2023 йилда республикамизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси борасида қандай ишлар амалга оширилди?
2024-02-28 18:25:00 / Янгиликлар

ИИВ маълумотига кўра, 2023-йилда содир этилган умумий жиноятларнинг 82,7 фоизи фош этилган, қидирувдаги 7 563 нафар шахс ушланган, бедарак йўқолган 450 нафар шахс топилган. Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ахборот технологиялари воситаларидан фойдаланиб содир этилган 6 455 та жиноят аниқланган.
Бевосита маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилган. Натижада 2023-йил якуни бўйича мамлакатимиздаги 9 442 та маҳалладан 2 972 тасида ёки 31,5 фоизида жиноят содир этилмаган. Жиноятлар кўпайган 2 298 та ёки 24,3 фоиз маҳалла “қизил” тоифага киритилган.
Бу борада ИИВ Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилгани натижасида ижтимоий кўмакка муҳтож 6 634 нафар хотин-қиз ишга жойлаштирилган, қарийб 11 минг нафарига тиббий, моддий ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатилган.
Тазйиқ ва зўравонликка учраган 40 минг нафардан ортиқ хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Оилалар мустаҳкамлигини сақлаш мақсадида ўтказилган профилактик тадбирлар натижасида 17 327 та оила ярашган, оилавий муаммолар ва зўравонликка дуч келган 1 450 нафар хотин-қиз Аёлларни реабилитатсия қилиш ва мослаштириш марказларига жойлаштирилган.
Муҳокамалар жараёнида амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси йўналишида муайян камчиликлар, ўз ечимини кутаётган масалалар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар ҳам мавжудлиги айтиб ўтилди.
Хусусан, 2023-йилда мамлакатда 104 096 та жиноят рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 74 202 таси ёки 71,3 фоизи ҳисобот йилида содир этилган.
Жами жиноятлар сони мамлакат бўйича ҳар 100 минг аҳолига 289 тадан тўғри келган. Ушбу салбий кўрсаткич Тошкент шаҳрида 735 тани, Тошкент вилоятида 415 тани, Сирдарёда 378 тани, Фарғонада 328 тани ташкил этган.
Профилактика инспекторлари фаолиятининг сустлиги оқибатида олдини олиш имкониятлари мавжуд бўлган жиноятлар ҳанузгача жами жиноятларнинг салмоқли қисмини ташкил этмоқда.
Бу борада ҳам Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона ва Сирдарё вилоятларида салбий кўрсаткичлар юқорилигича қолаётганлиги туфайли, жорий йил 15-20-феврал кунлари Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ айнан Фарғона ва Сирдарё вилоятларида мазкур йўналишда ўрганишлар ўтказди. Ўрганишлар давомида аниқланган кўплаб камчиликларни тезкор равишда бартараф этиш юзасидан зарур кўрсатма ва тавсиялар берди.
Шу боис Қўмита мажлисида Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармалари ҳамда Фарғона ва Сирдарё вилоятлари бошқармалари масъул раҳбарларининг ҳам ахборотлари тингланди.
Оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилмоқда.
Жумладан, 2023-йил 12 ойида содир этилган 363 та қотилликнинг 141 таси ёки 38,8 фоизи оила-турмуш доирасидаги низолар оқибатида келиб чиққан.
Биргина мисол, жорий йил 17-январ куни Самарқанд вилоятида яшовчи, 2014-йилдан буён руҳий касалликлар касалхонасида рўйхатда турувчи, руҳий касал, 49 ёшли фуқаро уйида ўзаро жанжал оқибатида бирга яшаган 2019 йилдан буён руҳий касалликлар касалхонасида рўйхатда турувчи 26 ёшли ўғлини бошига болта билан уриб ўлдирган. Айнан шу каби ҳолатлар яқин қариндошлар ўртасида юз бераётган жиноятларни камайтириш бўйича кечиктириб бўлмас аниқ чораларни белгилаш лозимлигини кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, ёшларнинг муаммоларини бартараф этишга лозим даражада эътибор қаратилмаганлиги оқибатида 2023-йилда ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида содир этилган жиноятлар 2022 йилга нисбатан 5,3 фоизга ортган. Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг сони айрим ҳудудларда юқорилигича қолмоқда.
Бундан ташқари, 12 мингга яқин ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилганлиги, жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари самарали ҳал этилмаётганини кўрсатди.
Шу билан бирга, барчамизни ташвишга солиши лозим бўлган яна бир муҳим масала йўл-транспорт ҳодисалари сони кундан кунга ортаётганлигидир.
Автомобил йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганлиги сабабли, 2023-йилда жами 16 млн дан ортиқ қоидабузарлик қайд этилган, жумладан 13 млн дан кўп қўпол қоидабузарлик, 42 мингга яқин транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, 300 мингдан ортиқ пиёдалар қоидабузарлиги қайд этилган.
Оқибатда, 9 839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 9 209 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2 282 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Энг ачинарлиси, 2023-йилда болалар билан боғлиқ 1 794 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 1 568 нафар бола жароҳатланган ва 263 нафар бола ҳалок бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига аҳолидан келаётган ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ мурожаатларнинг аксарияти ходимларнинг, айниқса, йўл-патрул хизмати ходимларининг тарбиясиз ҳаракатлари, йўл ҳаракати қатнашчилари билан қўпол муомаласи устидан эътирозни акс эттирмоқда.
Шу боис Қўмита томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича аҳолини норозилигига сабаб бўлаётган омиллар, хусусан автомобил йўлларида ўрнатилаётган радарлар ҳолати, уларни ўрнатиш меъёрлари, қонун ва қонуности ҳужжатлардаги тафовутлар батафсил ўрганилиши режалаштирилмоқда.
Мажлисда сенаторлар томонидан аҳоли ўртасида жиноятчиликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Бу борада тегишли тавсиялар берилди.
Унга кўра, бундан буён масъул вазирлик, идора ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда хотин-қизлар, вояга етмаганлар, ёшлар, айниқса, бандлиги таъминланмаган ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар, шунингдек, оилавий муносабатлар туфайли содир этилган жиноятларнинг доимий таҳлилини юритиш орқали бундай ҳолатларнинг келиб чиқиш сабаблари ва омилларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш чоралари кўрилади.
Кўриб чиқилган масала юзасидан Қўмитанинг аниқ таклиф ва тавсиялари акс этган тегишли қарори қабул қилинди.




