Коррупция – жамият ривожига тўсқинлик қилувчи энг катта омил
2026-06-02 11:00:00 / Янгиликлар
Бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнида энг катта тўсиқ бўлиб турган иллатлардан бири – бу коррупция ҳисобланади. У нафақат давлат бошқарувига, балки иқтисодий, ижтимоий ва маънавий соҳаларга ҳам салбий таъсир кўрсатиб, жамиятда адолат ва ишонч муҳитининг заифлашишига олиб келади.
Коррупциянинг ҳуқуқий таърифи “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасида белгилаб қўйилган бўлиб, унга кўра коррупция – шахснинг ўз хизмат мавқеидан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланиши ёки бундай ҳолатга йўл қўйиши жиноят сифатида баҳоланади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, коррупцияга қарши курашиш – бу бир соҳанинг эмас, балки бутун жамиятнинг вазифасидир. Шу боисдан, бу иллатни бартараф этиш учун суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга.
Суд амалиётида коррупция билан боғлиқ жиноятлар, асосан, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, пора олиш ва пора бериш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш ҳолатларида намоён бўлади. Судлар томонидан бундай ишлар юзасидан чиқарилаётган қарорлар нафақат жиноят содир этган шахсларга нисбатан жазо қўллаш, балки жамиятда “коррупция жавобгарликсиз қолмайди” деган қатъий ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, коррупциянинг олдини олиш профилактикаси ҳам долзарб аҳамият касб этади. Давлат хизматчилари учун ахлоқ қоидаларига риоя этиш, мол-мулк ва даромадларни декларация қилиш тизимини кучайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш – бугунги куннинг устувор вазифаларидир.
Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат шакллантириш ҳар бир фуқаронинг бурчи бўлиб, фуқароларни ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маъданиятини ошириш йўли билан қонунийлик ва адолат устувор бўлган фуқаролик жамиятини барпо этишимиз мумкин
Ш.Мирзаахмедов,
Жиззах вилоят судининг судьяси
Л.Қодирқулов,
Жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман судининг раиси
