ЎЗБОШИМЧА ҚУРИЛИШЛАР ҚОНУНИЙЛАШТИРИЛАДИМИ?
2026-04-27 16:20:00 / Янгиликлар
Мамлакатимизда аҳолига, биринчи навбатда, қишлоқ жойларида муносиб уй-жой шароитларини яратишга қаратилган кенг кўламли давлат дастурлари амалга оширилди.
Хусусан, ҳудудларда янги уй-жой массивлари барпо этилди, зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари ўтказилиши таъминланди.
Шунингдек, 2016 йилдан қишлоқ аҳолиси учун янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилишини назарда тутувчи сифат жиҳатидан янги давлат дастури амалга оширилмоқда ва фуқароларимизга янада қулай шарт-шароитга эга бўлган уйлар барпо этиб келинмоқда.
Шу билан бирга, уй-жойга доир ҳуқуқларнинг амалга оширилиши ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, ер участкаларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек, фуқароларга тегишли бўлган турар жойларни давлат рўйхатидан ўтказишда кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августда “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги ЎРҚ-937-сонли Қонуни қабул қилинганлиги алоҳида аҳамият касб этади.
Мазкур қонунга мувофиқ, бир қатор ҳолатларда фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва унда қурилган бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқлари эътироф этилиши мумкин. Хусусан:
- Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган шахслар (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) томонидан 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга;
- фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент бўлган юридик шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ажратилган ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган ер участкаси майдонидан 2018 йил 1 майга қадар ортиқча эгаллаган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга;
- ўзбошимчалик билан қурилган якка тартибдаги уй-жойларга бўлган мулк ҳуқуқини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этилган Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари (бундан буён матнда Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари деб юритилади) томонидан эътироф этиш мумкин деб топилганлиги ҳолларига ёки уни эътироф этиш рад этилганлиги ёхуд аризаларнинг кўриб чиқилиши бир марталик умумдавлат акциясининг муддати ўтганлиги сабабли якунига етмаганлиги ҳолларига;
- 2021 йил 8 июнга қадар туман (шаҳар) ҳокимининг қарорига кўра қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фуқароларга, якка тартибдаги тадбиркорларга ёки резидент бўлган юридик шахсларга ажратилган, тасдиқлаш масаласи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан кўриб чиқилмаган ер участкасига (бундан шундай ер участкасида икки йил ичида бинолар ва иншоотлар қурилмаган ёки уларнинг қурилиши бошланмаган ёхуд ер участкасидан мақсадсиз фойдаланилган ҳоллар мустасно);
- фуқароларнинг боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларига ҳамда улар эгаллаган ер участкасига;
- 2020 йил 9 мартга қадар кичик саноат зоналари ҳудудига жойлаштирилган тадбиркорлик субектларининг яшаш учун мўлжалланмаган бинолари ва иншоотлари ёки уларнинг қисмлари жойлашган ер участкасига;
- хусусийлаштирилган бинолар ва иншоотлар эгаллаган ер участкасига;
- фуқароларнинг, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ва резидент бўлган юридик шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ мулк (эгалик қилиш) ҳуқуқи эътироф этилган бинолари ва иншоотлари эгаллаган ер участкасига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш асослари ва тартиби белгилаб берилди.
Натижада, мазкур қонун орқали кўплаб фуқароларнинг илгари қуриб, фойдаланиб келаётган уй-жойлари қонунийлаштирилиб, уларнинг йиллар давомида йиғилиб келган муаммоларига ечим бўлиб хизмат қилди.
Бироқ, айрим фуқаролар томонидан қонун нотўғри талқин қилиниб, янги қурилаётган ноқонуний обектлар ҳам қонунийлаштирилади, деган нотўғри тушунча шаклланмоқда.
Аслида эса ушбу имтиёзлар фақат юқорида қайд этиб ўтилган олдинги даврга оид ҳолатларга тааллуқли бўлиб, янги ноқонуний қурилишларга нисбатан қўлланилмайди ва улар мулк ҳуқуқи обекти сифатида эътироф этилмайди.
Яъни, бу каби қурилмалар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасига асосан қонунчиликда белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.
Шунингдек, бундай иморатлар ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланади.
