ЙТТБ ва ЙИ Ўзбекистондаги «Voltalia» қуёш электр станцияси лойиҳасига 54,5 млн доллардан ортиқ маблағ ажратди
2024-11-08 16:00:00 / Янгиликлар

ЙТТБ ва ЙИнинг Европа барқарор тараққиёт жамғармаси Франциянинг “Voltalia” компанияси томонидан Хоразм вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциясини қуриш учун асос солинган “Sarimay Solar” компаниясига 54,6 млн долларгача маблағ ажратди.
ЙТТБнинг 54,6 миллион долларгача бўлган молиялаштириш пакети 44,8 миллион долларгача кредит, шунингдек, қурилиш босқичида “Sarimay Solar” компаниясини қўллаб-қувватлайдиган 9 миллион евролик махсус молиялаштириш дастуридан иборат бўлади.
Лойиҳа ЙИнинг Европа барқарор тараққиёт жамғармаси томонидан ажратилган 7 миллион долларлик кредитнинг биринчи траншини қоплаш кафолатини олади. ЙИ маблағлари ЙТТБ фаолият юритаётган ЙИдан ташқаридаги мамлакатларда иқлим ўзгаришини юмшатиш технологияларини жорий қилишни тезлаштиришга мўлжалланган.
Молиялаштириш “Sarimay Solar” компаниясига 100 МВт қувватга эга янги қуёш фотоэлектр станциясини қуриш ва фойдаланишга топширишга ёрдам беради, бу Ўзбекистоннинг 2030 йилгача 25 ГВтгача қуёш ва шамол энергиясини ишлаб чиқариш мақсадига ҳисса қўшади.
Бу «Voltalia» компаниясининг Ўзбекистонда танлов асосида ғолиб бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича биринчи лойиҳаси ҳисобланади. Станция ишга туширилгач, йилига 220 млн кВт⋅соатгача электр энергияси ишлаб чиқариши ва углерод газининг йиллик чиқиндиларини 92,4 минг тоннадан ортиқ камайтириши кутилмоқда.
