КОРРУПЦИЯ ҚАРШИ КУРАШИШ ДАВР ТАЛАБИ
2026-02-18 12:20:00 / Янгиликлар

Коррупция давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир, десак, янгилишмаган бўламиз. Агар коррупция ҳақида соддароқ айтадиган бўлсак, у давлат идораларида ишловчи шахсларнинг ўз амалидан фойдаланиб, шахсий манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйишлари, пора эвазига сотилишлари ёки сотиб олинишлари, ноқонуний моддий ёки номоддий бойлик орттиришлари демакдир.
Халқ тилида соддагина қилиб – коррупция, деб аталувчи ҳодиса барча ислоҳотлар илдизига болта ураркан, уни келтириб чиқарувчи сабаб ва қарши кураш чораларини билишимиз лозим бўлади.
Қонун ҳужжатларида коррупция тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: «Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир».
Аслида коррупция бирор мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир.
Коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлиқ ва шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фукаролик жамиятиинг ҳамкорлиги коорупциянинг олдини олишга доир чора тадбирлар устуворлиги ва жавобгарлигининг муқарралигидир. Ҳозирги кунда коррупцияга қарши кураш муаммоси ўта долзарбдир. Бу бир неча омиллар билан белгиланади.
Биринчидан, давлатнинг мансабдор шахслари томонидан ўз мавқеини суистеъмол қилиш ҳоллари ҳокимият обрўсига жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация қилиш жараёнларига путур етказади.
Иккинчидан, иқтисодий мазмуни ресурсларини тақсимлаш жараёнини деформациялашишидан иборат бўлган коррупция иқтисодиёт ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатади.
Коррупцияга қарши курашиш мураккаб жараён, чунки у нафақат яширин тарзда балки жиноий тил бириктириб содир этилади. Коррупция одатда шикоят берилишига сабаб бўлмайди чунки айбдор тарафлар қонунга хилоф битимдан наф кўрадилар. Ҳатто товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилиш устидан ҳам шикоят камдан кам ҳолларда берилади.
Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам давлат учун ҳам салбий оқибатларга сабаб бўлади. Зотан коррупция давлат органлари ходимларнинг моддий ёки мулкий йўсинда ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида ўз мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ходиса ҳисобланади.
Давлат хизматчилари коррупция фаолиятининг субъектлари ҳисобланади чунки коррупция муносабатлари юзага келишига сабаб бўлдиган қарорлар қабул қилиш ёки ҳаракатлар содир этиш учун ҳокимият ваколатига фақат улар эга бўлади.
Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида Такрор ва такрор айтаман. Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид.
Коррупцияга йўл қўйиш эса – ислоҳотларимизга хиёнатдир. Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз.
Барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилади. Ҳисоб палатасининг вакили фаолияти йўлга қўйилади. Ушбу раҳбарлар тизимдаги нопок шахсларни аниқлаш, шунингдек, бюджет маблағи талон-торож бўлиши ва мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатади ва Президент олдида ҳисобот беради.
Давлатнинг ҳар бир сўм маблағи, ресурси бўйича шахсий жавобгарлик кучайтирилади.
“Лавозимим, унвоним бор, менга ҳеч ким тегмайди”, деганлар адашади. Қонун олдида ҳамма тенг!
Ички ишлар, прокуратура, солиқ, божхона, молия, банк, йирик давлат компаниялари, вазирлик ва ҳокимликлар, бир сўз билан айтганда, бирорта идора ва ташкилот назоратдан четда қолмайди.
Комплаенс хизматининг фаолиятига тўсқинлик қилганлар – коррупцияга шерик, деб баҳоланади ва жавобгарлик шунга мос ҳолда бўлади.
Иймонли одам ҳаром луқма, бировнинг ҳақини ейишдан, ҳаром ишлар қилишдан тийилади, чунки унинг виждони поклиги бунга йўл қўймайди. Ва албатта, у ота-онаси, қариндош-уруғлари, халқи ва Ватани учун фидойилик билан ҳалол меҳнат қилади, ҳалол луқма топиб, фарзандларига едиради.
Коррупцияга қарши курашда албатда, мақсадимиз иқтисодиётимизни янада жадал юксалтириш, халқимиз фаровонлигини ошириш экан, коррупцияга қарши кураш йўлида барчамиз бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳат бўлишимиз керак, мақсадларга фақат жиноят ҳуқуқий воситалари билан эришиб бўлмаслиги тарихдан маълум. Бу борада барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ва дунёқарашини ўзгартириш орқали ижобий натижаларга эришиш мумкин. Умуман олганда коррупция шунчаки жиноят ёки ҳуқуқбузарлик эмас балки маънавий бузилиш ҳолати хамдир. Мазкур иллатга қарши курашда давлат органлари жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг биргаликдаги саъий-ҳаракатлари билангина кутилган натижага эришиш мумкин.
Б.Казаков,
Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг раиси
