“Янги Ўзбекистон” массиви — фаровон ҳаёт сари қадам
2026-01-12 15:25:00 / Янгиликлар

Бугун Янги Ўзбекистон тараққиёт йўлида дадил қадамлар ташлаётган бир паллада, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида инсон манфаатлари устувор бўлган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Айниқса, аҳолини муносиб уй-жой билан таъминлаш, замонавий ва қулай яшаш муҳитини яратиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Шу эзгу мақсадлар йўлида Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, туманнинг “Чинобод” маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” турар жой массиви бугунги кунда кенг жамоатчилик эътиборини тортмоқда.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, шаҳарсозлик маданиятини такомиллаштириш ҳамда ҳар бир оила учун муносиб ҳаёт шароити яратишга қаратилган ташаббуслари асосида ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Лойиҳа доирасида жами 50 та беш қаватли кўп қаватли турар жой биноларини қуриш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар уларнинг 15 таси тўлиқ қурилиб, фойдаланишга топширилди. Қолган уй-жойлар қурилиши эса белгиланган режа асосида босқичма-босқич давом этмоқда.
“Янги Ўзбекистон” массиви фақатгина замонавий уй-жойлар билан чекланиб қолмай, аҳоли учун барча қулайликларга эга яшаш муҳитини яратишни ҳам кўзда тутади. Массив ҳудудида муҳандислик-коммуникация тармоқлари, болалар ўйин майдончалари, яшил ҳудудлар, дам олиш масканлари ҳамда зарур инфратузилма объектлари барпо этилиши режалаштирилган.
Бу эса ўз навбатида нафақат аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, балки туманнинг шаҳарсозлик қиёфасини янгилаш, аҳоли ҳаёт сифати ва ижтимоий фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади.
Айтиш жоизки, “Янги Ўзбекистон” массиви Дўстлик туманининг янги қиёфасини шакллантириш, уни замонавий ва обод масканга айлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Бундай эзгу ишлар эса юртимизда инсон қадри, тинч ва фаровон ҳаёт йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир.
