“Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар”нинг содир этилиш сабаблари
2026-01-27 18:10:00 / Янгиликлар

Ҳар қандай мамлакат ўз келажагини ёшлар тимсолида, аниқроғи уларнинг жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етишида кўриши табиий ҳолдир. Ҳуқуқий демократик давлат тараққиётининг ривожи ҳам айнан ўсиб келаётган ёш авлоднинг таълим ва тарбия даражаси билан бевосита боғлиқдир. Бунга эришиш учун эса аввало, жамият аъзоларининг, шу жумладан, ёшларнинг сиёсий, ижтимоий, маънавий ва ҳуқуқий савияси юқори даражада бўлиши талаб этилади. Мамлакатимизда ёшларнинг баркамол инсон бўлиб, улғайишига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Бу борада муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев - Бугунги мураккаб замонда ёшларни жисмоний ва маънавий баркамол инсонлар этиб тарбиялаш биз учун ғоят муҳим вазифа бўлиб қолмоқда – деб таъкидлаб ўтди.
Мазкур устувор вазифадан келиб чиқиб, ёшларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан камол топтириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ривожлантириш, ҳуқуқий фаоллигини ошириш борасида мамлакатимизда мунтазам равишда турли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноятлар аҳоли соғлиғига, жамиятнинг иқтисодий ва маънавий негизига жиддий таҳдид солади, оилавий муносабатларга салбий таъсир кўрсатади, бошқа ижтимоий муаммолар келтириб чиқаради.
Гиёҳвандликни инсоният генофондига солаётган хавфи ҳозирнинг долзарб муаммоси эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу офатга қарши айни пайтда халқаро миқёсда мислсиз кураш олиб борилмоқда.
Гиёҳвандлик инсон соғлиғининг кушандаси, қанчадан қанча инсонларнинг умрига, соғлиғига зомин бўлаётган иллатдир. Сабаби сурункали гиёҳвндликка берилганларнинг аксарияти 30 ёшгача ҳам яшамайди. Яна бир ҳавфлти томони ОИТС, вирусли гепатит ва бошқа ҳавфли касалликлар билан боғлиқ равишда илдиз отади.
Мамалакатимизда, “Гиёҳвандлик воситалари ва психатроп моддалар тўғрисида”ги 1999 йилда қабул қилинган Қонун амалга киритилиши билан инсон ақл идрокига таъсир этувчи моддаларни истеъмол қилувчи шахсларга нисбатан муносабат ўзгариб, инсонийлик тамойиллари кучайтирилди. Гиёҳвандликка чалинган беморларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Ушбу қонун билан гиёҳвандликка қарши курашда бу иллатнинг профилактикасини таъминлаш чоралари белгиланди.
Қонунда бутун давлат ва жамоат ташкилотларининг гиёҳвандликка қарши курашиши мажбурийлиги белгиланиши билан бирга, наркотик моддаларни пропаганда қилиш мутлақо тақиқланди. Жиноят кодексида гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний муомаласи учун жавобгарлик белгиланган. Жиноят қонунчилигида бу жиноятларга, айниқса, вояга етмаганларни жалб қилишига алоҳида ҳол деб қаралади. Айрим ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик ўрнатилган. Жиноят қонунчилигидан ташқари яна бир қатор қонунларимиз ҳам гиёҳвандликка қарши қаратилгандир.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 270-276-моддаларини ўз ичига олган ХИХ боби “Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар” деб номланиб, бунинг учун қатъий жазо чоралари белгиланган.
Аммо жазо қанчалик оғир ва муқаррар бўлмасин, ўз қилмишининг оқибатини ўйламаган инсоннинг кўзи очилиши қийин. Чунки гиёҳвандликнинг ёвуз чангалига илинган инсон ундан қутилиб чиқиши амримаҳол бўлиб, аксинча у ўз турини ҳар томонга ёйишга интилиб, янги-янги қурбонларни домига тортади. Улар келтирган офатлар оилаларни бузилишига, ҳали туғилмаган гўдакларни келажакда мажруҳ, ногирон бўлиб қолишига, ёшларни умрини хазон бўлишига сабаб бўлади.
Бугунги кунда бундай иллатга қарши курашиш учун ҳозирда аҳоли орасида, оила, мактаб, маҳалла, мутассадди ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлигида мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Гиёҳвандлик жинояти ҳақида бутун дунё ташвишга тушаётган бир пайтда мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаро ушбу иллатнинг салбий оқибатларидан тегишли хулоса чиқариб олиши керак. Ушбу соҳадаги қонунбузарликнинг олдини олишда, мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат идоралари ва соғлиқни сақлаш муассасалари мутасаддилари, балки жамоатчилик бирлашмалари, ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим муассасалари қолаверса, кенг жамоатчилик ҳар биримиз масъулдирмиз. Ҳар биримиз келажак авлод баркамоллиги, эртанги кунимиз фаровонлиги учун жавобгармиз.
Н.Эрназаров,
Жиззах вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судяси
А.Уринов,
Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг тергов судяси
