураккаб эди.
ЖК 273-моддасига киритилаётган бу янгилик эса жазо муқаррарлиги таъминлашга, тергов ва суд амалиёти осонлашишига хизмат қилади.
Эндиликда гиёҳвандлик моддаларини кўп миқдорда тарқатишнинг ҳар қандай шакли — хоҳ пул эвазига сотиш бўлсин, хоҳ текинга бериш, совға қилиш, алмаштириш ёки Интернет орқали яширин жойларга ташлаб кетиш («ўтказиш») бўлсин — бирдек оғир жазога (10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) сабаб бўлади.
Ҳуқуқ-тартибот органлари жиноятчининг айнан «пул олгани ёки тижорий манфаат кўрганини» исботлаши шарт бўлмайди. Модданинг бошқа шахсга қонунга хилоф равишда топширилгани (ўтказилгани) фактининг ўзи жиноятни тўлиқ квалификация қилиш учун етарли ҳисобланади.
Мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам муҳим ўзгартиш киритилди. Эндиликда гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни жамоат жойларида истеъмол қилганлик учун МЖтКнинг 187-1-моддасида жавобгарлик белгиланиб, унда 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилди. Чунки аҳоли кўз ўнгида наркотик моддалар истеъмол қилиниши бошқаларга, айниқса, ёшларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу эса ғайриижтимоий хулқ-атворнинг оммалашишига сабаб бўлади.
Таҳлиллар сўнгги йилларда наркожиноятлар бўйича такрорий ҳуқуқбузарликлар кўпайганини кўрсатмоқда. Айрим ҳолларда маҳкумлар жазо муддатининг ярмидан ҳам кам қисмини ўтаб, озодликка чиққан ва қисқа вақт ичида яна жиноят содир этган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкин-ки, мазкур қонун ҳуқуқ-тартибот органларига замон талабларига мос қурол бериш орқали ҳар бир оила ва ёшлар ҳаётини заҳарланишдан асрайди. Гиёҳвандликнинг оилалар бузилиши, ногирон гўдаклар туғилиши ва ёшлар умри хазон бўлишига олиб келадиган оқибатлари олди олинади. Кўчалар ва таълим масканлари бундай иллатдан хавфсиз ҳудудга айланади. Аҳоли саломатлиги, миллат генофонди ва ёшлар хавфли таъсирлардан ҳимоя қилинади.
Албатта, бунинг учун сизу биздан жамиятимизнинг ҳар бир аъзосида ушбу қонун ўз ҳаётига дахлдор эканлиги туйғусини шакллантириш ва бу иллатга қарши биргаликда курашиш иммунитетини яратиш талаб этилади.
А.Ф.Уринов,
Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судиниг тергов судяси
