КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИДАГИ ҒОВ
2025-12-09 16:10:00 / Янгиликлар

Маълумки, коррупция хавфли иллат бўлиб, жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигини келтириб чиқаради, бу эса, барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этади.
Янги Ўзбекистонни коррупциядан холи, соғлом ва шаффоф жамиятга айлантириш давлат сиёсатининг бош мақсадидир. Кейинги тўққиз йилда коррупцияга қарши курашиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилиб, тарғибот-ташвиқот тадбирлари изчиллик билан олиб борилмоқда.
Албатта, ҳар бир қонун яхшиликни кўзлаб, эзгу мақсадда қабул қилинади.
Ана шундай тарихий аҳамиятга эга ҳужжатлардан бири 2017 йил 3 январь куни Президентимиз томонидан имзоланган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонундир. Унда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда кенг қамровли чора-тадбирлар ва нормалар белгиланган.
Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда дунёда коррупция ва порахўрлик натижасида йилига бир триллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштирилар экан. Бу маълумот коррупция муаммолари билан шуғулланувчи “Transparency International” ташкилотининг ҳисоботларида таъкидланган.
Дунёнинг илғор давлатлари коррупцияга қарши жиддий чоралар кўриш билан бирга, халқаро миқёсдаги дастурларни амалга оширишда ҳам фаол иштирок этмоқдалар.
Миллий тараққиётга тўсиқ бўлиб келаётган коррупцияни бартараф этиш йўлида давлатимиз томонидан дадил қадамлар ташланмоқда. Энг муҳими, халқимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан биргаликда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб бориб, таъсирчан жамоатчилик назоратини босқичма-босқич ўрнатмоқда.
“Transparency International” халқаро ташкилотининг “Коррупцияни қабул қилиш индекси” рейтингига кўра, Ўзбекистон сўнгги йилларда минтақадаги тез суръатларда соғломлашиб бораётган давлатлар қаторида эътироф этилган.
Шундай давлатлар борки, уларда пора олишни “жамоатчилик ахлоқи нуқтаи назарига тўғри келмайди”, деган тамойил шаклланган. Масалан, Дания ва Финляндия давлатларида шундай тушунча шаклланган.
Японлар ҳам, хитойликлар ҳам, сингапурликлар ҳам халқ руҳиятини сақлаб қолиш, қадриятларни мустаҳкамлаш, ватанпарварлик мафкурасини аҳоли онгига сингдириш орқали миллий тараққиётга эришди.
Биз ҳам бу ёруғ йўлдан боришга муносибмиз. Зеро, эркинлик ва у яратаётган бой имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш — Ўзбекистонда коррупция муаммосини ҳал этиш билан чамбарчас боғлиқ ҳаётий жараён.
Шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг эркин ва дадил фаолият юритиши орқали жамият ҳаётини демократлаштириш, одамларни мустақил фикрлашга ундаш, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш ва изчил йўлга қўйиш зарур.
Коррупцияга қарши курашишни тўлақонли, сифатли, талаб даражасида амалга оширсак, жамиятимиз равнақи илдам олға боради. Айни тамойилни суд соҳасида ҳам кўриш мумкин.
Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда ушбу тоифадаги жиноят ишларини сайёр суд мажлисларида кўришни кўпайтириш, хусусий ажримларнинг таъсирчанлигини ошириш, маъруза ва давра суҳбатлари, оммавий ахборот воситаларида тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш талаб этилади.
Жорий йилнинг 5 март куни давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг йиғилишида ҳар бир соҳада коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, суд тизимида ҳам одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарурлигини таъкидлагани бежиз эмас.
Дарҳақиқат, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш, адолатни таъминлаш аҳолининг судга, давлатга ва олиб борилаётган ислоҳотларга ишончини мустаҳкамлайди.
Л.Қодирқулов,
Жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман судининг раиси
