Оилавий низоларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бартараф этиш йўллари
2026-06-02 11:00:00 / Янгиликлар
Марказий Осиёда қадимдан никоҳ ва оила муносабатлари муқаддас саналган.
Ислом динининг асосий қомуси бўлмиш Қуръони Карим ва Ҳадису шарифларда жамиятда кишилар ўртасидаги муносабатлар, оилавий-маиший муносабатларнинг шундай бир мураккаб ва такомиллашган дастури ишлаб чиқилганки, унда ёш авлод тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, оила жамиятнинг негизи бўлганидан исломда оилага катта эътибор берилиб, оилани қандай ташкил этиш, унинг бошлиғи ва аъзоларининг ҳуқуқлари, фарзандлар тарбияси, бир сўз билан айтганда, оилавий ҳаётнинг барча масалалари атрофлича ҳал этилган.
Эр-хотиннинг ўзаро муносабати оила мустаҳкамлиги гарови бўлганлиги учун исломда эр-хотиннинг тотув яшашига алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, Қуръонда эркакларга хитобан “Аёллар билан келишиб, тинч-тотув яшанглар” деб амр қилинади. Шунинг учун аёлларга яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшилади. Шунингдек, Қуръонга кўра, оилавий баҳслар пайдо бўлганида, уларни эр-хотинлар томонидан оқилона ва одилона ҳал қилиниши мақсадга мувофиқ бўлади. Қандай ҳолатда бўлмасин, Қуръон оиладаги зулм ёки жисмоний таҳқирлашларни маъқулламайди.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасида оила, оналик ва болалик давлат ҳимоясидадир” деб кўрсатилган. Давлат томонидан оналик, оталик ва болаликнинг муҳофаза қилиниши ва уларнинг манфаатларини ҳар тарафлама ҳимоя қилиш – оила ҳуқуқининг муҳим принципларидан бири ҳисобланади.
Оиланинг асосини никоҳ ташкил этади. Шунинг учун никоҳ масаласига ўта масъулият билан қараш лозим. Зеро, Восиқова М.С. нинг “Оила ва қонун” номли китобида “никоҳ оила асоси бўлганлиги учун унинг тўғри ҳал қилиниши давлат учун ҳам, жамият учун ҳам катта аҳамиятга эга” деб ёзилган.
Оила кодексининг 13-моддаси мазмунидан келиб чиқиб, фақат ФҲДЁ органларида тузилган никоҳгина қонуний ҳисобланади ва у эр-хотин, фарзандлар учун ҳуқуқ ва бурчлар келтириб чиқаради. Демак, қонунда кўрсатилган тартибда расмийлаштирилган никоҳгина оила вужудга келишига бирдан-бир асос бўла олади. Никоҳнинг тузилиши оилавий муносабатларнинг бошланишидан далолат беради
Бундан ташқари, оила-никоҳ масалалари Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тартиби тўғрисида”ги Қарорида ҳам кўрсатилган бўлиб, унга кўра, Оила кодексининг 37-моддасига мувофиқ, никоҳ эр-хотиндан бирининг вафоти ёки улардан бири суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида тугашини, эр ва хотин ҳаётлигида никоҳ улардан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига кўра никоҳдан ажратиш йўли билан тугатилиши мумкинлигини, зарур ҳолларда, агар буни муомалага лаёқатсиз эр ёки хотин манфаатлари ҳимояси тақозо этса, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза унинг васийси томонидан берилиши мумкинлигини, Оила кодексининг 42-моддасига кўра, вояга етмаган умумий болалари бўлмаган эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлган тақдирда, никоҳдан ажратиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида (бундан буён матнда- ФҲДЁ органлари) амалга оширилишини, эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш ёки умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустаснолигини, Оила кодексининг 43-моддасига мувофиқ, никоҳдан ажратиш қуйидаги ҳолларда эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича, улар ўртасида вояга етмаган умумий болалар борлигидан қатъи назар, ФҲДЁ органларида амалга оширилишини, агар эр-хотиндан бири суд томонидан:
бедарак йўқолган деб топилган бўлса;
руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;
содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса.
Хулоса тариқасида, Давлатимиз олдида турган муҳим вазифалардан бири тўлақонли оилани шакллантириш ва муҳофаза қилиш экан, бевосита бу борада ўзаро никоҳда бўлмаган шахслардан туғилган болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга эришиш ва никоҳсиз яшаш ҳолатларига барҳам бериш чораларини кучайтириш лозим, чунки бу масала негизида оналик ва болаликнинг давлат томонидан муҳофаза қилиниши, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги, қолаверса, болаларнинг насл-насабини белгилашга оид қоидалар муҳим ўрин тутади.
Б.О.Казаков,
Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг раиси
