Орамиздаги қаҳрамонлар
2024-08-10 16:00:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда мамлакатимизда волонтёрлар сони кундан-кунга ошиб бормоқда. Улар томонидан инсонларга яхшилик қилиш, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, онкология ва гематология касаллигига чалинган болаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги ҳикоямиз, Тошкент шаҳрида ташкил этилган “Сен кучлисан” волонтёрлик лойиҳаси ҳақида.
Ушбу лойиҳасининг асосий мақсади Онкология ва гематология касаллигига чалинган болаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистонда онкологияга чалинган болалар ўртасида ўлим кўрсаткичини пасайтиришга, соғайишни оширишга эришишдан иборатдир.
“Сен кучлисан” лойиҳаси 5 та асосий вазифани амалга оширади.
1. Бемор болалар учун аниматорлар иштирокида байрам тадбирлари ўтказиш (ҳар бир болага имкон қадар ўзи истаган совғасини олиб бериш билан бирга);
2. Болаларнинг оналари учун психологик тренинглар ташкил этиш;
3. Мотивацион роликлар ва кўрсатувлар тайёрлаш ҳамда тақдим этиш;
4. Болалар чизган расмларини жамлаб, аукцион ташкил этиш ва тушган маблағлар орқали беморларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
5. Онкология ва гематология соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ва уларни ёритиш, аҳоли ўртасида бундай касаллик бўйича тушунчаларни ошириш, онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича ишлар олиб бориш.
Хозирги вақтга қадар, “Сен кучлисан” лойиҳаси доирасида жойларда 20 дан зиёд тадбирлар ўтказилди, 30.000.000 дан ортиқ бўлган пул маблағларига болаларнинг ўзлари истаган ўйинчоқлари олиб берилди. Шаҳар онкологияси касалхонасининг болалар бўлимида болаларга хос чиройли атмосфера яратилиб, ўйингоҳ безаклар ёрдамида ясатиб берилди. Натижада болалар ҳар ҳафта “Сен кучлисан” жамоасини интиқлик билан кутадиган бўлди. Тадбирларда ҳар бир бола фаол қатнашишга ҳаракат қилади.Сабаби ҳар бир тадбирга креатив ёндашилади. Бир тадбир-бошқа бирига ўхшамайди. Болаларга ўзлари истаган совғаларини олиб бериш- уларда юқори кайфиятни таъминлайди;
Бемор болалар кучли бўлишлари керак, аммо оналари икки баробар кучли бўлишлари талаб этилади. Бунда оналарнинг руҳий ҳолатлари муҳим аҳамият касб этади. Шуни назарда тутган ҳолда оналар учун махсус тренинглар ташкил этилди. Сўнгги марта Психологик тренингни 25.08.2023 куни “Шаҳар болалар онкологияси” касалхонасида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф фарзандлари Одинахон Муҳаммад Юсуф ўтиб бердилар. Тренингдан кейин оналар ўзларининг кучли эканликларини яна бир бор ҳис этдилар, ўзларида иродани кучайтирдилар.
Жуда кўп ҳолларда бемор болаларда психология бузилиши кузатилади. Бунда болажонлар (айниқса ўсмир ёшдагилар), даволаш курсларини кескин рад этиши, овқатланмай қўйиб атрофдагиларга норозилик билдириши, бақириш, йиғлаш, нарсаларни улоқтириш ва шу каби ҳолатлар кўп кузатилди. Натижада “Сен кучлисан лойиҳаси” вазиятни ўрганиб таҳлил қилди ва ўзининг илк мотивацион кўрсатув ва ролигини тайёрлади. Кўрсатувда бемор боланинг орзуси, унинг танлаган касбида ўзини синаб кўриши имкони берилади. Илк мотивацион кўрсатув ва роликда самарқандлик 14 ёшли Атҳамжон иштирок этди. Атҳамжонда юқоридаги муаммолар кузатилган. Атҳамжон билан суҳбатимдан кейин унинг учувчилик орзуси борлигини билдим ва “Узаирwайс” ҳамда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти ҳамкорлигида Атҳамжонга учувчилар кийими совға қилинди ва у самолёт бортида штурвалга таклиф қилиниб, учувчилар билан суҳбатда бўлди. Атхамжон ва “Узаирwайс” ўртасида келажак шартномаси тузилди. Натижада Атхамжоннинг келажакка умиди уйғонди, даволаниш курсларини давом эттирадиган бўлди.
Болалар расмларидан аукцион ташкил қилиш ғояси 28.07.2023-куни касалхонадаги тадбирда уйғонган. Тадбирда болаларга расм чиздирдим ва у ерди 8 ёшли Муҳаммад Алининг расмини сотиб олдим. Шунда Муҳаммад Алининг хурсанд бўлиб кетгани, тушган пулга футбол бутсасини сотиб олишини эшитиб ўйланиб қолдим ва ғоя туғилди. Бундай ишни кенг қамровда, ҳар бир бемор бола иштирокида қилиш кераклигини ўйлаб қолдим ва 21.08.2023-куни “Ўзбекистон бадиий санъати академияси” залида болалар суратлари иштирокида катта галерея ташкил қилдим. Тадбирни ташкиллаштиришда рассом, шоира Хуршида Намазбаева ва илк маротаба тузилган “Сен кучлисан” волонтёрлардан ташкил топган кўнгиллилар гуруҳи ёрдам берди. Тадбирда “Шаҳар болалар онкологияси”, “Республика болалар онкогематологиги” ва гематология қошидаги “Меҳрли мактаб болалари”, “Хоспис” болалари ҳамда уйида даволанувчи болалар ҳам, умумий ҳисобда 50 нафардан ортиқ болалар 300 дан ортиқ суратлар билан қатнашишди. Ушбу хайрия тадбири учун кенг жамоатчиликка 500 дан ортиқ таклифномалар тарқатилди. Аммо афсусланарлиси, саноқли инсонларгина иштирок этди ва умумий ҳисобда бор йўғи 8 млн сўм хайрия маблағи тўпланди ва суратлар эгаларига топширилди.
Ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам онкологияни енгиш, беморларга яхши шароитлар яратиш қийин. Сабаби онкологияга жуда катта харажатлар кетишидадир. Аммо Ўзбекистонда онкология соҳасида жуда кичик, оддий бўлган хатолар кўп учрамоқда. “Сен кучлисан” лойиҳаси онкологиядаги муаммоларни ўрганади, таҳлил қилади ва юзага чиқаради. Ўрганишлар натижасида 20 нафар болага мўлжалланган “Шаҳар болалар онкологияси” бўлими замонавий бино ва таъмирга муҳтож эканлиги, у ердаги болалар таълимдан узилиб қолганликлари аниқланди. Натижада “Сен кучлисан” лойиҳаси “Ёшлар ишлар агентлиги” томонидан ташкил этилган “лойиҳаларни молиялаштириш” танловида “Шаҳар онкологиясидаги” доимий даволанувчи 21 нафар болага, таълимдан узилиб қолмасликлари учун уларни ноутбуклар билан таъминлаш лойиҳаси билан қатнашдим ва тез орада ушбу лойиҳани ҳимоя қилиб, 21 нафар бола учун ноутбуклар ютамиз деган умиддамиз.
Аҳоли ўртасида, ота-оналар билан олиб борган суриштирувларимизда 10 тадан 9 нафарида онкологияни эрта аниқлаш ҳақида умуман тушунча йўқ. Шу сабабдан ҳам ҳар йили аниқланадиган онкология билан касалланган 1000 дан зиёд боланинг 30 фоизи жуда кеч ҳолатларда (3-4 даражада) аниқланади. “Сен кучлисан” лойиҳаси вазиятни ўрганди, онколог шифокор ва профессорлар билан суҳбатлар олиб борди. Энди “Сен кучлисан” лойиҳаси аҳоли орасида онкологияни эрта аниқлаш бўйича кўрсатмаларни кенг ёйишга бел боғлади. Бунда тадбирларда, ижтимоий саҳифаларимизда, кўрсатув ва роликларимизда, касалхона деворларида, ҚВП ларда касалликни эрта аниқлаш ҳақида кўрсатмалар берилади, қисқа бўлган маълумотлар тарқатилади.
Элёр НОРПЎЛАТОВ
Ёшлар ишлари агентлиги масъул ходими








