Навоий ИЭСда қуввати 650 МВт бўлган янги буғ-газ қурилмаси бунёд этилмоқда
2025-01-07 11:25:00 / Янгиликлар

Навоий ИЭСда бунёд этилаётган навбатдаги 3-сонли буғ-газ қурилмасининг ўрнатилган қуввати 650 МВтни ташкил этади. Лойиҳа ҳамкорлари Япониянинг “Mitsubishi Corporation” & “Mitsubishi Power Ltd”. компаниялар консорциуми бўлиб, қурилишда Туркиянинг “Çalik Enerji” компанияси ҳамда “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ мутахассислари иш олиб бормоқда. Лойиҳа 2026 йилнинг охирига қадар ишга туширилиши режалаштирилган.
Инвестиция лойиҳасининг молиялаштириш манбаи JICA – Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги маблағлари бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати ТИАга асосан 786,7 млн АҚШ долларини ташкил этади.
Буғ-газ қурилмаси ишга тушгач, йилига қўшимча 4,8 млрд кВт⋅соат электр энергияси ҳамда 932 Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Бунда замонавий, юқори тежамкор технологиялар ҳисобига йилига 870 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилади. Унинг фойдали иш коэффициенти 63 фоизни ташкил этиб, атмосферага чиқарилаётган чиқинди газларининг ҳажми 1740 тоннага камаяди.
Ҳозирда қурилиш майдончасида ишлар қизғин олиб борилмоқда. Бу ерда маҳаллий ва хорижий компаниялардан 470 нафар малакали муҳандис- техниклар (маҳаллий мутахассислар 420 та) ҳамда 90 та махсус техникалар ишламоқда. Аҳамиятлиси, лойиҳа ишга туширилиши натижасида 347 та янги иш ўрини яратилади.
Айни пайтда қурилманинг пойдевор ишлари амалга оширилмоқда. Маълумот учун, буғ-газ қурилмасида ривожланган давлатларнинг энг замонавий газ ва буғ турбиналари ва қозон қурилмалари ўрнатилади.


