ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ТИЗИМИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ: ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ
2026-04-06 15:05:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрда қабул қилинган «Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-258-сон Фармони ва унинг ижросини таъминлаш мақсадида 2026 йил 29 январда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Ижтимоий реестрга киритилган оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 35-сон қарори ижтимоий ҳимоя соҳасидаги қонунчиликда принципиал ўзгаришларни жорий этди. Ушбу мақолада мазкур ҳужжатларнинг асосий ҳуқуқий мазмуни, аҳамияти ва ижро механизмлари таҳлил қилинади.
I. Ислоҳотнинг ҳуқуқий-меъёрий базаси
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 январда қабул қилинган 35-сон қарори билан 7 та норматив ҳужжат тасдиқланди:
- 1-илова: Ижтимоий реестрни юритиш тартиби тўғрисидаги Низом;
- 2-илова: Реестрга киритилган оилаларга индивидуал режа ишлаб чиқиш тартиби тўғрисидаги Низом;
- 3-илова: Болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом;
- 4-илова: Апелляция кенгашлари тўғрисидаги Низом;
- 5 ва 7-иловалар: «ЯМИҲ» ахборот тизимидаги идоралараро электрон маълумотлар ва интеграция рўйхатлари;
- 6-илова: Реестрга киритилган оилаларга кўрсатиладиган давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари рўйхати.
Қарорнинг 8 ва 9-бандларига асосан бир қатор амалдаги қарорларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, айримлари тўлиқ ўз кучини йўқотди. Бу ижтимоий ҳимоя соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани тизимлаштириш ва тарқоқ нормаларни бартараф этиш нуқтаи назаридан муҳим «ҳуқуқий санация» ҳисобланади.
II. Ижтимоий реестр: янги ҳуқуқий тартиб
Ижтимоий реестр — аввалги параллел ва мувофиқлаштирилмаган реестрларни алмаштирувчи ягона рақамли маълумотлар базасидир. Реестрга киритилиш — фуқаронинг давлат ижтимоий қўллаб-қувватлашига ҳуқуқ эгаси эканлигини тасдиқловчи юридик факт ҳисобланади.
Давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамнинг манзиллилигини таъминлаш мақсадида оилалар ўзларининг моддий ҳолати ва ижтимоий мақомидан келиб чиқиб, қуйидаги учта асосий тоифага ажратилади:
1. Давлат тўлиқ таъминотидаги оилалар:
Ушбу тоифага даромади минимал иш ҳақининг 1,25 бараваридан кам бўлган, шунингдек, объектив сабабларга кўра оғир турмуш шароитига тушиб қолган хонадонлар киритилади. Бунда асосий мезон сифатида оилада боқувчининг йўқлиги ёки оила аъзоларининг ногиронлиги каби омиллар инобатга олинади. Ушбу тоифадаги оилалар давлат томонидан кафолатланган энг юқори даражадаги ҳимояга эга бўлиб, уларга болалар нафақаси ва моддий ёрдамнинг тўлиқ пакети тақдим этилади.
2. Камбағал оилалар:
Даромади нисбатан юқорироқ, яъни минимал иш ҳақининг 1,25 дан 1,5 бараваригача бўлган оилалар ушбу гуруҳга мансуб ҳисобланади. Бу ерда давлатнинг ижтимоий сиёсати “ижтимоий шартлашув” тамойилига асосланади: оилага маълум бир чекланган нафақалар ажратилади, бироқ бунинг эвазига меҳнатга лаёқатли аъзоларнинг бандлигини таъминлаш мажбурияти юкланади. Ҳар бир оила учун уларни камбағалликдан чиқаришга қаратилган индивидуал ривожланиш режаси ишлаб чиқилади.
3. Камбағаллик чегарасидаги оилалар:
Агар оиланинг даромади минимал миқдорнинг 1,5 бараваридан кам бўлса ва шу билан бирга хонадонда ижтимоий хавфли шарт-шароитлар (масалан, носоғлом муҳит, зўравонлик хавфи ёки яшаш шароитларининг кескин ёмонлиги) мавжуд бўлса, улар алоҳида назоратга олинади. Бундай оилалар учун фақатгина пул маблағлари эмас, балки мутахассислар томонидан йўналтирилган ижтимоий хизматлар ва ҳар бир ҳолатга мослаштирилган махсус ёрдам чоралари устувор аҳамият касб этади.
Реестрга киритиш жараёни беш босқичдан иборат:
- Ариза — давлат хизматлари маркази, «Инсон» маркази, ЯМИҲ АТ, ЯИДХП ёки «Ижтимоий карта» иловаси орқали. Шахс Face-ID, ЭРИ, дактилоскопия ёки СМС орқали тасдиқланади.
