Ёшлар ижтимоий тармоқларнинг “маҳбуси”га айланмоқда
2024-03-11 09:30:00 / Янгиликлар

#Мулоҳаза
“МИНГ СЎМДАН, АКАЖОНЛАР”
Мобил глобаллашув даврида яшаяпмиз. Сония сари ўзгараётган ҳаёт тарзи, албатта, бугунги давр технологияларига чамбарчас боғлиқ. Айни дамда бутун инсониятнинг “маслакдоши”, кези келганда “виртуал дўсти” га айланган ижтимоий тармоқлар миллионлаб кўзларни ўзига қаратган.
Бугун кўча, мактаб-у олий ўқув юртлари, жамоат транспортлари, бозорларда, умуман инсон қаерда гавжум бўлса, ана ўша ерда одамлар қимматли вақтини Инстаграмдаги контентларни томоша қилишга сарфлаётганига кўзингиз тушади.
Фойдали, савияли чиқишлар бўлсаку, майли, лекин айрим “блогер”ларимизнинг куракта турмайдиган сўкиш-у қарғишлари, қайси кийимини қанчага олгани, кечки овқатга нима еганини билишдан берига ўтмаймиз. Келинг, ўтган йилдаги Инстаграмдаги “ижод намуналари”га нигоҳ ташласак. “Минг сўмдан, акажонлар”, “Со бўласлар”, “Банан (вазиятга қараб ўзгаради) евомман”, “Фалончининг шарманда видеоси тарқалди. Давоми аккаунтимда” сингари тренддаги гаплар, замон тескари айланиб, йигитларнинг чиройини кўз-кўз қилиши, мактаб ўқувчиларининг дарс машғулотларида билим олмай, синф хоналарида тармоқ саҳифалари учун “еган-емаган” материал тайёрлаши таъбингизни хира қилади. Кўплаб контентлар беъмани, тутуриқсиз ҳамда кўп ҳолда уят ва ҳаёсиз руҳда тақдим этиляпти. Негадир, кулгили бўлмаган, саёз гаплар, медиа маҳсулотлари бутун миллат ҳаётига кириб келиб, одамлар тилида анчагина “урчиб” юрадиган бўлди.
Депрессия ва агрессив кайфият
Ижтимоий тармоқлар ичида энг хавфлиси ҳам Инстаграмдир. Британия Соғлиқни сақлаш ташкилоти мутасаддилари 14 ёшдан 24 ёшгача бўлган 1,5 мингга яқин ёшлар орасида ижтимоий сўровнома ўтказди. Натижада, мунтазам Инстаграмга кирадиганлар орасида депрессия ва агрессив кайфият юқори экани аниқланди. Ўсмирлар орасида Инстаграмга кирувчилар доимий чарчоқ ва уйқусизлик дардидан шикоят қилган.
Инстаграмнинг энг салбий таъсири худбинлик характерини уйғотишидир. Дўстингиз ёки ҳамкасбингизнинг саҳифасини кузатиб, ундаги зўр шароитларни ўзингизники билан таққослайсиз ва ўз-ўзидан сизда, “нимага унда бори менда йўқ”, деган саволни пайдо қилади. Энг ёмони, инсоннинг ўзига бўлган ишончини сўндиради.
Ёшлар ижтимоий тармоқда дадилроқ
Ижтимоий тармоқларда ёшлар ҳаётдагидан коʻра дадилроқ, мулозаматсиз ва ҳатто шафқатсизроқ. Икки шахс коʻз-коʻзга тушганда айтолмайдиган гапларини интернетда бемалол айтади. Реал ҳаётдаги хулқ билан параллел равишда ижтимоий тармоқларда оʻзгача, оʻзига хос одоб шаклланмоқда. Бу эса, ўз навбатида, реал ҳаётдаги одамлар билан мулоқотда муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Энг ачинарлиси, кўплаб ёшларнинг “инстаблогер”ларга ҳавас, тақлид қилишидир. Уларнинг фикри фақат тезроқ машҳур бўлиш, обуначи кўпайтириш, реклама нархларини ёзиб, шундан даромад қилиш, маишат, қимматбаҳо машина, ҳашаматли уй...
Машаққатсиз ҳаракат ортидаги енгил-елпи ҳаёт, одамлар онгида ёмон таассурот билан эсланишни хоҳлаётганларнинг тобора кўпаяётгани ачинарли. Вазият шу ҳолда кетса, миллат минталитети, қадриятларининг йўқотилаётганига аччиқ-аччиқ ўкинамиз. Қаёқдаги жимжимадорлик ва нафсга учиб, яна бир авлодни бой бериб қўймайлик.
Виртуал оламдаги меъёр
Инстаграм — дунёнинг медиа минбари. Бу минбарда ўзбеклар ҳам бор. Керакли, фойдали барча учун бирдек ёқадиган маҳсулот тайёрлаш осон иш эмас. Мазкур тармоқда ўзбеклар яратган маънавий, ибратли озуқа берадиган, инсонлар яшаш муҳитига сезиларли ўзгариш олиб кирадиган блоглар, саҳифалар кўп. Тил ўрганиш дейсизми, ҳунар ёки касб, кўнглингиз ва ҳамёнингизга тўғри келадиганларидан истаганча топилади.
Бугун ҳеч кимнинг замонавий ахборот воситаларидан, жумладан, интернетдан фойдаланишини тақиқлаш мумкин эмас ва шундай йўл тутилса, бу катта хатолик ҳам, албатта. Аммо ҳамма нарсанинг ўз меъёри, маданияти бўлганидек, виртуал оламдаги чегараларимизни ҳам белгилаб олишимиз зарур.
Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ,
ЎзДЖТУ талабаси
