“Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси кубоги”
2024-09-05 14:00:00 / Матбуот анжуманлари

Бугун, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги биносида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги спортнинг гандбол тури бўйича “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси кубоги” мусобақалари юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида Ёшлар ишлари агентлиги директори биринчи ўринбосари Дилноза Каттаханова, Спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Шерзод Олимов, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси ўринбосари Абдулла Асланов ва Ўзбекистон гандбол федерацияси бош котиби Исмоил Матхолиқов иштирок этди.
2024 йилнинг сентабр ойидан бошлаб, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида мамлакатимиз бўйлаб маҳаллаларда истиқомат қилувчи ёшлар ўртасида гандбол бўйича уч босқичли мусобақа старт олади. Ушбу спорт тадбири “Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси кубоги” учун мусобақа сифатида ўтказилади ва ёшларни оммавий спортга жалб қилиш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишни мақсад қилган.
Ташкилотчилар: Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Спорт вазирлиги ва Ўзбекистон гандбол федерацияси.
Мусобақанинг бош мақсади – 2022 йил 11 апрелдаги Президент қарори ва 2024-йилги “Ўзбекистон - 2030” стратегияси доирасида ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланишга ундаш, шунингдек, маҳаллаларда спорт тизимини ривожлантиришга қаратилган вазифаларни амалга оширишдир.
Мусобақа уч босқичда ўтказилади:
-
Туман/шаҳар босқичи (15-30-сентабр): Маҳаллалардаги ёшлар ўртасида саралаш мусобақалари.
-
Ҳудудий босқичи (10-18-октабр): Туман/шаҳар босқичи ғолиблари ўртасида мусобақалар.
-
Республика финал босқичи (3-6 ноябрь): Ҳудудий босқич ғолиблари Республика кубоги учун курашади.
Гандбол мусобақалари Ўзбекистон Гандбол федерациясининг қоидаларига мувофиқ ўтказилади. Ҳар бир жамоада 10 нафар ёш эркак спортчи, 1 мураббий ва 1 жамоа раҳбари иштирок этади. Мусобақанинг финал босқичида ғолиб жамоалар кубок ва эсдалик совғалар билан тақдирланади.
Ушбу спорт мусобақаси ёшларни соғлом турмуш тарзи сари етаклаш ва улар орасидан иқтидорли спортчиларни аниқлашга қаратилган бўлиб, ўз маҳаллалари номидан иштирок этиш имкониятини тақдим этади.
Мусобақанинг туман ва шаҳар босқичи 15-30-сентабр кунлари, вилоят босқичи 10-18-октабр кунлари ҳудудларда ўтказилади ва Республика финал босқичи 3-6 ноябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган.
Мазкур мусобақада қатнашиш орқали ёшлар нафақат спорт билан шуғулланиш имкониятига эга бўлишади, балки ўз иқтидорларини намоён қилишади ва соғлом турмуш тарзига янада яқинлашишади.