- Дастлабки баҳолаш — ЯМИҲ АТ идоралараро маълумотлар асосида автоматик равишда, 3 иш куни ичида.
- Саволнома — ижтимоий ходим оилага бориб, электрон саволнома тўлдиради; ариза берувчи биометрик воситалар орқали тасдиқлайди.
- «Маҳалла еттилиги» хулосаси — 3 иш куни ичида кўпчилик овози билан электрон имзо орқали тасдиқланади.
- Якуний баҳолаш ва киритиш — ЯМИҲ АТ 3 иш куни ичида оила портретини шакллантириб, реестрга киритади.
Жараённинг ҳар бир босқичида ариза берувчига бепул СМС-хабар юборилади. Рад этиш учун ҳам аниқ ҳуқуқий асослар талаб этилади — маъмурий органнинг ихтиёрий қарор қабул қилиш имкони минималлаштирилган.
III. Оила даромади ва таркибини аниқлашнинг ҳуқуқий мезонлари
Низомнинг 18–20-бандлари тоифалашнинг асоси — бир ойлик жами ўртача даромад — ни аниқлашнинг батафсил методологиясини белгилайди. Ҳисоблашга қуйидагилар киритилади: расмий иш ҳақи, мулкий даромадлар, алиментлар (тўланган алиментлар даромаддан чиқарилади), хорижий пул ўтказмалари (Марказий банк курси бўйича), пенсия, стипендия ва бошқа тўловлар.
Норматив даромад тушунчаси — расмий тасдиқлаш имкони бўлмаган ҳолларда ЯМИҲ АТ шартли даромадни автоматик ҳисоблайди. Бу норасмий иш орқали тизимни суиистеъмол қилиш имкониятини чеклайди.
Оила аъзоларининг ҳуқуқий мақомини аниқлашда нафақат яшаш факти, балки қонунчиликда белгиланган специфик мезонлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтожликнинг ўзига хос жиҳатлари тўлиқ инобатга олинган. Оила даромадини ҳисоблашда қуйидагилар оила таркибга киритилмайди:
- тўлиқ давлат таъминотидаги болалар;
- ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар;
- суд қарорига кўра бедарак йўқолган деб топилган шахслар;
- расман никоҳи бекор қилинмаган, аммо алимент тўлаш мажбурияти белгиланган эр (хотин).
Боқувчисини йўқотган ёки болани ёлғиз тарбиялаётган ота-оналар учун алоҳида ҳимоя нормаси белгиланган — бундай оилалар автоматик равишда тегишли статусга эга бўлади.
IV. Индивидуал режа ва жавобгарлик тизими
Реестрдаги ҳар бир оила учун «маҳалла еттилиги» иштирокида индивидуал режа тузилади. Унда ижтимоий нафақалар, таълим имтиёзлари, тиббий ёрдам, бандликка кўмаклашиш аниқ муддатлар ва масъул идоралар кўрсатилган ҳолда белгиланади. Режа ижросининг ҳолати ЯМИҲ тизимида реал вақт режимида кузатилади.
Принципиал ҳуқуқий ўзгариш: индивидуал режа ижросининг ҳолати туман (шаҳар) ҳокимларининг KPI кўрсаткичи сифатида белгиланди (қарорнинг 2-банди «в» кичик банди). Бошқарув самарадорлиги агентлиги эса мазкур кўрсаткични маҳаллий ижро органлари раҳбарларини баҳолашда алоҳида ўрин тутишини таъминлаши шарт (қарорнинг 6-банди). Маҳаллий раҳбарлар энди ижтимоий ҳимоя самарадорлиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
«Камбағал оила» тоифасидаги оилалар учун режада меҳнатга лаёқатли аъзоларнинг расмий бандлигини таъминлаш мажбурияти ҳам белгиланади. Муддат — ушбу реестрга ўтказилган санадан ҳисобланади.
V. Апелляция кенгашлари: фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг янги механизми
Қарорнинг 5-бандига кўра, барча туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида бир ой ичида Апелляция кенгашлари ташкил этилиши лозим. Ушбу орган — маъмурий шикоятни кўриб чиқувчи квазисудлов органи. Фуқаро кенгаш қарорини умумий тартибда суд орқали ҳам оширишга ҳақли.
