Қорақалпоғистон ёшлари билан очиқ мулоқот
2024-11-09 18:00:00 / Янгиликлар

Куни кеча Ёшлар масалалари бўйича Республика комиссияси раиси Қаҳрамон Қуранбоев ва комиссия аъзолари, хусусан, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳамда Маънавият ва маърифат маркази директори Отабек Ҳасановлар Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида яратилган шароитлар билан танишдилар.
Шунингдек, Агентлик директори Нукус шаҳрида янги қурилаётган “Ёшлар маркази” ва “Очиқ амфитеатр”ни замонавий касблар, интеллектуал мусобақалар, минглаб китоблар билан бойитилган кутубхона ва янги технологиялар билан жиҳозлаш таклифларини билдирди.
Шундан сўнг, ёшлар етакчиси қорақалпоқ ёшлари билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказди. Унда 30 дан ортиқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, улар ахборот технологиялари соҳасида хизмат кўрсатиш ва малака ошириш учун амалий ёрдам сўраб, бу йўналишда Ўзбекистондаги энг тажрибали компаниялар билан боғланиш имкониятига эга бўлишди.
Дунёнинг энг нуфузли университетларида таълим олиш учун “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали ўқув-семинарлар ташкил этиш ва ёш фермерларни қўллаб-қувватлаш учун инновацион ғоялар танловини ўтказиш таклифлари илгари сурилди. Учрашув давомида Ўзбекистондаги энг яхши брендларни Қорақалпоғистонга жалб этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.







