Брюсселда “Қамбарота ГЭС-1” лойиҳасини молиялаштириш бўйича англашув меморандумлари имзоланди
2025-10-11 20:10:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 9-10 октябрь кунлари Белгиянинг Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган “Global Gateway” форуми доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Энергетика вазирликлари ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва Европа инвестиция банки (ЕИБ) ўртасида “Қамбарота ГЭС-1” лойиҳасини молиялаштириш бўйича англашув меморандумлари имзоланди.
Унда Халқаро ҳамкорлик бўйича Европа комиссари Ёзеф Сикела, ЕТТБ президенти Одил Рено-Бассо, ЕИБ ва “Cassa Depositi e Prestiti” (Италия) банклари раҳбарияти иштирок этди.
Маълумот учун: Лойиҳа доирасида 5,4 млрд куб метрга тенг сув омбори ва 1860 МВт қувватли гидроелектр станцияси ишга туширилади. Натижада йилига ўртача 5,6 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Бу нафақат барқарор энергия манбаи, балки минтақавий ҳамжиҳатлик ва иқтисодий ўсиш омили бўлиб хизмат қилади.
Форум доирасида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан ташкил этилган “Марказий Осиёда шериклик мулоқоти” бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Энергетика вазирликлари иштирок этди.
Шу билан бирга, Европа Иттифоқи томонидан халқаро молия институтлари ва қўшни давлатлар Энергетика вазирликлари иштирокида “Марказий Осиёда гидроэнергетика салоҳиятини ошириш” сессияси ташкил этилди.
Унда минтақадаги йирик гидроэнергетика лойиҳалари – “Роғун” ва “Қамбарота” ГЭСларининг аҳамияти, уларни амалга оширишда молия институтларининг ўрни, Марказий Осиё давлатларининг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаши ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиши, маҳаллий аҳоли учун даромад яратиши ва барқарор қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаши алоҳида таъкидланди.




