“Яшил иқтисодиёт” ва рақамли трансформация: Европа билан янги стратегия
2025-10-23 13:50:00 / Янгиликлар

Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим нафақат иқтисодий муносабатларни янгилади, балки Ўзбекистоннинг “яшил иқтисодиёт”, рақамли трансформация ва инсон капитали соҳаларидаги ривожланишини Европа билан чамбарчас боғлади.
Ҳужжат Париж битими доирасидаги мажбуриятларни амалга ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва Оролбўйи экотизимини тиклаш бўйича қўшма лойиҳаларни назарда тутади. Европа Иттифоқи фондлари орқали молиялаштириш имкониятлари кенгайиши мамлакатнинг экологик барқарорлиги ва энергетик хавфсизлигини таъминлайди.
Рақамли йўналишда Битим инновацион иқтисодиёт, сунъий интеллект ва стартап экотизимларини ривожлантиришни қамраб олади. Ўзбекистон “Horizon Europe” ва “Erasmus+” дастурларига тўлиқ қўшилиш орқали таълим, илм-фан ва технология соҳаларида Европа тажрибасини интеграция қилмоқда.
Меҳнат мобиллиги ва виза талабларини енгиллаштириш масалалари инсон капитали ривожига хизмат қилади. Талабалар, тадбиркорлар ва мутахассислар учун Европа билан эркин алоқа имкониятлари билимлар оқимини фаоллаштиради.
Битим — бу нафақат савдо ёки сиёсий ҳужжат, балки Ўзбекистоннинг келажак иқтисодиёти учун «яшил», рақамли ва инновасион йўналишдаги стратегик йўл харитасидир. У мамлакатнинг халқаро майдондаги ролини кучайтиради ва Европа билан шерикликни янги босқичга олиб чиқади.
