Энергетика вазирлигида Хитойнинг “CNPC” корпорацияси раиси билан учрашув бўлиб ўтди
2025-10-31 22:05:00 / Янгиликлар

Бугун, 31 октябрь куни Энергетика вазирлигида Хитой миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) раиси Дай Хоулян бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, “CNPC” корпорацияси раиси Дай Хоулян ҳамда нефть-газ соҳаси корхоналари раҳбарлари иштирок этди.
Томонлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар барча йўналишларда, жумладан, ёқилғи-энергетика соҳасида ҳам изчил ривожланиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилаётганини таъкидладилар.
Жорий йилнинг 2 сентябрь куни Пекин шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг “CNPC” раиси Дай Хоулян билан учрашуви натижалари икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этгани қайд этилди.
Учрашув доирасида “Марказий Осиё – Хитой” газ қувури қурилиши, Бухоро вилоятидаги газ конденсат конларини ўзлаштириш лойиҳалари, газни ер остида сақлаш иншоотини қуриш, янги конларни ўзлаштириш ва нефть-газ соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш бўйича истиқболли йўналишлар муҳокама қилинди.



