Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди
2026-03-09 11:30:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 5 февралида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
Мазкур қонун билан аввало, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, кодекс янги 113-1, 125-4 ва 198-9-моддалари билан тўлдирилди.
113-1-моддага мувофиқ, темир йўл транспортида ва метрополитенда ҳаракат ва ташиш хавфсизлиги талабларини бузиш мансабдор шахсларга ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Темир йўл транспортида ва метрополитенда ҳаракат ва ташиш хавфсизлиги бузилиши билан боғлиқ ҳодисани, у ҳақидаги маълумотларни қасддан яшириш, худди шунингдек ушбу ҳодиса тўғрисидаги ахборотни қасддан бузиб кўрсатиш эса мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Темир йўл транспортида ва метрополитенда йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш қоидаларини бузиш мансабдор шахсларга ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ёки “Автомобиль транспортида мунтазам йўналишларда йўловчиларни ташиш қоидаларини бузиш" деб номланган 125-4-модда асосида автомобиль транспортида йўловчиларни мунтазам йўналишларда ташиш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома ёнида бўлмаган ҳолда йўловчи ташиш, белгиланган йўл ҳақи тарифларини ошириш, мунтазам йўналиш бўйича тасдиқланган қатнов жадвалига амал қилмаслик, тасдиқланган йўналиш схемасидан четга чиқиш базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима билан жазоланиши белгиланди.
Бундан ташқари, 198-9-моддада Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекциясининг ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларининг кўрсатмаларини бажармаслик учун жавобгарлик назарда тутилган.
Бундай ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаролар базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари, мансабдор шахслар эса беш баравари миқдоридаги жарима билан жазоланади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, мансабдор шахсларга эса етти баравари миқдорида жарима жазоси тайинланади
Л.Қодирқулов,
Жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман судининг раиси
С.Махмудов,
Тергов судьяси
