“Сўнгги қўнғироқ” — орзулар ва катта мақсадлар сари илк қадам
2026-05-25 11:40:00 / Янгиликлар

Дўстлик туманида ҳам юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари юқори кайфият ва кўтаринки руҳда ўтказилди. “Маърифатли авлод – учинчи Ренессанс пойдеворидир” шиори остида ташкил этилган байрам тадбирлари мактаб ҳаётидаги унутилмас саҳифа, битирувчилар учун эса мустақил ҳаётга йўл очувчи қутлуғ айём сифатида кенг нишонланди.
Барча мактабларда Давлатимиз раҳбарининг битирувчиларга йўллаган табриги вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев томонидан вилоят телевидениеси орқали ўқиб эшиттирилди.
Хусусан, тумандаги Ихтисослаштирилган мактабда бўлиб ўтган тантанали тадбирда туман ҳокими Шавкат Дарвишев иштирок этиб, барча ўқувчилар, устозлар ва ота-оналарни байрам билан самимий табриклади.
Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда таълим соҳасига қаратилаётган юксак эътибор ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Айниқса, “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган ҳаётий ғоя асосида таълим тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, ўқувчи ва ўқитувчилар учун замонавий шарт-шароитлар яратилмоқда.
Дўстлик туманида ҳам кейинги йилларда таълим муассасаларини реконструкция қилиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва замонавий жиҳозлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 20 та умумтаълим мактаби, 1 та ихтисослаштирилган мактаб, 18 та давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 3 та мактабдан ташқари таълим муассасаси қайта реконструкция қилиниб, тўлиқ таъмирланди ва жиҳозланди.
Бугун ушбу таълим даргоҳларида 2000 дан ортиқ педагог ва тарбиячилар 11 минг 796 нафар ўқувчи ҳамда 6 мингдан зиёд тарбияланувчиларга билим ва тарбия бермоқда. Қувонарлиси, устозларнинг салмоқли қисми юқори малака тоифасига эга бўлиб, хорижий тажрибаларни ўрганиш ва замонавий таълим усулларини амалиётга татбиқ этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбирда таъкидланганидек, жорий ўқув йилида туман ўқувчилари фан олимпиадалари, халқаро танлов ва спорт мусобақаларида муносиб иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этди. 15 нафар ўқувчи фан олимпиадалари ғолиби бўлган бўлса, 7 нафар битирувчи мактабни олтин медал, 1 нафари эса кумуш медал билан тамомламоқда. Шунингдек, спорт соҳасида ҳам туман ёшлари вилоят ва республика миқёсида юқори ўринларни қўлга киритиб келмоқда.
Айниқса, олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичларининг йил сайин ошиб бораётгани таълим сифати юксалаётганининг яққол ифодасидир. Бугунги кунда юзлаб ўқувчилар халқаро ва миллий сертификатларга эга бўлиб, нуфузли олийгоҳларда таълим олиш имкониятини қўлга киритмоқда.
Туман ҳокими ўз сўзида ҳар бир инсон камолотига пойдевор қўядиган муқаддас маскан — мактаб эканини алоҳида таъкидлаб, битирувчиларни она мактабини, устозлар меҳри ва ўгитини ҳеч қачон унутмасликка чақирди.
Тадбир якунида мактабни тамомлаётган битирувчиларга оқ йўл тилаб, уларнинг келгусида юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук кадрлар бўлиб етишишига ишонч билдирилди. Байрамона руҳда ўтган “Сўнгги қўнғироқ” тадбири барча иштирокчилар қалбида унутилмас таассурот қолдирди.




