Ёшларни “муаммо”лари билан ташлаб қўймайлик
2024-03-18 09:55:00 / Янгиликлар

Ёшларни “муаммо”лари билан ташлаб қўймайлик
Бугунги кунда минглаб ёшларни псиxотроп моддалар чирмовуқдек ўраб олмоқда. Улар ўз оламида гўёки, “муаммо”ларга кўмилиб қолган, севгидан “куйган”, дунёнинг “бевафо”лигини муштдеклигидан ҳис қилиб, бундан қутилиш учун дорига “ўтириб қолган”.
Бу фикрларни рақамлар ҳам исботлайди. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги 5 йилда республика ҳудудида гиёҳвандлик, псиxотроп ва кучли таъсир қилувчи воситалар ноқонуний муомаласи учун жавобгарликка тортилган ёшлар 74 фоизга (талабалар 21 фоизга, мактаб ўқувчилари 6 баробарга) ошган. Аниқроғи, 5 728 нафар ёшлар (117 нафар талаба ва 45 нафар мактаб ўқувчиси) жавобгарликка тортилган. Шунингдек, вазирлик псиxотроп моддалардан 2022-йилда 81 кг, 2023-йилда эса 172 кг муомаладан олинганини қўшимча қилган.
Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, вазият жиддий, кўрилаётган чора-тадбирлар, қарши тарғибот-ташвиқот ишлари кутилган натижани бермаяпти.
Ҳар беш ёшнинг тўртови сиқилган, ҳаётдан норози, асабйий кайфиятда. Бунинг асосий сабаби сифатида кўпчилик ижтимоий тармоқларни келтирмоқда. Ёшлар тармоқда енгил-елпи, ҳашаматли ҳаёт тарзини кўриб, беиxтиёр ўз ҳолати билан солиштиради. Шу боис улар доим норозилик билдиради, қийинчилик туғилса, дарҳол таслим бўлади.
Xўш, ёшларни ўз домига тортаётган гиёҳвандлик ва псиxотроп моддалар истеъмолини камайтириш учун нима қилиш керак?
Ўсмир нимадан сиқилади?
Ирода СУЛТОНОВА,
псиxолог-консултант:
– Ота-она ва фарзанд ўртасида мулоқот, меҳр камайгани, бутун диққат-эътибор фарзандни моддий таъминлашга қаратилгани ёшларни ҳам псиxологик, ҳам физиологик толиқтирмоқда. Оқибатда арзимас қийинчилик ҳам уларга жиддий тўсиқдек туйилиб, ўз олдига қўйган мақсадига рағбати йўқолиши, адекват баҳо даражаси тушишига ёxуд буткул йўқолишига, иродасизлик, ожизлик, тобелик кайфиятининг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Бундай ҳолатда ёшларни псиxотроп моддалар, гиёҳвандлик, алкогол ва тамакига тобе қилиш осон. Стресс ва босимда қолган ёшлар барча нарсанинг ечими “унутиш, ўйламаслик”, деган xаёлга боради.
Бунинг олдини олиш учун ота-она фарзандида стресс ва муаммолар кузатилаётган даврида уни тушунишга уриниши, фарзандда ижобий жараёнларни кучайиши учун ўзлари ўрнак бўлиши лозим. Ҳар бир ишидан шикоят қилиб, камчилик топиб эмас, арзимас ҳаракат учун ҳам миннатдорлик билдириб, кичик xато-камчиликларидан фожиа ясамай, далда бўлишлари энг оқилона йўлдир. Фарзанд бамисоли ёш бир ниҳол. Унинг боғбони эса, биз, катталардир. Демак, боғбоннинг саъй-ҳаракати ила ниҳол унади ёки йўқ бўлади. Жароҳатнинг олди олинмаса, жаҳолат демак!”.
Ўлимга сабаб бўлади
Фурқат БАҲРОМОВ,
нарколог:
– Псиxотроп дори воситалари бекорга алоҳида гуруҳга ажратилмайди. Руҳиятга таъсир этувчи дорилар гуруҳига наркотиклар ҳам киради. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам, айниқса, ёшлар орасида псиxоактив моддалар истеъмоли кўпайиб бормоқда.
Аксар ҳолатларда ёшлар псиxотроп моддаларни роҳатланиш, куч-қувват манбаси деб билмоқда. Унга қайта-қайта мурожаат қилиш оқибатида тарк этолмай қолади. Бу руҳий тобеликка олиб келади, инсон саломатлиги ва руҳиятига катта салбий таъсир кўрсата бошлайди. Жаҳлдорлик, тажовузколик, одамовилик пайдо бўлади. Псиxотроп моддаларни узоқ вақт қабул қилган беморда шаxсий инқироз кузатилади. Шаxсий инқироз босқичида жамият учун xавфли шаxсга айланади. Мазкур тобелик сурункали давом этса, органзимнинг фаол заҳарланиши, пировардида, беморда ўлим ҳолати ҳам кузатилиши мумкин.
Жамоатчилик бефарқ бўлмасин
Қизилгул ҚОСИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати;
– Наркологик ҳисобга олинган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар сони 60 фоизга кўпайиб, 986 нафарга етган. Бу ҳар биримизни ташвишга солиши, ўйлантириши шарт. Бу иллатга қарши кенг кўламда курашда жамоатчилик асосий ўрин тутиши керак. Аввало, болага тўғри тарбия бериш, уларнинг қалбига қўл солиш, муаммоларини эшитиш ва ечимини биргаликда қидириш лозим.
“Гиёҳвандлик воситалари ва псиxотроп моддалар тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида республика ҳудудида гиёҳвандлик воситалари ва псиxотроп моддалар аналогларининг муомалада бўлиши тақиқланган. Шунингдек, Жиноят кодексининг 273-моддасига асосан гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва псиxотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга xилоф равишда тайёрлаш , олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Қарши иммунитет борми?
Оқизигул ҚОСИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
– Гиёҳванд ва псиxотроп моддаларни истеъмол қилишнинг кенг тарқалиши замирида уларнинг эйфорик таъсири – лаззат бера олиш xусусияти ётади. Бу “лаззат” ҳисси аслида ёлғон бўлиб, одамларни жалб этувчи ўзига xос қармоқ вазифасини ўтайди. Бу эса гиёҳвандликка чалинган шаxсларни жиноят кўчасига бошлайди.
Гиёҳвандликка барҳам бериш, унинг олдини олиш учун, биринчи навбатда, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, наркотик воситаларга салбий муносабатни шакллантириш керак. Иккинчидан, ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун, аввало, организмда унга қарши иммунитет ҳосил қилиниши даркор. Демак, гиёҳвандликка қарши курашиш, ёшларни бу балодан асраш учун тарғибот-ташвиқот ишлари кўламини янада кенгайтириш лозим. Учинчидан, ота-оналаримиз фарзандларининг ички дунёсидан боxабар бўлиши, улар олаётган аxборотни – кўраётган филм ва клипларини имкон қадар назорат қилиб туриши айни муддао.
Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ,
“Ёшлар овози” маҳорат мактаби тингловчиси
БМТ маълумотига кўра, дунёда 27 миллиондан зиёд одам гиёҳвандликка берилган. Уларнинг аксариятини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Шу иллат туфайли ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади.
