Дидактик ўйин турлари кўргазмаси
2025-12-18 09:35:00 / Янгиликлар

Дўстлик туманида мактабгача таълим тизимидаги янгича ёндашувлар, илғор педагогик тажрибалар амалда ўз ифодасини топмоқда. Ана шундай эзгу ташаббуслардан бири Дўстлик тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ўтказилди.
Ушбу таълим муассасасида педагоглар томонидан тайёрланган болаларнинг мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, атроф-олам ҳақидаги тасаввурларини бойитишга қаратилган дидактик ўйин турлари кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмада тақдим этилган ҳар бир ўйин болаларнинг ёш хусусиятлари, қизиқишлари ва билиш эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилгани билан аҳамиятли бўлди.
Дидактик ўйинлар орқали болаларда таҳлил қилиш, қиёслаш, хулоса чиқариш, мустақил фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, шунингдек, табиат, жамият ва кундалик ҳаётга оид тушунчаларни содда ва қизиқарли усулда ўзлаштириш имконияти яратилди. Айниқса, ўйин элементларига бой, қўл меҳнати асосида тайёрланган воситалар болажонларнинг диққатини тортиб, уларнинг таълим жараёнида фаол иштирок этишини таъминлади.
Тадбир давомида педагоглар ўзаро тажриба алмашиб, дидактик ўйинлардан самарали фойдаланиш бўйича фикр ва таклифларини билдирдилар. Бу эса таълим сифатини янада ошириш, замонавий педагогик технологияларни амалиётга кенг жорий этишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Мазкур кўргазма мактабгача таълим тизимида болаларнинг интеллектуал ва маънавий камолотига қаратилган ишлар изчил давом эттирилаётганининг яққол далили бўлиб, келажак авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этилди.


