Қонун устуворлиги – адолатли жамиятнинг мустаҳкам пойдевори
2026-06-19 16:35:00 / Янгиликлар
Жамият тараққиёти, тинчлик ва барқарорликнинг энг муҳим омилларидан бири — қонун устуворлиги ва фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятидир. Инсон ўз ҳуқуқларини қанчалик яхши билса, бурчларини ҳам шунчалик масъулият билан адо этади. Шу боис мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, Конституция мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, суд-ҳуқуқ тизимининг очиқлиги ва халқчиллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шу мақсадлар йўлида Дўстлик туманида ҳам аҳоли билан очиқ мулоқотлар мунтазам ташкил этилмоқда. Навбатдаги ана шундай тадбир "Наврўз" маҳалласида бўлиб ўтди. Унда маҳалла фаоллари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, тадбиркорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан юзма-юз мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, одил судловнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Мулоқотнинг асосий мавзуси Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бўлди. Таъкидланганидек, Бош Қомусимизда инсон қадри давлат сиёсати марказига қўйилган бўлиб, ҳар бир шахснинг яшаш ҳуқуқи, дахлсизлиги, фикр ва сўз эркинлиги, меҳнат қилиш, таълим олиш, ижтимоий ҳимоя ва соғлом атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқлари мустаҳкам кафолатланган.
Шу билан бирга, ҳуқуқ билан бир қаторда бурч ҳам мавжудлиги алоҳида қайд этилди. Конституция ва қонунларга риоя қилиш, Ватан равнақи учун муносиб ҳисса қўшиш, бошқа инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас вазифаси экани тушунтирилди.
Учрашувда жиноятчиликнинг олдини олиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас. Бу жараёнда маҳалла, оила, таълим муассасалари, тадбиркорлар ва ҳар бир фуқаронинг фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга. Ҳуқуқий саводхонлик қанчалик юксак бўлса, жамиятда қонунийлик ва адолат муҳити шунчалик мустаҳкам бўлади.
Мулоқот давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий масалалар юзасидан саволлар билан мурожаат қилиб, судьядан ҳуқуқий тушунтириш ва амалий тавсиялар олдилар. Бу эса суд ҳокимиятининг халққа яқинлиги, очиқ мулоқот ва ўзаро ишонч муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Бугун Янги Ўзбекистонда инсон қадрини юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш давлат сиёсатининг бош мезонига айланмоқда. Шу маънода, аҳоли билан ўтказилаётган бундай очиқ мулоқотлар нафақат ҳуқуқий билимларни ошириш, балки ҳар бир фуқарода Конституцияга ҳурмат, қонунга итоат ва жамият тақдири учун дахлдорлик ҳиссини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зеро, ҳуқуқий маданияти юксак, қонунга ҳурмат руҳи кучли бўлган жамиятда адолат ҳам, тараққиёт ҳам барқарор бўлади.
Ш. Ғозиев,
Жиззах туманлараро иқтисодий суди судьяси
