Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни судда кўриш масалалари
2026-05-12 10:35:00 / Янгиликлар
Маълумки, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ҳақидаги ишлар бўйича қонуний, асосли ва адолатли ҳал қилув қарорларини чиқариш фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлайди.
Жумладан бунда судлар томонидан фуқароларнинг ёки ташкилотларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлари юзага келишига, ўзгаришига ёки тугашига сабаб бўладиган фактларни аниқланади.
Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 295-моддасига кўра, суд томонидан кўриб чиқиладиган, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар жумласига, қуйидигилар киради.
1) шахсларнинг қариндошлик алоқалари;
2) шахс бировнинг қарамоғида эканлиги;
3) оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги, шунингдек туғилган вақти;
4) фарзандликка олишни, никоҳни, никоҳдан ажратишни ва ўлимни қайд этилганлиги;
5) эр-хотиндан бири вафот этганлиги оқибатида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳни рўйхатдан ўтказиш мумкин бўлмай қолса, қонунда белгиланган ҳолларда уларнинг ҳақиқатда никоҳ муносабатларида бўлганлиги;
6) шахснинг ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатларда (бундан жамоат бирлашмаларига аъзолик билетлари, ҳарбий ҳужжатлар, паспортлар ёки идентификацияловчи ID-карталар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари берадиган гувоҳномалар мустасно) кўрсатилган фамилияси, исми ёки отасининг исми унинг паспортидаги ёки идентификацияловчи ID-картасидаги ёхуд туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасидаги фамилияси, исми ёки отасининг исми билан мос келмаган тақдирда, мазкур ҳужжатларнинг унга тегишлилиги ёхуд тегишли эмаслиги;
7) бахтсиз ҳодиса;
8) иморатга хусусий мулк ҳуқуқи асосида эгалик қилиш;
9) меросни қабул қилиш ва мероснинг очилиш жойи фактларини аниқлаш тўғрисидаги ишларни кўради.
Агар қонунчиликда уларни белгилашнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, суд юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни ҳам белгилаши мумкин.
Аризачи юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлайдиган зарур ҳужжатларни бошқача тартибда олиши мумкин бўлмаган ёхуд йўқотилган ҳужжатларни тиклашнинг имкони бўлмаган тақдирдагина суд ушбу фактларни аниқлайди.
Фуқаролар томонидан бунда юридик аҳамиятга эга бўлган фактни белгилаш тўғрисидаги ишлар бўйича ариза аризачи яшаб турган жойдаги судга берилади.
Аризада муайян фактни аниқлаш аризачига қандай мақсадлар учун зарур эканлиги кўрсатилиши, шунингдек аризачининг тегишли ҳужжатларни олиш имкониятига эга эмаслигини ёхуд йўқолган ҳужжатларни тиклаб бўлмаслигини тасдиқловчи далиллар келтирилиши керак.
Э.Тожибоев,
Жиззах вилоят судининг судьяси
Б.Казаков,
Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг раиси
