Ўзбекистон-Мўғулистон ҳукуматлари делегацияларининг учрашуви
2023-10-26 15:15:00 / Янгиликлар
Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатлар ривожланиб бораётгани, бунда айниқса, Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Ухнаагийн Хурэлсух ўртасида ўтган йили Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган учрашув муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Олий даражада эришилган келишувлар ижросини таъминлашда амалга оширилиши лозим бўлган истиқболдаги вазифалар ижроси юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Қайд этилганидек, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми мамлакатлар салоҳиятига мос келмайди. Яқин йилларда унинг ҳажмини бир неча баробар ошириш учун барча имкониятлар бор.
Ўзбекистон томони мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш дастурини имзолаш жараёнини тезлаштириш муҳимлигига эътибор қаратди.
Шунингдек, яқин орада Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг биринчи йиғилиши ва унинг доирасида Ўзбекистон-Мўғулистон бизнес-форумини Тошкент шаҳрида ўтказиш таклиф қилинди.
Учрашувда қишлоқ хўжалиги, саноат кооперацияси, савдо-сотиқ, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар, туризм, экология соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим масалалари юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди.