Хорижий экспертлардан иқтибослар
2024-10-25 18:00:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳрида 17-26-октабр оралиғида Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги ўтказилмоқда. Ҳафталик доирасида 25-октабр куни “Ренессанс Ҳалл” мажмуасида “Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати ва спорт соҳасида эришилган ютуқлар ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида халқаро сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда хорижий экспертлар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалардан иқтибослар.
Саида Амна Батул, Покистон Бош вазири офиси вакили, Покистон Миллий Ассамблеяси аъзоси :
Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати соҳасидаги ютуқлар ва соҳа бўйича истиқболдаги стратегиялар муҳокамасига бағишланган ушбу конференцияда иштирок этаётганимдан мамнунман.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг муҳим давлатларидан биридир. Биз ўзбек жамияти ва халқи билан исломий, тарихий ва маданий алоқаларга эгамиз. Ўзбекистонга келганимизда, ўзимизни меҳмондек эмас, гўё иккинчи уйимизга келгандек ҳис қиламиз.
Бу конференцияда бизга глобал алоқаларни кенгайтириш ва ёшлар ривожи ҳамда тараққиёти ҳақида фикр алмашиш имкониятини берди.
УНИCЕФ ҳисоботига кўра, дунё аҳолисининг 16 фоизи ёшлардан иборатдир. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, 2030 йилгача дунёда ёшлар сони 7 фоизга ошади ва бу рақам 1,3 миллиардга етади.
Биз ёшлар сонининг дунё миқёсида ортиб бораётганини инобатга олиб, уларнинг таълим олиши, соғлиги, фаровон ҳаёт тарзини таъминлаш йўлидаги режа ва мақсадларни биргаликда ишлаб чиқишимиз зарур.
Рафаэл Хажибайли, Озарбайжон Миллий ёшлар ташкилотлари ассамблеяси раҳбари:
Бугун ёшлар ривожи йўлидаги умумий мақсад ва масъулият атрофида тўпланганимиз мени жуда қувонтиради. Биз турли мамлакатлардаги ёшлар овозлари ва ғояларини ифода этамиз, бизни бирлаштирувчи мақсад – келажак авлод учун ёрқинроқ ва яхшироқ келажак яратишдир.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, жорий йилнинг август ойида Озарбайжон Республикаси Президенти жаноб Илҳом Алиев Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрди, бу икки давлат ўртасидаги ўзаро алоқалар ривожида янги саҳифани очди. Ташриф давомида ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, инфратузилмани кенгайтириш ва сиёсий мулоқотни янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинганди.
Миллий Ёшлар Кенгаши сифатида биз ушбу ташрифда белгиланган йўналишларни амалга оширишга ва етакчиларимиз томонидан белгиланган мақсадларга эришишга ўз ҳиссамизни қўшишга содиқмиз.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Озарбайжон ёшлар ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини, хусусан таълим, стартаплар ва ижтимоий тадбиркорлик соҳаларида тажриба ва амалиётлар алмашинувини кўришимиз мумкин.
Глобаллашув даврида халқаро алоқалар йиллар давомида фаолиятимизнинг ажралмас қисмига айланди ва айниқса, Ўзбекистон билан ҳамкорлик биз учун жуда муҳим. Чунки сиз бизнинг яқин ва қардош ҳамкоримизсиз. Туркий давлатлар сифатида биз ўз тарихий илдизларимизни чуқур англаймиз, бу эса ҳамкорлигимизнинг ажралмас ва муҳим пойдеворидир.
Лию Хи, “Ҳи Чина” Халқаро ёшларни ривожлантириш Альянси Президенти:
Ёшлар миллий тараққиёт ва халқаро муносабатларни ривожлантиришда ҳал қилувчи ўринга эга эканини чуқур англайман. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ёшлар сиёсати соҳасида ажойиб натижаларга эришди. Инновацион ва етакчиликка йўналтирилган кўплаб лойиҳалар орқали мамлакат келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратди. Биз бу ютуқларни жуда юқори баҳолаймиз.
Биз келгусида Хитой ва Ўзбекистон ёшлари ўртасидаги ҳамкорлик ва алмашинувни бардавом ва мустаҳкам бўлишининг тарафдоримиз. Икки мамлакат ёшлари учун алмашинув дастурларини давом эттиришдан, ҳамкорликдаги лойиҳаларни ривожлантириш ва соҳа тараққиёти йўлида бир-биримизни қўллаб-қувватлашдан мамнун бўламиз.
Тадбиркорлик ва инновациялар замонавий иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучидир. “Ҳи Чина” деярли 100 нафар хитойлик тадбиркор ва Ўзбекистон тижорий корхоналари ўртасида ҳамкорликни ташкиллаштирган. “Ҳи Чина” тадбиркорлик ҳамкорликларини давом эттиришни, тажриба, ресурслар ва бозор имкониятларини ўртоқлашишда ўзаро қўллаб-қувватлашни истайди. Икки давлат ёш тадбиркорларининг инновация ва тадбиркорлик соҳаларида янада чуқур ҳамкорлик қилишларга умид қиламиз, бу эса икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиради.
Иброҳим Бешинжи, Туркиянинг ёшлар жамғармаси раҳбари:
Туркия ёшлар жамғармаси (ТÜГВА) номидан бугун бу конференцияда иштирок этиш мен учун катта шараф. Бугун халқаро майдонда ёшлар соҳасидаги лойиҳаларимизни сизлар билан бўлишишдан хурсандмиз.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ёшлар сиёсати соҳаси катта суръат билан ривожланмоқда. Ёшларни ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳаларда қўллаб-қувватлаш мамлакатнинг асосий устуворликларидан бирига айланди.
Ўзбекистон ҳукумати ёшларнинг таълим, технология ва тадбиркорлик соҳаларида фаолроқ роль ўйнашини таъминлаш учун катта сармоялар киритмоқда. Биз давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлигимизни кучайтириб, маданий алмашинув ва бирдамликни оширишни мақсад қилганмиз.
Шу ўринда Туркия ва Ўзбекистон ёшлари ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликдан мамнун эканимизни эътироф этмоқчиман. Ҳамкорлигимиз мустаҳкам ва бардавом бўлсин!





