Қорақалпоғистонда «Сургил» сиқув компрессор станцияси қурилиши бўйича асосий ишлар якунланди
2025-07-24 16:30:00 / Янгиликлар

Сиқув компрессор станцияси «Сургил» конидан қазиб олинадиган табиий газ босимини ошириш ва кейинчалик қайта ишлаш мақсадида Устюрт газ-кимё мажмуасига юбориш учун мўлжалланган.
Ушбу мажмуада хомашё гази таркибидан ажратиб олинадиган қимматбаҳо компонентлардан полимерлар ишлаб чиқарилади.
Лойиҳанинг йиллик қуввати 1,8 млрд метр куб ёки суткасига 4,8 млн метр куб газни ташкил этади. Лойиҳанинг бош пудратчиси “Enter Engineering” компанияси бўлиб, у самарадорлик ва замонавий технологик ечимларни жорий этиб келмоқда.
Лойиҳага кўра, сиқув компрессор станцияси иккита параллель ишлайдиган газ ҳайдаш агрегатидан иборат. Айни вақтда янги қувватларни барпо этиш бўйича умумий қурилиш ва монтаж ишлари якунланган.
Газ ҳайдаш агрегатларини ишга тушириш ва созлаш ишлари бошланди. Компрессор станциясининг ишга туширилиши «Сургил» конида газ қазиб олиш ҳажмини сезиларли даражада ошириш ҳамда Устюрт ГКМга табиий газни барқарор етказиб бериш орқали юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун қўшимча ресурс базасини шакллантириш имконини беради.
Бундан ташқари, янги қувватлар Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси конларидан паст босимли газни сиқишга йўналтириш ҳисобига газ қазиб олишни кўпайтириш учун имкон яратади.


