Мурожаатлар камаймоқда, муаммолар жойида ҳал этилмоқда
2026-06-03 15:55:00 / Янгиликлар
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими мутлақо янги босқичга кўтарилди. Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва халқчиллиги таъминланиб, ҳар бир раҳбарнинг аҳоли дардини эшитиши, муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиши ва ҳал этиши устувор вазифага айланди. Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Дўстлик тумани мисолида таҳлил қилинганда ҳам мурожаатлар билан ишлаш тизимида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Рақамларга эътибор қаратсак, 2024 йил давомида Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали туман аҳолисидан 3309 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 2110 таси ёки 64 фоизи ижобий ҳал этилган.
2025 йилда мурожаатлар сони 2384 тани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 925 тага ёки қарийб 28 фоизга камайган. Эътиборли жиҳати шундаки, ижобий ҳал этилган мурожаатлар улуши 67 фоизга етган. Бу эса мурожаатлар сонининг камайиши билан бирга уларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш самарадорлиги ҳам ошганини кўрсатади.
2026 йилнинг дастлабки уч ойлик натижалари ҳам ижобий тенденсия сақланиб қолаётганини тасдиқлайди. Жорий йилнинг январ-март ойларида 358 та мурожаат келиб тушган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 230 тага ёки 39 фоизга камдир. Мурожаатларнинг 61 фоизи ижобий ҳал этилган.
Шунингдек, 2026 йилнинг беш ойи якунлари бўйича ҳам мурожаатлар сонининг камайиш тенденсияси давом этмоқда. Январ-май ойларида жами 650 та мурожаат қайд этилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 335 тага ёки 35 фоизга камайган.
Ушбу рақамлар нимадан далолат беради?
Аввало, мурожаатлар сонининг камайиши аҳоли муаммоларига жойларда ечим топилаётганини англатади. Бугунги кунда сектор раҳбарлари, ташкилот ва идоралар мутасаддилари томонидан сайёр қабуллар, маҳаллалардаги учрашувлар ва хонадонбай ўрганишлар мунтазам ташкил этилмоқда. Натижада кўплаб масалалар юқори ташкилотларга чиқмасдан туриб ҳал этилмоқда.
Иккинчидан, маҳаллабай ишлаш тизимининг жорий этилгани аҳоли дардини эрта аниқлаш ва муаммоларни бартараф этиш имконини бермоқда. Йўл, электр таъминоти, ичимлик суви, бандлик, ижтимоий ҳимоя каби масалалар бўйича мурожаатларнинг бир қисми профилактик тарзда ҳал этилмоқда.
Учинчидан, давлат хизматларининг рақамлаштирилиши ва аҳолига яқинлаштирилиши ҳам мурожаатлар сонининг қисқаришига хизмат қилмоқда. Кўплаб хизматларни электрон шаклда олиш имкониятининг яратилиши ортиқча сарсонгарчиликларнинг олдини олмоқда.
Бироқ таҳлиллар мурожаатлар билан ишлаш соҳасида ҳали қилиниши лозим бўлган вазифалар ҳам мавжудлигини кўрсатади. Айрим масалаларнинг ечими қўшимча маблағ, вақт ёки юқори ташкилотлар билан ҳамкорликни талаб қилади. Шу боис мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш, такрорий мурожаатлар сабабларини чуқур таҳлил қилиш ҳамда аҳолини қийнаётган муаммоларни тизимли ҳал этиш муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, Дўстлик туманида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Мурожаатлар сонининг йилдан-йилга камайиб бораётгани, муаммоларнинг жойларда ҳал этилаётгани ва аҳоли билан мулоқотнинг янги механизми шакллангани бу борадаги ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Энг муҳими, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини англаган ҳолда иш олиб бориш давлат идораларининг асосий мезони бўлиб қолмоқда.
