“Янги Ўзбекистон” массиви: Дўстлик туманида янги турар жойлар барпо этилмоқда
2026-03-27 14:35:00 / Янгиликлар

Жиззах вилояти, Дўстлик туманидаги “Чинобод” маҳалласи ҳудудида “Янги Ўзбекистон” массиви ташкил этилмоқда. Мазкур лойиҳа Президентимизнинг аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш, қулай ва замонавий уй-жойлар қуриш борасидаги ташаббуслари асосида амалга оширилмоқда.
Массивдаги қурилиш ишлари режа асосида амалга оширилиб, жами 50 та беш қаватли турар жой биноси барпо этилиши кўзда тутилган. Ҳозирги кунга келиб, 15 та кўп қаватли турар жой фойдаланишга топширилди.
Яна шунча кўп қаватли уйларни қуриш ишлари босқичма-босқич давом этмоқда. Янги турар жойлар нафақат замонавий архитектура ечимлари, балки муҳандислик-коммуникация тармоқлари, болалар майдончалари, яшил ҳудудлар ва инфратузилма билан ҳам таъминланиши режалаштирилган.
Мазкур массив аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш билан бирга, туманнинг шаҳарсозлик қиёфасини тубдан ўзгартириши ва аҳолининг ҳаёт сифатига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.