Ушбу Кенгаш таркиби давлат органлари ва жамоатчилик вакилларининг мутаносиблиги асосида шакллантирилган бўлиб, қуйидаги иерархияга эга:
Раҳбарият ва бошқарув:
Кенгаш фаолиятига бевосита туман (шаҳар) ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари раислик қилади. Тизимнинг самарали ишлаши ва маҳаллалар билан алоқани мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг бўлим бошлиғи Кенгаш раисининг ўринбосари сифатида масъул этиб белгиланган.
Ижро ва мувофиқлаштириш:
Кенгашнинг кундалик ташкилий ишларини ва ҳужжатлар билан ишлаш жараёнини «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ходими котиб сифатида юритади.
Кенгашнинг доимий аъзолари:
Қарорлар қабул қилиш жараёнида соҳавий мутахассислар ва ижро тизими раҳбарлари аъзо сифатида иштирок этадилар:
Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи — бандлик ва меҳнат бозори масалалари бўйича;
«Инсон» ижтимоий хизматлар маркази директори — ижтимоий кейсларни профессионал бошқариш бўйича;
Халқ депутатлари Кенгаши котибияти мудири — жамоатчилик назорати ва депутатлик корпуси билан алоқани таъминлаш мақсадида.
Жамоатчилик назорати ва вакиллиги:
Ижтимоий адолатни таъминлаш учун Кенгаш таркибига жамоатчилик асосида қуйидаги вакиллар киритилган:
«Нуроний» жамғармаси вакиллари кекса авлод вакилларининг манфаатларини ҳимоя қилиш учун;
Ногиронлиги бўлган шахслар жамияти аъзолари имконияти чекланган шахсларнинг эҳтиёжлари инобатга олинишини таъминлаш учун.
VI. Рақамлаштириш ва маълумотлар ҳимояси
Янги тизимнинг асосий ижро воситаси — «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» (ЯМИҲ) ахборот тизими. Барча жараёнлар тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади.
Ҳуқуқий нуқтаи назардан муҳим янгилик: ариза берувчи аризани биометрик воситалар ёки СМС орқали тасдиқлагани — шахсий маълумотларни ишлашга розилик берганлигини билдиради (Низомнинг 8-банди). «Розилик» мазмунини аниқ меъёрлаштириш рақамли ҳуқуқ нуқтаи назаридан мазкур тизимнинг муҳим ютуғидир.
Қарорнинг 4-бандига кўра, Рақамли технологиялар вазирлиги ва Адлия вазирлиги икки ой ичида манфаатдор вазирликлар билан биргаликда 5 ва 7-иловалардаги маълумотларнинг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали ЯМИҲ АТга узатилишини таъминлаши шарт. Натижада ариза берувчи кўпгина маъмурий ҳужжатларни тўплаш заруратидан озод бўлади.
Шунингдек, қарорнинг 3-банди «а» кичик бандига кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги икки ой ичида ЯМИҲ тизимига биометрик идентификация (Face-ID), ЭРИ ва СМС орқали ариза тасдиқлаш имкониятини яратиши лозим.
VII. Молиявий ҳимоя чоралари
2026 йил 1 январдан минимал иш ҳақи миқдори белгиланди. Барча нафақа ва стипендиялар шу миқдорга нисбатан ҳисобланади. 2-иловадаги жадвалда 14 тоифадаги нафақа тури аниқ нисбатлар билан белгиланган — бу фуқарога ҳуқуқий аниқлик беради.
Муҳим ўтиш нормаси: «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» АТ орқали болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олаётган «яшил» тоифадаги оилалар 2026 йил 1 февралга қадар қўшимча ариза талаб этилмасдан Ижтимоий реестрга ўтказилади (қарорнинг 2-банди «а» кичик банди). Тўловлар узлуксиз давом эттирилади — бу аҳоли учун тизим алмашинишидаги ҳуқуқий барқарорликни таъминлайди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикасининг ПФ-258 Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 35-сон қарори ижтимоий ҳимоя соҳасида бир қатор принципиал ҳуқуқий ўзгаришларни жорий этди: ягона реестр ва аниқ тоифалаш тизими орқали дискреция ваколатлари чекланди; индивидуал режа KPI-жавобгарлиги орқали маҳаллий ижро ҳокимиятига ижтимоий натижадорлик юкланди; апелляция кенгаши орқали фуқаронинг ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг маъмурий механизми яратилди; биометрик тасдиқ ва СМС-хабарлаш орқали жараённинг шаффофлиги меъёрлаштирилди.
Ушбу ислоҳот нормаларини тўлиқ ва самарали ижро этиш барча манфаатдор орган ва ташкилотлардан юқори ҳуқуқий масъулиятни талаб этади.
Мурод Маматқулов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Жиззах вилоят бошқармаси бош юрисконсульти