Бундан ташқари, қонунбузилиши содир этган айбдор шахсларга нисбатан нафақат фуқаролик-ҳуқуқий, балки маъмурий чоралар ҳам кўрилишига олиб келиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддасига кўра, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари, мансабдор шахсларга эса етмиш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Мисол учун, даъвогар Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси жавобгар Ш.Х га нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган қурилмани буздириш ва ерни яроқли ҳолатга келтириш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Даъвогар даъво талабига асос сифатида ер майдонларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш аҳволи ўрганилганда, жавобгар Ш.Х Бакҳмал тумани ҳудудида ўзбошимчалик билан 180 кв.м. ўлчамдаги ер участкасига уй-жой қуриб олганлиги, мазкур ноқонуний қурилмани бартараф этиш бўйича жавобгар Ш.Х га огоҳлантириш хати берилган бўлса-да, у томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилмаганлигини кўрсатган.
Фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судининг 2025 йил 18 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилиб, ноқонуний қурилмани бузиш ҳамда ер майдонини фойдаланишга яроқли ҳолатга келтириш мажбурияти юклатилган.
Жавобгар Ш.Х қурилмани у қурмаганлиги, қурилма онаси М.Х томонидан қурилганлиги ҳақидаги важ келтирганлиги сабабли апелляция инстансия суди биринчи инстансия суди қоидаларига ўтиб, ишга М.Х ни жалб қилган.
Кадастр агентлиги Бахмал тумани бўлимининг 2025 йил 08 октябрдаги қарорига кўра, М.Х Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 60-моддаси 3-қисми билан ҳуқуқбузар деб топилиб, маъмурий жарима жазоси қўлланилган.
Жиззах вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2025 йил 8 октябрдаги ажрими билан суднинг ҳал қилув қарори хулоса қисмида жавобгар сифатида М.Х кўрсатилиб, суд қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Жавобгар М.Х у қурилмани аҳоли пункти ер майдонида қурганлиги, бу қурилмага нисбатан Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун талабларига асосан мулк ҳуқуқи берилиши кераклиги ҳақида важ келтирган.
Лекин, жавобгар М.Х га ер ажратиш ҳақида ваколатли орган қарори мавжуд эмас, ер участкаси чегараси жойида белгиланмаган ҳамда ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги, бугунги кунда ер майдони ва бино-иншоотга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилмаган ёки мазкур қонун татбиқ этилиши мумкин бўлган ер тоифаси ёки бино хатловдан ўтказилмаганлиги сабабли Жиззах вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстансиясининг 2025 йил 13 ноябрдаги ажрими билан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.
Ҳудди шу каби ҳолат, Жиззах шаҳар прокуратураси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгар И.М томонидан Жиззах шаҳар, Ўратепалик МФЙ, Ҳуқуқшунос (И.Аҳмедов) кўчаси ҳудудида жойлашган “Зиннур маркет” биносига туташ, шаҳар ҳокимлиги заҳирасида бўлган ҳудудидан ўзбошимчалик билан 117,25 кв.м. ўлчамда енгил турдаги айвон ва бир қаватли қурилишни бузиш мажбуриятини юклатишни сўраган.
Суд қарори билан мазкур қурилма жавобгар ҳисобидан буздирилиши белгиланган.
Мазкур иш жавобгарнинг шикояти асосида тафтиш инстансиясида ўрганиб чиқилганида ҳам жавобгар ҳеч қандай ҳужжатларсиз тегишли ер майдонини эгаллаб қурилиш қилиб олганлиги ўз тасдиғини топди.
Афсуски, мазкур иш бўйича МФЙ томонидан нотўғри маълумотлар берилиши, яъни бузилмаган қурилмаларни “бузилди” деб расмийлаштириш ҳолатлари ҳам учрайди. Бу эса қонунга зид ҳисобланади.
Шу ўринда, фуқароларимиз судлар фақат мақбул далиллар асосида ушбу ҳолатларни жойига чиқиб ўрганиб чиқиши ва ишнинг ҳақиқий ҳолатларидан келиб чиқишини ҳал этишини барча фуқаролар ва мутасадди ташкилотларга эслатиб ўтмоқ жоиздир.
Амалиётда, Жиззах вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2025 йил давомида ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларни бузиш билан боғлиқ жами 928 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган бўлиб, кўриб тамомланган фуқаролик ишларининг 788 таси ёки 85 фоизи қаноатлантирилган.
Шу боис, ҳар бир фуқаро муҳим бир ҳақиқатни унутмаслиги лозим: қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди.
Қурилиш ишларини амалга оширишда турли гап-сўзларга эмас, балки амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ иш юритиш муҳимдир.
Зеро, бугунги кунда мамлакатимизда уй-жой қуриш ва унга эгалик қилишнинг қонуний механизмлари мавжуд.
Ҳар бир фуқаро қонунларга риоя этган ҳолда иш юритиши нафақат ўз манфаатини ҳимоя қилади, балки жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.
