“Avto24” иловаси: фойдаланувчилар сони қисқа вақтда 50 мингтага яқинлашди
2024-12-02 14:00:00 / Янгиликлар

Хабарингиз бор, жорий йил 20 ноябрь куни Энергетика вазирлиги, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “UNITED IT COMPANY” (“UIC Group”) МЧЖ томонидан аҳолига ёнилғи қуйиш, газ тўлдириш ҳамда электр қувватлаш шохобчалари ҳақида онлайн маълумот берувчи “Avto24” иловаси тест синовида ишга туширилган эди.
Ўтган вақт мобайнида иловага аҳоли ва бизнес субъектларидан келиб тушган таклифлар асосида бир қатор ўзгартишлар киритилди.
Айни кунга қадар “Avto24” иловаси Android платформаси учун 30 минг 843 марта, iOS платформаси учун эсa 5 минг 757 марта юклаб олинди. Шунингдек, унга 1 минг 606 та электр зарядлаш станцияси, 1 минг 481 та метан заправка, 4 та пропан заправкаси ҳамда 8 минг 884 та автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари уланган бўлиб, жами фойдаланувчилар сони 48 минг 575 тани ташкил қилмоқда.
Истеъмолчилар илова ёрдамида ўз атрофидаги бензин, метан ёки пропан заправкаларининг ишлаётганини, у ердаги шароитлар (ҳожатхонанинг мавжудлиги, тўлов муассасалари ҳамда қаҳвахоналарнинг кўзда тутилганлиги)ни реал вақт режимида кузатишлари, электр зарядлаш қурилмасининг банд ёки банд эмаслигини аниқлашлари мумкин.
Қолаверса, илова ёрдамида маҳсулот нархини ёки қайсидир ёнилғи турининг бор-йўқлигини ҳам бемалол билса бўлади.
Аҳолига ёнилғи қуйиш, газ тўлдириш ҳамда электр қувватлаш шохобчалари ҳақида онлайн маълумот берувчи “Avto24” иловаси ҳозирги пайтда тест синови тариқасида ишлашда давом этмоқда. Айни кунларда уни тегишли навигатор хизматлари билан интеграция қилиш ва фаолият кўрсатаётган шохобчада навбатнинг узунлиги ҳамда кутиш вақти ҳақида аниқ маълумот беришни йўлга қўйиш устида ишланмоқда.
Истеъмолчилар мазкур иловани Android ва iOS операцион тизими қурилмалари орқали бепул юклаб олишлари мумкин.
Мобиль илова дастуридаги маълумотлар автоматлаштирилган ҳолда янгилаб борилади.
Агар Сизда иловани янада такомиллаштириш ва қулайлигини ошириш бўйича таклифлар бўлса, илованинг шарҳ қолдириш бўлими ёки Энергетика вазирлигининг press@minenergy.uz электрон почтаси орқали билдиришингиз мумкин.




