Ўзбекистонда «яшил» энергияга ўтиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар Британия ОАВ диққат марказида
2024-11-19 19:35:00 / Янгиликлар

Британиянинг “London Post” янгиликлар порталида “Ўзбекистонда «яшил» энергияга ўтиш истиқболлари” сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Унда сўнгги йилларда Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари ва "яшил" энергетикани ривожлантиришга қизиқиш барқарор ортиб бораётгани, бу ҳукуматнинг барқарор ривожланиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги стратегик устувор йўналишлари билан боғлиқ эканлиги қайд этилган.
"Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳукумат қарорларига мувофиқ амалга оширилмоқда. Жумладан, 2022 йил 21 февралда "2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарор қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан 2030 йилгача қайта тикланувчи манбалардан олинадиган энергия улушини мамлакат энергетика балансида сезиларли даражада ошириш ва энергия самарадорлиги кўрсаткичларини икки баравар ошириш ҳисобига БРМга эришиш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди", – деб ёзган муаллиф.
Порталда, шунингдек, Ўзбекистон "яшил" энергия, қайта тикланадиган энергия манбалари ва энергия тежовчи технологияларни ривожлантириш бўйича улкан режаларга эга эканлиги, уларнинг умумий энергия балансидаги улушини сезиларли даражада оширишга интилаётгани алоҳида таъкидланган.
Қайд этилишича, қуёш ва шамол станцияларини юқори самарали панеллар ва энергия сақлаш тизимлари каби замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда барпо этиш энергия таъминотини барқарорлаштириш ва энг юқори чўққиларда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш имконини беради.
Мақола хулосасида, "Мамлакат барқарор энергетика келажагига интилмоқда, бу нафақат унинг ички эҳтиёжларини қондиради, балки унга Марказий Осиё энергетика бозорида муҳим иштирокчига айланиш имконини ҳам беради", – деб ёзилган.
