Яқин 30 йилда бизни қандай касблар кутмоқда?
2024-05-17 14:00:00 / Янгиликлар

“Ёшлар овози” газетаси ўтган сонида “Ота-оналар фарзанд тарбиясида қанчалик масъулиятли?” мавзусида МҲТИ таҳлилларини эълон қилган эди. Таҳлилда ёшлар меҳнат бозоридаги вазият билан яқиндан таниш эмаслиги айтиб ўтилган. Негаки, сўровларда иштирок этган аксарият ёшлар шифокор, ўқитувчи, журналист, иқтисодчи, тадбиркор, молиячи ва ҳуқуқшунос бўлиш истагида эканини билдирган.
Таҳлилчилар бугунги кунда иқтисодчиларга талаб юқори эмаслигини таъкидламоқда. Меҳнат бозорида маркетолог, менежер ва муҳандисларга эҳтиёж катта бўлишига қарамай, сўровда иштирок этганлар орасида бу касбларни танлаганлар деярли йўқ. Бу эса ёшлар ва ота-оналарда меҳнат бозори тенденсиялари тўғрисида маълумотлар етарли эмаслигидан далолат беради.
Шу боис Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги мутахассислари маълумотлари асосида яқин 30 йилда бизни қандай касблар кутаётгани, қайси соҳаларга талаб юқори бўлишига оид прогнозларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Роботлар иш ўринларининг ярмини эгаллайди
Жобс оф Томорроw ҳисоботига кўра, роботлаштириш ва автоматлаштириш туфайли 75 миллиондан ортиқ одам ишсиз қолиши мумкин. Оксфорд университети тадқиқотчилари эса яқин 15-20 йил ичида роботлар барча касбларга оид функсионал вазифаларнинг ярмини бажаришига ишонади.
Иш билан банд бўлганларнинг 53 фоизи келгуси 10 йил ичида уларнинг иши сезиларли даражада ўзгариши ёки эскиришини фаҳмлаб турибди. Дунё аҳолисининг 77 фоизи қайта тайёрлаш ва касбларини ўзгартиришга мажбур. Шу туфайли келажакка фақатгина янги касблар билан йўл олиш мумкин. Хўш, янги касблар қайсилар?
Тиббиёт
Киберпротезлар ва имплантлар ишлаб чиқарувчиси – бионик сунʼий органларни яратиш учун дизайнерлар ва робототехниклар билан ишлайдиган тиббиёт муҳандиси.
Мия имплантатсияси бўйича мутахассис – беморнинг бошига уланган ёки ҳатто ичига ўрнатилган қурилмаларни лойиҳалаш, танлаш, созлаш ва техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланадиган шахс.
Тиббий маркетолог – соғлиқни сақлаш соҳасидаги компания ва корхоналар хизматларини бозорда илгари суриш бўйича мутахассис.
Ген муҳандиси – тирик организмлар генлари билан ишлайдиган олим.
Қишлоқ хўжалиги
Замонавий технологиялар – генетика, 3Д-принтер, сунъий интеллект ва роботлар қишлоқ хўжалигида банд бўлган миллионлаб одамларни оғир жисмоний меҳнатдан озод қилади. Мева-сабзавот етиштириш далалардан шаҳарлардаги кўп қаватли уйлар томларида барпо этиладиган мини-фермаларга ўтказилади. Шунингдек, чорва молларини оммавий сўйиш муаммосини бартараф этади. Масалан, битта ҳайвон ҳужайрасидан пробиркада етиштирилган гўшт ёки асл таъми ва фойдали хусусиятларини ўзида сақлаб қолган 3Д принтерда чоп этилган гўшт маҳсулотлари. Хўш, бу соҳада истиқболли йўналишлар қайси?
Агрокибернетика (агроинформатик) – қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий ахборот технологиялари, автоматлаштириш тизимлари, маʼлумотларни таҳлил қилиш ва сунʼий интеллектдан фойдаланиш билан шуғулланувчи мутахассис.
ГМО агрономи – экинларнинг генларини ўзгартириш билан шуғилланадиган мутахассис.
3Д-маҳсулотни чоп этиш бўйича муҳандис – ускуна, дастурий таъминот ва 3Д моделларни яратувчи мутахассис.
Қишлоқ хўжалиги экологи – чиқиндиларни бартараф этиш усулларини ишлаб чиқувчи мутахассис. Шунингдек, у тупроқни қайта тиклаш билан ҳам шуғулланади.
Рақамли асаларичи – асалариларнинг саломатлиги, чанглатиш жараёнлари, уяларни лойиҳалаш ва турли ҳудудлардаги ўсимликларга ари тўдаларни мослаштириш бўйича мутахассис.
Қурилиш соҳаси
Яқин келажакда архитекторлар биноларнинг энергия истеʼмолида шамол, қуёш ва ер ости сувларидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилишади.
БИМ (Буилдинг Информатион Моделинг) лойиҳаловчи – бу бино маълумот модели учун визуал қисмни яратувчи мутахассис: барча ҳужжатларни жамлайди, чизмаларни 3Д га айлантиради ва ҳар бир блокни батафсил маълумот билан тўлдиради.
“Ақлли уй” инфратузилмаси дизайнери – уйни интеллектуал бошқариш тизимини лойиҳалаш, ўрнатиш ва созлаш бўйича мутахассис.
Эски қурилиш конструксияларини реконструксия қилиш ва мустаҳкамлаш бўйича мутахассис – қурилиш ташкилотида ишловчи ҳамда янги материаллар ва замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда турли биноларни реставратсия қилиш ва ободонлаштириш билан шуғулланувчи шахс ҳисобланади.
Қурилишдаги 3Д босма дизайнери – 3Д қурилиш принтерлари ёрдамида биноларни яратувчи меъмор. У материалларни танлайди, мижознинг эҳтиёжлари, қурилиш обекти жойлашуви ва иқлимини ҳисобга олган ҳолда келажакдаги уйларнинг шаклларини ишлаб чиқади. Мутахассис лойиҳани дастурда моделлаштиради, сўнгра машиналар уни тўлиқ ҳажмда чоп этади.
“Яшил шаҳар”лар архитектори – экологик талабларни, барқарор ривожланиш тамойилларини ҳисобга олган ҳолда бинолар, маҳаллалар ва бутун шаҳарларни лойиҳалаш билан шуғулланувчи мутахассис.
“Ёшлар овози” газетаси таҳририяти томонидан
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланган
