Брифинг: Энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш усуллари бўйича ходимлар учун брифинг ўтказилди
2024-11-28 15:25:00 / Янгиликлар
Бугун, 28 ноябрь куни Энергетика вазирлигида энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш усуллари бўйича ходимлар учун навбатдаги брифинг ўтказилди.
Унда Энергетика вазирлиги ва Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмалари Республика кенгаши вакиллари иштирок этди.
Брифингда таъкидланганидек, юртимизда аҳоли сонининг кўпайиши, иқтисодиёт тармоқларининг жадал суръатларда ривожланиши ва уларнинг энергияга бўлган талаби йил сайин ортиб бораётгани боис ушбу ресурсларга бўлган муносабатни ўзгартириш, улардан самарали ва оқилона фойдаланиш долзарб масала эканлиги алоҳида қайд этилди.
Хусусан, энергия ресурсларидан фойдаланишда исрофгарчиликни камайтириш, иқтисодиёт тармоқлари объектларида энергия самарадорлигини ошириш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ишларини тизимли йўлга қўйиш бўйича қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистоннинг энергетика сиёсати мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини таъминлашга, миллий энергетика тармоғи салоҳиятидан ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал этишда фойдаланишга қаратилган.
Тадбирда электр энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажмлари қанчалик кўпаймасин, агар ҳар бир инсон иқтисодиётда, ижтимоий соҳа объектларида ва уй хўжаликларида энергия самарадорлигини ошириш бўйича доимий равишда ҳисса қўшмаса, энергия ресурсларининг катта қисми исроф бўлишда давом этавериши таъкидланди.
Бугунги кунда энергетика сектори ҳар қандай мамлакат тараққиётининг пойдевори ҳисобланади. Айнан мана шу нарса иқтисодиётни ривожлантириш, одамларнинг фаровон яшаши, таълим, тиббий ёрдам, ижтимоий таъминот, коммунал хизматлар каби муҳим ижтимоий соҳаларнинг нормал фаолият юритиши учун шарт-шароит яратиш имконини беради.
Бу эса, табиийки, ҳар биримиздан тежамкорликни ҳамда энергия самарадор техникалардан кенг фойдаланишимизни талаб этади. Энергия ресурсларини асраб-авайлаш ва ундан тежаб фойдаланиш маданияти келажак авлод олдидаги масъулият ҳамдир.
Брифингда иштирокчиларнинг саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди.