Китоб расм дафтари эмас!
2024-06-03 19:00:00 / Янгиликлар

Барча китобсеварларнинг қадрдон манзили – кутубхона. Китоб – дардкаш, сирдош, дўст ва энг қимматбаҳо бойлик. Афсуски, буни ҳали англаб етмаганлар орамизда топилади. Бундайлар на китоб тилини тушунади, на унинг қадр-қимматини. Улар кутубхона китобларидан асраб-авайлаб фойдаланиш ўрнига уларга зиён етказади.
Улар шунчалар бешафқатки, унинг юзига ручка билан чизиб ўқишади. Китобнинг энг қизиқ жойини йиртиб олади. Айрим газета-журналлар саҳифасидан ярми ёки қайсидир сурат қирқиб олинган ҳолатларни ҳам кўрамиз.
Китобнинг тили бўлса-ю: “Эй инсон боласи, мендан фойдалансанг, билмаганингни билдирсам, ёрдамга доимо шай турсам, нега хўрлайверасан! Ахир мен расм дафтари эмасман-ку ёки сен тасвирий санъат дарсида эмассан?!” – дея айта олса. Лекин бу сўзларни кутубхоначилар доимо эслатади. Афсуски, айримларга бу эслатмалар таъсир қилмайди, қанча огоҳлантирилмасин, барибир ўз билганидан қолмайди.
Ана шундай инсонлар учун бир гапимиз бор. Сизнинг юзингизга ҳам ёзиб, хоҳлаган расмни чизиб, энди юр, бирга кўчага чиқамиз дейишса, рози бўлармидингиз? Албатта, йўқ. Китоб ҳам одамдек, ҳар бир варағи унинг юзи ҳисобланади. Сиздан кейин мутолаа қилувчи инсонга у ҳам бу ҳолда кўринишни хоҳламайди.
