2024 йилда энергетика соҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида маъумот
2025-02-03 14:30:00 / Очиқ маълумотлар
Ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш
Соҳада, аввало, ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳани ривожлантиришнинг янги босқичларига ўтиш мақсадида 2024 йилда энергетика соҳасида Ўзбекистон Республикасининг 2 та Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та Фармони, 27 та қарори, Вазирлар Муҳкамасининг 18 та қарори ва 16 та фармойиши қабул қилинди.
2024 йилда ишга тушган қувватлар
2024 йилда умумий қуввати 2 787,9 мегаваттга тенг бўлган электр станциялар ишга туширилди. Шундан: қуёш фотоэлектр станциялари қуввати 1000 мегаваттни, шамол электр станциялари қуввати 800 мегаватт, иссиқлик электр станциялари қуввати 965,2 мегаваттни ҳамда гидроэлектр станциялар қуввати 22,7 мегаваттни ташкил қилади. Хусусан:
“Яшил” электр станциялар: 2024 йил май – август ойлари давомида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида умуми қуввати 200 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилди.
2024 йил декабрь ойида Навоий вилоятининг Томди туманида 400 мегаватт қувватли шамол (100 мегаватт қисми 2023 йил декабрда ишга туширилган), Бухоро вилоятининг Пешку ва Ғиждувон туманларида ҳар биринг қуввати 200 мегаваттдан бўлган 2 та шамол (жами 400 мегаватт. Келажакда жами 1000 мегаватт ишга туширилади) электр станциялари, Наманган вилоятининг Поп туманида 200 мегаватт қувватли қуёш (келажакда жами 500 мегаватт ишга туширилади), Тошкент вилоятининг Бўка туманида 50 мегаватт қувватли қуёш (келажакда жами 263 мегаватт ишга туширилади) электр станциялари ишга туширилди.
Энергия сақлаш тизимлари: 2024 йил декабрь ойида Фарғона вилоятининг Ўзбекистон ва Андижон вилоятининг Асака туманларида ҳар бирининг қуввати 150 мегаваттдан бўлган 2 та (жами 300 мегаватт) энергия сақлаш тизимлари ишга туширилди. Бу икки лойиҳа Ўзбекистон энергетикаси тармоғида янги лойиҳалар бўлиб, соҳада унинг аҳамияти ниҳоятда катта ҳисобланади.
Масалан, ушбу электр энергиясини сақлаш тизимларидан истеъмолнинг юқори вақтларида тармоқни барқарорлаштириш ва қўшимча захира қувватларини яратиш учун фойдаланилади.
Иссиқлик электр станциялар: Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри ва Боёвут туманлари ҳудудида қуввати 1500 мегавватт бўлган янги иссиқлик электр станциясининг қолган 500 мегаватт қисми (дастлабки 1000 мегаватт қисми 2023 йилда ишга туширилган) ишга туширилди.
Шунингдек, 2024 йил давомида Тошкент иссиқлик электр марказида умумий қуввати 64 мегавватт бўлган 2 та газ турбина қурилмаси, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 1,2 мегаватт қувватли когенерация қурилмаси ҳамда Туркиянинг “Aksa Enerji” компанияси томонидан Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида қуввати 400 мегавватт бўлган газ-поршен қурилмаси ишга туширилди.
2024 йилда “яшил” электр станциялар орқали 4,9 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди
2025 йил 1 январь куни ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2024 йил бошидан бери ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 4 млрд 860,5 млн кВт⋅соатни ташкил қилди.
Айтиш жоизки, 2024 йилда қуёш электр станциялари томонидан 4 млрд 61,3 млн кВт⋅соат, шамол электр станцияси томонидан эса 799,2 млн кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.
Бунинг натижасида:
➖ 1 млрд 470 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилди;
➖ атмосферага 2 млн 40 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинди.
Маълумот учун: мазкур ҳажмдаги электр энергияси 2 миллион 25 минг 208 та хонадоннинг бир йиллик ижтимоий нормасини ташкил қилади.
Қуёш панеллари ўрнатганларга 2024 йилда 12 млрд сўмдан зиёд субсидия берилди
“Қуёшли хонадон” дастури орқали октябрь ойида хонадонига қуёш панели ўрнатган жами 10 минг 826 нафар фуқарога давлатга сотган 12 млн 182 минг 090 кВт⋅соат электр энергияси учун 12 млрд 182 млн сўм тўлаб берилди.
Ҳар бир кВт⋅соат электр энергияси 1000 сўмдан сотиб олинадиган ушбу ҳажм жами 12 млрд 182 млн сўмни ташкил қилган ва тегишли сумма Давлат солиқ қўмитасининг “Солиқ” мобиль иловаси орқали юқоридаги фуқароларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур субсидия маблағлари солиқ органлари томонидан ҳар ойда “Солиқ” мобил иловаси орқали ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар (декабрь ойи учун белгиланган субсидия маблағлари 25 январгача) фуқароларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилади.
2024 йилда ишлаб чиқариш ва етказиб бериш
2024 йилда республикамизда 81,5 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.
2024 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилдагига нисбатан 22,5 млрд кВт⋅соат ёки 38 фоиз кўпни ташкил этди.
Шундан Республика истеъмолчиларига 67,5 млрд кВт⋅соат электр энергияси етказиб берилди. 2024 йили истеъмолчиларга 2016 йилдагига нисбатан 21,8 млрд кВт⋅соат ёки 48 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилди.
2024 йилда электр ва газ тармоқларини янгилаш
Республика истеъмолчилари электр таъминотини яхшилаш мақсадида 2024 йилда ҳудудларда жами 29 минг 495 километр тақсимловчи тармоқлар ва 10 минг 221 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди.
Бундан ташқари, 2 896 км электр узатиш тармоқлари ва 649 та трансформатор пункти янгидан қурилди.
Шунингдек, 168,2 километр узунликлаги юқори ва ўрта босимли газ тармоқлари ва 455 та газ тақсимлаш пунктлари янгиланди, модернизация ва реконструкция қилинди.
