"O‘zbek tili – qalbim tarjimoni" танлови ғолиблари аниқланди
2024-10-18 13:30:00 / Янгиликлар

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ва Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда мамлакатимиз олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган она тили ўзбек тили бўлмаган хорижлик талабалар ўртасида "О‘zbek tili – qalbim tarjimoni" республика кўрик-танлови ташкил этилди.
Танлов 3 босқичда ташкил этилиб, унда фақат кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар иштирок этди.
Кўрик-танловнинг саралаш босқичида олий таълим муассасаларидан тавсия қилинган хорижлик талабаларнинг ишлари (1-босқичда ёзган эссе ва ўзини таништириш бўйича видеолавҳа) Ташкилий қўмита томонидан кўриб чиқилди ва энг юқори балл тўплаган 15 нафар иштирокчи республика босқичига тавсия этилди.
Танловнинг Республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросимида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти иштирок этиб, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини мустаҳкамлаш, халқаро миқёсдаги мавқесини ошириш, миллий тилимиз ва маданиятимизни тарғиб қилиш бўйича фикрларини билдириб ўтдилар. Шундан сўнг финал босқичининг "Эркин мавзу да бадиий чиқиш" шарти бўйича иштирокчилар томонидан тайёрланган ўзбек тилидаги шеър ва қўшиқлар тингланди. Таъкидлаш жоизки, хорижлик талабаларнинг тилимиз жилосини мадҳ этувчи чиқишлари давлат тилимизга ҳурматнинг ўзига хос ифодаси бўлди. Якуний натижаларга кўра, танлов ғолиблари билан танишинг:
1-ўрин: Ринка Ягане (Япония) Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси;
2-ўрин: Эмоди Несар Ахмад (Афғонистон) Термиз давлат университети талабаси;
3-ўрин: Ванг Чао Юан (Хитой) Тошкент ахборот технологиялари университети талабаси.
Эслатиб ўтамиз, танлов ғолиблари мос равишда диплом ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 40, 30 ва 20 баравари миқдорида пул мукофотлари, фаол иштирокчилар эса сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.






