МУНОСАБАТ
2025-12-14 16:15:00 / Янгиликлар

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда туманда фаолият олиб борган уй-жой ширкатлари раҳбарларидан бирининг фикрлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ушбу фикрларда туман ҳудудида ҳозирда иш олиб бораётган Бошқарув сервис компаниясининг фаолияти ноқонуний, деган мазмундаги даъволар илгари сурилган.
Мазкур ҳолат юзасидан шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Бошқарув сервис компанияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июнда қабул қилинган “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-5152-сон Қарори асосида ташкил этилган ва ўз фаолиятини айнан ушбу ҳужжатда белгиланган меъёрлар асосида амалга ошириб келмоқда.
Мазкур қарор кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини ислоҳ қилиш, бошқарув органларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, уй-жойларнинг умумий мол-мулкини сақлаш, ундан самарали фойдаланиш, таъмирлаш ҳамда уй-жойларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ишларини изчил йўлга қўйишни мақсад қилган. Бошқарув сервис компанияси ана шу эзгу мақсадлар йўлида қонун доирасида иш олиб бормоқда.
Айрим шахслар томонидан билдирилаётган асоссиз фикрлар эса жамоатчилик орасида нотўғри тасаввур уйғотиши, ислоҳотлар мазмунига соя солиши мумкин. Ҳолбуки, давлат томонидан қабул қилинган қарорлар ва улар асосида ташкил этилган тузилмалар фаолияти қонун устуворлиги, шаффофлик ва аҳоли манфаатларига хизмат қилиш тамойилларига таянади.
Шу боис, ҳар қандай фикр ва хулоса қонун нормаларига таянилган ҳолда, аниқ далиллар асосида билдирилиши лозим. Асоссиз даъволар эмас, балки ҳақиқат ва қонун устуворлиги жамият тараққиётининг бош мезони бўлиб қолаверади
Дўстлик тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.
