“1000Kitob” лойиҳаси юзасидан матбуот анжумани
2024-05-18 18:00:00 / Янгиликлар

1000 КИТОБ: ЖАРАЁН ВА КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР
Кейинги йилларда ёшларнинг интеллектуал ва илмий салоҳиятини янада юксалтириш, уларни замонавий илм-фан ютуқлари билан яқиндан таништиришни тизимли йўлга қўйиш мақсадида самарали саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2023-йил 28-ноябрдаги қарори билан йўлга қўйилган “Yoshlar uchun ming kitob” лойиҳаси айниқса аҳамиятли. Ушбу лойиҳадан кўзланган мақсад 1000 та сара ва зарурий китобни ўзбек тилига таржима қилиш ва оммалаштиришдир.
Лойиҳанинг мазмун-моҳияти, китобларни таржима қилиш ва нашрга тайёрлаш жараёнлари ҳамда кутилаётган натижалар юзасидан 18-май (шанба) куни Ёшлар ишлари агентлиги ёшлар пресс-клубида матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманда Лойиҳа ташаббускорлари, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари масъул ходимлари, нашриёт-матбаа соҳаси етакчи мутахассислари, етук олим ва таржимонлар, ОАВ вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этишди.
Лойиҳанинг дастлабки босқичида жаҳонга машҳур 50 номдаги илмий-оммабоп китоблар, талабалар учун дарсликлар, қўлланмаларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш мўлжалланган. Таржима учун АҚШ ва Буюк Британиядаги 20 га яқин нуфузли нашриёт (хусусан, Oxford University Press, Penguin Random House, Yale University Press, University of California Press, Cambridge University Press, Pluto Press, Regnery, Routledge, Wiley-Blackwell, Pearson, Verso Books) чоп этган китоблар танлаб олинди. Шу кунга қадар 43 та китобнинг таржима ҳуқуқи харид қилиниб, қолган китоблар бўйича музокара олиб борилмоқда.
Сифат, муддат ва шаффофлик лойиҳанинг асос қадриятлари ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, китобларни юқори сифатда, ўз муддатида нашрга тайёрлаш учун 6 та нашриёт – “Akademnashr”, “Asaxiy books”, “Zabarjad-media”, “Tirilish”, “Cosmos books”, “Ijod nashr” билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Нашриётларнинг иш сифати, услуби бир-биридан фарқ қилишини ҳисобга олиб, жараённинг ҳар бир босқичи Лойиҳа офиси назоратида бўлади. Таржима иши ҳам камида икки босқич – аслият тилига мувофиқликни текшириш ва тузатиш, сўнг матннинг услубий жиҳатдан тўғри, равон ўқилишини таъминлаш учун бадиий таҳрирлаш жараёнидан ўтади.
Жорий йилда 50 номдаги китобларнинг ҳар бири камида 1500 нусхадан чоп этилиб, Экспертлар кенгаши тавсиясига кўра Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ахборот-кутубхона муассасалари, шу жумладан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кутубхоналарига бепул етказилади. Шунингдек, ушбу китобларнинг таржима ҳуқуқи Агентлик тасарруфида қолдирилади. Нашриётлар ҳам Агентлик билан келишув асосида уларни келгусида ўз маблағлари ҳисобидан чоп этиши ва сотиши мумкин.
Бундан ташқари, китобларнинг электрон нусхалари кенг фойдаланиш учун муаллифлик ҳуқуқи эгаси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ва Фанлар Академияси тизимидаги кутубхоналарга беғараз тақдим этилади.









