“Мутолаа” лойиҳаси
2024-04-27 19:00:00 / Янгиликлар

Лойиҳа Ёшлар ишлар агентлиги томонидан АТ “Халқ банки” билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
Лойиҳанинг мақсади: Ўзбекистонда китобхонлик маданиятини янада ривожлантириш, китоб ўқиш ва унинг тарғиботини замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда янги босқичга олиб чиқиш, шунингдек, ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини жамлаб аҳоли, жумладан, ёшлар учун электрон, аудио ва видео вариантларда бепул фойдаланиш имкониятини яратишдан иборат.
Асос: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2023-йил 28-ноябрдаги ПҚ-380-сон қарори ҳамда “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” 2024-йил 21-февралдаги ПФ-37-сон Фармони.
“Мутолаа” лойиҳаси доирасида 1100 дан ортиқ китоблар (бадиий асар, ҳикоя, эртак ва илмий оммабоп асарлар)нинг аудио ва электрон вариантлари тайёрланиб, мобил иловага жойлаштирилди. Мазкур лойиҳа аҳоли, айниқса ёшлар орасида оммалашиб, бугунги кунга қадар 277 мингдан ортиқ китобхон ушбу мобил иловадан фойдаланмоқда.
Лойиҳа доирасида китобхонлик соҳасида янги йўналиш ҳисобланган кино-китоб яратиш бўйича дастлабки иш сифатида “Қўрқма” китоби учун бадиий ҳужжатли филм суратга олинди. Ушбу бадиий филмни хорижий давлатларда ҳам оммалаштириш мақсадида мазкур асар 4 та хорижий тилларга (инглиз, рус, турк ва испан) таржима қилинди.
Шунингдек, мазкур йўналиш бўйича “Кичкина Шаҳзода” ва “Даҳшат” асарларига бадиий ҳужжатли филмлар суратга олинди.
Лойиҳа доирасида 2024-йил якунига қадар 1 миллиондан ортиқ киттобхонларни кашф қилиш режалаштирилган.









